15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

Поклик иймондандир

01.12.17

Поклик иймондандир

Ҳақиқатдан ҳам ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий маънавий, ҳам жисмоний покликка даъват этади.

Қуръони Карим оятларида Пайғамбар с.а.в. суннатларида ҳам покликка тарғиб қилинади.

Пайғамбар с.а.в. ўз ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар:

“Пок бўлинглар, зеро ислом покликдир” – дейдилар. Бошқа бир ҳадисда эса

“Поклик кишини иймонга чақиради. Иймон эса, ўз соҳиби билан жаннатда биргадир” деб марҳамат қилганлар.

Муқаддас динимиз ўзининг ҳар бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади. Масалан: намоз ўқиш учун албатта таҳорат қилмоқ, яъни жисмни поклаш керак, кийим-бош, намоз ўқиладиган жой ҳам пок бўлиши керакдир. Айни вақтда намоз ўқувчи киши маънавий жиҳатдан ҳам пок бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“(Эй Муҳаммад) Сизга Китоб (Қуръон)дан ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни мукаммал адо этинг. Албатта, намоз фаҳш ва ёмонликдан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир! Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур” – деган. (Анкабут, 45)

Ислом динининг озодаликка аҳамият бериши қуйидаги ишлардан ҳам яққол кўзга ташланади. Таҳорат қилишнинг инсон саломатлиги учун жуда ҳам кўп фойдалари бор. Жумладан кўзни қайта-қайта ювиб туришнинг трахома касаллигидан сақлар экан. Оғиз-бурунни чайиб туриш эса, гриппдан, шунга ўхшаш юқумли касалликлардан сақлайди. Маълум бўлишича кўпгина микроблар инсон аъзосига тери орқали киради. Тез-тез ювилиб турган баданда микроб қолмаслиги ўз-ўзидан аён.

Динимиз таълимотида эркак ва аёл жинсий алоқа, эҳтиломдан сўнг ғусл қилишликни вожиб қилган.

Амалий ва тиббий тажрибалардан маълум бўлишича, инсон жинсий алоқадан сўнг кўп қувват йўқотар экан. Тетик тортиб, ўзига келиши учун зарур нарса эса, бутун баданни тоза сув билан яхшилаб ювмоқликдан иборат экан.

Абу Ҳурайра ра.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай марҳамат қиладилар:

“Агар умматимга машаққат бўлмаганда эди, ҳар намоздан олдин мисвок қилишга (яъни тишини тозалашга) буюрган бўлар эдим” – деган эдилар.

Юқоридаги ҳадисдаги мисвок, яъни тиш тозалагич ўша даврдаги арок деган бутадан тиш тозалаш учун ясаладиган асбобнинг номидир. Олимлар бу нарсани текшириб кўришганда, тиб нуқтаи назаридан бу ўсимлик ўзидан кўпгина шифобахш кимёвий моддаларни жамлаганлигига ишонч ҳосил қилдилар. Демак, мисвок турли фойдали ва ҳушбу моддалардан иборат бўлган табиий тиш чўткаси десак адашмаган бўламиз. Расулуллоҳ с.а.в. ва у кишининг саҳобалари табиий тиш чўткасини бир неча асрлар олдин ишлатган бўлишса, ҳозирги замон кишилари 1800 йилдан бошлаб тиш чўткаларини ишлата бошладилар.

Пайғамбаримиз с.а.в. “Ўн нарса фитратдандир, деганлар, яъни инсон бажариб туриши лозим нарсалардандир. Яъни;

1. Мўйлабни қисқартириб юриш;

2. Соқол қўйишлик;

3. Мисвок тутиш;

4. Бурунни чайиб туришлик;

5. Ғарғара қилиш;

6. Тирноқни олиб юриш;

7. Панжа ораларини ювиб юриш;

8. Қўлтиқ ости тукларини олиб юриш;

9. Ҳаром тукларни олиш;

10. Нажосат чиқадиган аъзоларни ювиб юриш” – деганлар.

Булардан ташқари, инсон тановул қиладиган озиқ-овқатлар ҳам пок ёки поклигига эътиборлик бўлиши лозим. Қуръони Каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилинган:

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва унга шукур қилингизлар! У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажовузкор бўлмасдан, зарурат (танглик юзасидан) истеъмол қилса, унинг гуноҳи йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” – дейди.

Инсоннинг маънавий олами пок бўлиши, унинг ташқи оламини поклашга бевосита боғлиқдир. Демак, инсон ҳалқумидан ўтган ҳар бир нарсага жиддий равишда қарамоғи лозим. Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек, инсоннинг танасида бир парча гўшти бор. Агар ўша гўшт пок бўлса, тананинг қолган қисмлари ҳам покдир. Агар нопок бўлса, қолган қисмлари ҳам нопокдир. У қалбдир. Парвардигоримиз барчамизни қалбан, жасадан пок бандалардан қилсин.


Акмал НИЗОМОВ,

Шаҳрисабз шаҳар “Ҳазрати Имом”

жоме масжиди имом-ноиби.