15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

Дуо ибодатнинг мағзидир

17.05.18

Дуо ибдатнинг мағзидир

Бандаларга Аллоҳ таолодан шундай бир улкан ибодат берилганки, гоҳида биз унга эътиборсизлик қиламиз. Агар биз ундан фойдалансак, билан биз Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўламиз. Аксинча, уни тарк қилиш билан У зотнинг ғазабига дучор бўлиб қолишимиз мумкин. Азизлар бу буюк ибодат - “дуо”дир.

Араб тилида “дуо” сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади. Банданинг Аллоҳ таолога қилган дуоси ундан иноят ва ёрдам сўрашдир.

Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг ўртасини боғлайди. Инсон ҳаёт қийинчиликлари олдида ожиз қолганда дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган.

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менингибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, деди” (Ғофир сураси, 60-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ дуони ибодат деб атаган. Кимки ундан кибрлик қилиб юз ўгирса, Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган.

عن أنس بن مالك عن النبي صلى الله عليه وسلم قال الدعاء مخ العبادة: رواه الترمذى

“Анас ибн Молик Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятда у Зот: “Дуо ибодатнинг мағзидир”, дедилар”.

Бундан англашиладики, дуосиз ибодат мағизсиз ибодат бўлади, яъни қадри паст бўлади. Чунки Аллоҳ таолога ёлвориб илтижо қилаётган банда Ундан бошқа ҳеч кимдан умидвор бўлмайди. Фақат Аллоҳдангина умид қилиш эса тавҳид ва ихлоснинг моҳияти саналади. Аслида бундан улуғроқ ибодат йўқ!

Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра улуғроқ нарса йўқ. Зеро, қуйидаги ҳадис бунга далолат қилиб турибди.

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : ليس شيء أكرم على الله من الدعاء

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ, дедилар”.

Шунинг учун ҳам банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилиши керак.

Дуо ислом шариатида муҳим аҳамият касб этади. Чунки ким Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрамаса, У зот ғазабланади.

عن أبي هريرة قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : " من لم يسأل الله يغضب عليه " . رواه الترمذي

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳдан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”, - дедилар”, (Термизий ривояти).

Демак биз Аллоҳ таолодан сўрамасак ғазабланар экан. Шундай экан ҳар нарсада Аллоҳга суяниб, ундан дуо қилиб сўрашимиз лозим экан. Ҳикматларда айтилишича – “Бандадан сўрасанг ғазаб қилади, Аллоҳдан сўрамасанг ғазаб қилади”. Бу ҳикмат юқорида ўтган ҳадиснинг бир тасдиқидир.

Барча нарсанинг ўз шарти бўлгани каби ва у нарса ўша шартларсиз амалга ошмаслиги сингари дуонинг ҳам ўз шартлари бор.

1. Аввало дуо қилинаётганда ихлос бўлиши шарт. Ихлос дегани – дуо ва амални риё ва сумъадан, ширкдан холий қилган ҳолда амалларни барчасини фақат Аллоҳ таоло учун холис қилишга айтилади. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ўзининг муборак китобида бандаларни дуода ихлос қилишга буюриб, шундай дейди:

(فَادْعُواْ اللهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ)(غافر:14)

“Бас, (эй, мўминлар!) Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга – Унга динни холис қилган ҳолингизда дуо (ибодат) қилингиз”!

Чин иймон эгалари инсонлардан асло умидвор бўлмайдилар. Улар Аллоҳ таоло буюрганидек, барча ҳожатларини Карим ва Раҳмон Парвардигорларидан сўрайдилар. “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранглар!” (Нисо сураси, 32-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўрангиз. Зеро, Аллоҳ Ундан сўрашларини хуш кўради”. (Термизий ривоятлари).

Битмас-туганмас хазиналар Эгаси бўлмиш Ҳақ таоло ҳеч қачон бандалари сўрови ва илинжидан малолланмайди. Юқорида айтилганидек, Аллоҳ субҳонаҳу Унга дуо-илтижо қилмай қўйган бандасидан ғазабланади.

Наҳот шунча таъкиддан кейин ҳам бировларга нарса беришдан оғринадиган ва илтимосларни малол оладиган ожиз инсондан умидвор бўлсак?!

Ожиз бандалардан умидвор бўлманг,

Сўранг, саховати чекланмас Зотдан.

Аллоҳ ғазаб қилур, сўрамай қўйсак,

Инсонлар дарғазаб, илтимос қилсанг.

2. Дуонинг ижобат бўлишида Аллоҳ таолога аниқ ишонч бўлиши керак. Аллоҳга бўлган ишонч дуонинг қабул бўлиш шартларининг энг муҳимларидан ҳисобланади.

عن أبي هريرة رضي اللّه تعالى عنه، قال : قال رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم : " ادْعُوا اللَّهَ وَأنْتُمْ مُوقِنُونَ بالإِجابَةِ، وَاعْلَمُوا أنَّ اللَّه تَعالى لا يَسْتَجِيبُ دُعاءً مِنْ قَلْبٍ غافِلٍ لاه

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таолога (дуони) ижобат бўлишига аниқ ишонган ҳолда дуо қилинглар. Билингларки, Аллоҳ таоло дуони ғофил, беэътибор қалбдан қабул қилмайди”, дедилар”.

Демак, Аллоҳ таолога аниқ ишонч билан, беэътибор бўлмай дуо қилиш лозим экан. Зеро, ҳадисга кўра бизнинг бу илтижомиз ижобат қилинмай қолар экан.

3. Ҳалолдан еб-ичиш.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ لا يَقْبَلُ إِلا طَيِّبًا، وَإِنَّ اللهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا] وَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ] ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ، وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ، وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ، وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ، وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ، فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ". (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: "Эй Пайғамбар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар". "Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз - покиза нарсалардан енглар". Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: "Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Парвардигоро! Парвардигоро!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!" (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳаромга ботган кимсанинг дуолари мақбул бўлмаслигига ишора бор. "Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаром билан озиқланган. Бундай кимсанинг дуоси қандай қилиб ижобат бўлсин?!"

Мазкур жумла ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмайдиган банданинг дуоси мутлақо қабул қилинмаслигини эмас, балки қабул бўлиш эҳтимолининг жуда йироқлигини англатади.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: "Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар". (Бақара сураси, 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:

- Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.

- Эй Саъд, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, - луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир". (Табароний ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳаром еган кишининг намозини қабул қилмайди!”

Дуоси мақбул бўлишини истаган банда аввало еб-ичиши ва кийинишини ҳалолдан қилсин. Аллоҳ таоло мўминларнинг ҳалол-покиза эҳсонларини қабул қилади. Уларнинг молларига барака беради.

4. Узоқ сафарларга чиқиш. Сафар дуонинг қабул бўлишини тақозо этади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Уч кишининг дуоси мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси". (Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).

Сафар узайган сари дуонинг ижобат бўлиши ҳам кучаяди. Чунки узоқ сафарда юрган кишида ғариблик ва машаққатлар туфайли синиқлик пайдо бўлади. Синиқлик эса дуонинг ижобат этилишига кучли сабаблардан саналади.

5. Яна дуони шартларидан бири дуо қилинаётган нарса шаръан сўралиши ва қилиниши жоиз бўлган ишлардан бўлиши керак.

Ибн Атоуллоҳ айтади: “Дуонинг ўз рукнлари, қанотлари, сабаблари ва вақтлари бор. Агар рукнлари мувофиқ келса у кучли бўлади. Агар қанотлари мувофиқ келса у осмонга учуди. Агар вақтлари мувофиқ келса муваффақият қозонади. Агар сабаблари мувофиқ келса ўнгидан келади. Дуонинг рукнлари қалбнинг ҳозирлиги ва хушуъдир. Қанотлари ростгўйликдир. Вақтлари саҳар пайтидир. Сабаблари эса Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламга салот айтишдир”.

6. Аллоҳ таолодан сабот билан қаттиқ туриб сўрамоқ лозим.

Дуода Аллоҳ таолонинг рубубияти такрор ва такрор зикр этилса, банданинг илтижоси мустажоб бўлиши тезлашади, иншааллоҳ! Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Агар банда "Парвардигоро!" деб тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло: "Лаббай бандам! Сўра, сўраганинг берилади", деб жавоб беради". (Баззор ривоятлари).

Қўлни кўкка кўтариб сўраш дуо қилиш одобларидандир. Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло ҳаёли, Карийм Зотдир. Агар биров ундан тиланиб қўлини кўтарса, Аллоҳ таоло унинг қўлларини қуруқ ва умидсиз қайтаришдан ҳаё қилади". (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сўраб дуо қилганларида қўлларини кўкка кўтарганлар. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оппоқ қўлтиқлари кўринган эди. Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларни кўтариб Аллоҳдан нусрат сўрадилар. Қўлларини кўкка кўтарганларида ридолари елкаларидан тушиб кетди.

Дуонинг фойдалари:

- ҳурсандчилик кўпайиб, ғам-қайғунинг енгиллаши;

- дуо туфайли душман ва қазонинг ёмонлигидан сақланади;

- манфаатлар келиб, зарарларнинг кетиши;

- инсоннинг башқаларнинг айбини қўйиб, ўз айби билан машғул бўлиши;

- доимо ўзини заиф ва Аллоҳ таолога муҳтож эканлигини сезиш.

Дуонинг бундан бошқа бир қанча фойдалари борки инсон у билан фақат яхшиликка эришади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, дуо билан оламлар роббиси Аллоҳ таолога ибодат ҳосил бўлади. Чунки дуонинг заминида қалбни Аллоҳга боғлиқлиги ва бирор бир ишда Аллоҳдан бошқасига илтифот қилмай, фақат ўзигагина ихлос қилишкаби хислатлар ётади. Аллоҳ таоло барчаларимизни яхши дуо қиладиган ва дуолари ижобат бўладиган бандалардан қилсин. Омин!


Аббос ҚОСИМОВ,

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси.