15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

НИКОҲСИЗ ЯШАШ КАСРИ

25.05.18

НИКОҲСИЗ ЯШАШ КАСРИ

Мусулмонлар турмуш қураётганларида шаръий никоҳ ўқитиб, уйланишлари фарзи айн ҳисобланади. Гарчи уйланиш ва турмуш қуриш суннат бўлса-да, бироқ аҳди никоҳ фарздир! Никоҳ қилишнинг шарти икки нафар мусулмон эркак ёки бир муслим билан икки муслима аёл олдида бирга ҳаёт кечирмоқчи бўлган келин-куёв бир-бирларига тани маҳрамликка рози бўлишларидир. Бу розилик ўтган замон феъли билан айтилиши керак. Бунга «ийжоб ва қабул», дейилади. Бу никоҳнинг рукни ҳисобланади. Бундай шаръий амалларни келин-куёв ФҲДЁда “Загс”дан ўтгандан сўнг имом домлаларимиз амалга оширадилар ва шуни назорат қилиб борадилар.

Никоҳ қилдирмасдан эркак билан аёлнинг бирга яшашлари, турмуш қуришлари оғир гуноҳдир. Аммо, афсуски, бугун орамизда никоҳ ўқитмасдан, ҳаром-хариш яшаб юрганлар ҳам учраб турибди. Имом Заҳабий ривоят қиладиларки, кимки ўзига ҳалол бўлмаган аёлни шаҳват билан ушласа, қиёмат кунида қўли бўйнига боғланган ҳолда келади. Агар ўпса, лаблари оловда қирқилади. Борди-ю, зино қилса, қиёмат кунида сонлари тилга киради-да, унинг зарарига гувоҳлик беради. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

«Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Тилнинг зиноси гапириш, қўлнинг зиноси ушлаш, оёқнинг зиноси қадам ташлашдир. Қалб эса истайди ва орзу қилади. Мана шуни фарж тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради».

Ана шунинг учун имом домлаларимиз никоҳ ўқитмоқчи ва Никоҳ гувоҳномаси бўлган эркак ва аёлнинг никоҳларини шаръий йўл билан ҳалол қилиб беришлари мақбулдир. Бундай масъулиятли ишни кечиктириб бўлмайди. Кечиктирилса, орадан бир-икки кун ўтиб кетадиган бўлса, уларнинг никоҳсиз бирга бўлишларига, яъни оқибатда зинога сабабчи бўлиб қолинади.

Аслида, ҳар бир инсоннинг ўз масъулияти, ўз вазифаси бор. Ана шу вазифани у сидқидилдан адо қилиши, бурчига содиқ қолиши керак. Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлари: «Огоҳ бўлинг! Ҳар бирингиз риоя қилувчи, подачи, чўпонсиз. Ҳар бирингиз ўз раиятига, қўл остидагиларга масъулсиз. Демак, одамларга раҳбар бўлган имом - у ўз қавмига масъулдир. Киши ўз оиласига бошлиқ, шунинг учун у ўз аҳлига масъулдир. Хотин эрининг уйига ва боласига қаровчидир. У уларга масъулдир. Кишининг қули эса хожасининг молини сақловчидир. У унга масъул. Огоҳ бўлинг! Ҳар бирингиз риоя қилувчи, подачи, чўпонсиз. Ҳар бирингиз ўз раиятига, қўл остидагиларга масъулсиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Мазкур ҳадиси шарифга мувофиқ, мусулмонлар никоҳларини шаръий бўлишларига масъулдирлар. Шунинг учун улар ўз вазифаларини сидқидилдан адо қиладилар ва шундай бўлмоқда. Энди, мазкур ҳадиси шарифга мувофиқ, ФҲДЁ ходимлари ҳам ўз ишларига масъулдирлар. Улар ҳам давлат қонунларига мувофиқ аҳолини расмий никоҳдан ўтказишлари шарт.

Шу сабабли, бошқа фармонларга ўхшаш никоҳ қилиш борасида ҳам мусулмонлар давлат қонунларига итоат этишда масъулдирлар.

Мухтасар қилиб айтганда, шаърий никоҳ ўқитмасдан яшаш – бузуқчиликдан ва зинодан бошқа нарса эмас. Зино эса кишини бадном ва шармандаи шармсор этади. Шундай экан азизлар, Яратган томонидан буюрилган ҳалол йўл – шаърий никоҳга нима етсин!


Ражабхон ҚИЁМОВ,

Нишон туман бош имом-хатиби.