15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

​Никоҳ поклик рамзи

09.02.18

Никоҳ поклик рамзи

Яқинда бир даврада урф-одатларимиз ҳақида гаплашиб қолдик. Суҳбат асносида, Мовароуннаҳрга Ислом дини келмасидан олдин мавжуд бўлиб, бугунгача сақланиб келаётган хунук иш - тўйдан олдин йигитнинг қиз болани олиб қочиши ҳақида эшитиб қаттиқ хафа бўлдим.

Аввалига қизлар киши тополмас жойга олиб кетилгач, сўнг ўрталарида никоҳ ақди боғланар эмиш. Ўртада қизнинг, отаси ва ака-укаларининг номуси ер билан яксон бўлгани қолади. Бу ишлар икки томон ўртасига уриш жанжал нифоқ, адоват солади. Бу иккала ёш қилаётган ишлари шариатга зид эканлигини билмайдиларми ёки бўлмағур урф одатимиз деб қиляптиларми? Энди ўйлаб кўринг шунча ишдан сўнг келин ва куёв ўрталарида боғланган никоҳ қандай бўладию шаръан боғланган никоҳ қандай бўлади. Аввало, никоҳнинг мақсади ва никоҳ ақдининг қандай боғланишини билиб олсак яхши бўларди.

Никоҳ масаласи ҳар бир шахс, оила, жамият, давлат ва бутун инсоният учун муҳим аҳамиятга эга эканини ҳамма яхши билади. Чунки бу амалий ҳаётда ўта муҳим масала бўлиб, ҳалол ва ҳаром, оила ташкил қилиш, келажак авлод бўлмиш фарзандларнинг дунёга келиши, тарбиясига боғлиқ нарсаларнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шунингдек, эр-хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга қандоқ амал қилиш, оилани қандай ташкил қилиш ва бошқариш, қолаверса, саодатли ҳаёт кечиришни бир маромга солиб туради. Оилалар ҳамжиҳат, бахтли бўлсагина, жамият ҳам фаровон бўлиши ўз-ўзидан аён.

Никоҳ оиланинг асосини ташкил қилгани учун ҳам уни тузиш ҳамма вақт ва ҳар қандай даврда, аввало, дин томонидан, ундан кейин давлат ва жамият томонидан алоҳида эътиборга молик бўлган ҳамда унинг назоратида бўлиб, муҳофаза қилинган.

Никоҳ бир томон – эркакнинг оғзаки таклифи, иккинчи томон – аёлнинг бу таклифни қабул қилиши билан амалга ошади. Бу лафзлар никоҳнинг рукни“ийжоб” ва “қабул” дейилади. Шунинг дек никоҳда қуйдаги шартлар ҳам бўлиши зарур:

1. Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши.

2. Ийжоб ва қабул лафзлари абадийликни ифода қилиши.

3. Гувоҳлик.

4. Икки томон розилиги.

5. Валий.

Демак никоҳнинг рукни ва шартлари тўлиқ бўлса никоҳ шаран боғланарэкан.

Аллоҳ таоло яна: “Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз”, – деб марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлиги баён қилинмоқда.

Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана шундай олиймақом зотларнинг ҳаммаларининг оилали ва зурриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу барча инсонлар оилали бўлишлари, зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканлигини кўрсатади. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлигини кўриб турибмиз.

Никоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлари имкони бўлиб туриб никоҳда бўлмаслик мусулмон шахс учун мутлақо тўғри келмайдиган нарса эканлигини баён этади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбўйлик сепмоқлик, мисвак ва никоҳ”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Исломда кишилар никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал кўрилиши очиқ-ойдин. Аллоҳнинг амри – шу. Бу дунёда инсонлар оила қуриб, никоҳда бўлиб яшасинлар.

Ислом никоҳни инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас алоқага айлантирган. Чунки бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ила васалламнинг суннатлари, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.

Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом, иффат ва поклик, муҳаббат ва севги, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ноўрин ишлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун никоҳга амр этган.

Энди ўйлаб кўринг қиз болани йигит олиб қочиши тўғрими? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни шундай никоҳланишга буюрганмилар? Йўқ албатта. Инсонлар шариат кўрсатмаларига амал қилмаганликлари туфайли жамиятда оилаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

Энди тўйларда юз бериб, инсон ақлини шошириб қўядиган исроф ва дабдабалар ҳақида тўхталсак. Бир дўстимиз тўйларда бўлаётган воқеалар ҳақида афсусланиб сўз бошлади. Келин ва куёвни ҳамманинг олдида рақс(вальс)га тушиш, келин-куёв олов атрофида айланиши, келинни куёв уйидан олиб кетаётганда дарвозага киришдаги йўлнинг икки томонига олов ёқиш, никоҳ хутбасини тўйдан сўнг ўқиш каби нохуш ҳолатларини баъзида кўриб қоламиз. Хўш, буларнинг барчаси, хусусан, куёв навкарлари билан никоҳга борамиз деб, санаб бўлмайдиган даражада хар ҳил қимматбаҳо машиналарни ижарага олишлари шариатга мосми?

Биз исрофгарчилика йўл қўймаяпмизми? Ваҳоланки исроф қилувчиларни Аллоҳ яхши кўрмаслигини барчамиз яахши биламиз. Юқорида айтиб ўтган ҳолатлардаги олов ёқиш каби ишлар инсоннинг ақидасига тўғри келадими? Йўқ албатта.

Тўйларда учрайдиган муаммолар фақатгина шулардан иборат эмас. Инсонга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказадиган, тўйни энг камида дилхираликка айлантирувчи иллатлардан бири – бу дастурхонга ичкиликлар қўйиш муаммоси. Аллоҳ насиб этган улуғ неъмат бўлмиш янги ҳаёт учун бериладиган эҳсонни гуноҳ ва ғайриинсоний ишлар билан булғаш шартмикин?

Келинни маст-аласт кўзлар, бадназарлар, ёвқарашларга нишон қилиб, очиқ-сочиқ либосларда ўртага олиб чиқиб ўйнатиш асл ўзбек деган, мусулмон деган номга иснод эмасми? Буни йигитларимизнинг ғурури қандай кўтараётганига ақлимиз лол қолади.

Агарда бу каби нотўғри ишлар давом этаверса, келажагимиз бўлган ёш овлодларимизга сингиб кетиб, уларнинг ҳам этиқодларини бузилишига сабабчи бўлиб қолмайлик.

Қуруқ гап билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Ёшларни бу иллатлардан халос қилиш, оила ва никоҳдан кўзланган асл илоҳий мақсад нима эканини тушинтириш, ҳаётга тўғри йўллаш зарур.

Бунинг учун, тўйлардан олдин уларни вальс тўгаракларига эмас, балки, имомлар, маҳалла маслаҳатчилари ҳузурига олиб бориб, ҳаёт сабоқларини ўргатишимиз даркор. Келин-куёвга қилинадиган беҳисоб сарполар ичига “Бахтиёр оила” китобини ҳам қўшиб қўйиш, ёшлар тушинмаган жойларини маҳалла имомларидан сўраб, ҳам ўқиб, ҳам уқиб олишларини йўлга қўйишимиз лозим.

Жамиятда қуриладиган барча оилаларни мустаҳкам қурилишига ўз ҳиссамизни қўшиб, юқоридаги оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда никоҳ ақдини боғлайлик ва нотўғри ишлар ( қиз болани олиб қочиш )дан сақланайлик. Шунинг дек тўйларимизни ҳам кўп исрофгарчилика йўл қўймасдан ва бўлмағур одатлардан бўлган олов ёқиб унинг атрофини айланиш Ислом динидан олдинги зардўштийлик динига мансуб бўлган ишлардан узоқ бўлган ҳолда ўтказсак ажри кўп бўлади. Агарда бунинг акси бўлса ажрсиз қолиб кетиш ҳеч гапмас.


Хайрулла МАРДОНОВ.

Хожа Бухорий номли ўрта

махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.