15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

Ўлчовдан уриш – оғир гуноҳ

27.04.18

Ўлчовдан уриш – оғир гуноҳ

Ўтмишда аждодларимиз бировнинг ҳақидан қаттиқ хазар қилишган, ўзганинг ҳақини олиш у ёқда турсин, ўзлари билмаган ҳолда тасодифан келиб қолса ҳам ундан зудлик билан қутилишган. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам (р.а)нинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳақидан астойдил қочганлари тарихда маълум ва машҳурдир. Бу зот савдогарлик билан шуғулланиб юрганларида молнинг айбини айтишни унутиб сотиб юборгани учун савдогарчиликдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан шерикликни узганлар ва ўша молдан келган даромадни ҳаммасини садақа қилиб юборганлар. Буни қарангки, улуғларимиз ҳатто шубҳа аралашган молдан ҳам ўзларини шу қадар эҳтиёт қилганлар.

Бировларнинг ҳақига хиёнат қилиш, айниқса тарозидан уриб қолиш динимизда жуда жиддий қораланади, Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай оятлар келтирилган:

وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ {1} الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ {2}

وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ {3} أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُم

مَّبْعُوثُونَ {4} لِيَوْمٍ عَظِيمٍ {5} يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ {6}

«Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? Улуғ бир кунда. У кунда одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар» (Мутоффифин, 1-6).

Мазкур оятларнинг тафсири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол” китобларида шундай келтирилади: «Вайл» сўзининг икки хил маьноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси–«Вайл» дўзахнинг номларидан бири, яьни ўлчовдан уриб қолувчиларга «Вайл дўзахи» бўлсин, дегани.

Бизнингча, икки маьно бир-бирини тўлдириб келади: Вайлга тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам Вайлга тушади.

Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлаб оз бўлса ҳам, бировнинг ҳақини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларни ҳам дўзахга тушиб ҳоли вой бўлишини эьлон қилган. Қурьони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуьайб алайҳиссалом қиссасида у Зот қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш эканлиги такрор-такрор таькидланган. Аллоҳ таоло мазкур айби учун ўша қавмни ҳалок қилгани ҳам ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда такрорланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маьноларини таькидлаганлар. Жумладан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом ал-Ҳоким ва Табаронийлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Магар набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар»,-деганлар. Бу–ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар, дейилганидир.

Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эьлон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандоқ шаклда олиб боришлари васф қилинади.

2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.

3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.

Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар ҳалол-поклик билан савдогарликларини қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлур эдилар. Кўп фойда топур эдилар. Аммо улар очкўз-еб тўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб ҳам тўймасдан ўлчовдан уриб қолиб-ялаб тўймоқчи бўладилар.

Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса бир оз ортиқ ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса, камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларнинг жазосини тортмай қутилиб кетадилар. Аммо...

4. Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?

Қайта тирилтирилганларида ҳам,

5. Улуғ бир кунда.

Қайта тирилтирилурлар.

6. У кунда одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар.

Ҳа, барча халойиқ албатта қайта тирилтириладиган кун–Улуғ Кундир. У кунда одамлар Роббил оламин ҳузурида тик туриб бу дунёда қилган заррача амали ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берурлар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар. «Нима учун, фалон куни, пистончининг ҳаққидан бунча нарсани ўлчов пайтида уриб қолдинг?», деб сўралса, нима деб жавоб беришларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ана ўшанда Вайл-дўзахга тушиб, ҳолларига вой бўлишини ўйлаб кўрмайдиларми?!

Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳаққидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқача ўлчовми, бари бир–улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар. Улар бу ишни қиёматдан қўрқмаганидан қиладилар.

Қўшимча далиллар.

وَأَقِيمُوا الْوَزْنَ بِالْقِسْطِ وَلَا تُخْسِرُوا الْمِيزَانَ {9}

«Адолат ила ўлчанг ва тарозудан уриб қолманг» (Раҳмон, 9).

أَوْفُوا الْكَيْلَ وَلَا تَكُونُوا مِنَ الْمُخْسِرِينَ {181} وَزِنُوا بِالْقِسْطَاسِ الْمُسْتَقِيمِ {182} وَلَا تَبْخَسُوا النَّاسَ أَشْيَاءهُمْ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ {183}

«Бас, ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва камайтиргувчилардан бўлманглар. Ва тўғри тарози ила тортинглар. Одамларнинг нарсаларини камайтириб берманг. Ер юзида турли бузғунчиликлар қилманглар» (Шуаро, 181, 182, 183).

Дарҳақиқат, бозорларимизда бу тоифа одамларга дуч келаётганимиз сир эмас. Бундай кишилар ўзининг инсофсизлиги билан нафақат ўша бозор номини булғайди, балки фарзандларига ҳам ҳаром пул топиш йўлини ўргатади. Қолаверса, уларнинг иши, касби ва тижоратида барака бўлмайди, оиласи нотинч бўлади. Тарози ва ўлчовдан уриб қолувчи кимсалар ўз оиласи, ҳатто қўни-қўшни, маҳалла-куйнинг ҳам баракасига зарар етказиши ҳақида ҳадислар бор.


Қиёмиддин РАЖАБОВ,

Китоб туман “Гулбоғ” жоме

масжиди имом хатиби.