15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

ПОКЛИК ИМОНДАНДИР

17.06.18

ПОКЛИК ИМОНДАНДИР

Маълумки, ислом дини таълимотининг асосий ғояси инсонларни Аллоҳ ва унинг Расулига итоат этишга чақириб, уларни икки дунё саодатига мушарраф этишдир. Бунга ибодат қилиш, хуш муомалали бўлиш билан бир қаторда покликка яъни, ҳалол-ҳаромга аҳамиятли бўлиш билан эришилади. Ислом шариатида поклик муҳим ўрин тутиб, у инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига гаров, десак муболаға бўлмайди. Шунинг билан бирга жамият фуқароларининг маънавиятини шакллантиришда асосий омил дея эътироф этиш мумкин. Поклик бу инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали у ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Шунингдек, ибодатларнинг қабул бўлиши ҳам поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар”.

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Либосларингизни покланг”.

Мўмин киши албатта, либосини ҳам пок, озода ҳолда тутиши лозим. Чунки, либос инсоннинг зийнати ҳисобланади.

Поклик масаласида икки олам сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) шундай марҳамат қилганлар:

“Пок бўлинглар, зеро ислом покликдир – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса:

" اَلنَّظَافَةُ تَدْعُو إِلىَ الْاِيمَانِ وَالْاِيمَانُ مَعَ صَاحِبِهِ فىِ الْجَنَّةِ " (رواه طبرانى)

яъни: “Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир”.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон танасининг подшоҳи, қолган аъзолар унга эргашувчидир. Инсоннинг маънавий олами пок бўлиши, унинг ташқи оламини поклашига бевосита боғлиқдир. Демак, инсон ҳалқумидан ўтган ҳар бир нарсага жиддий равишда аҳамият бермоғи лозимдир.

Имом Ғаззолий (рҳ) шундай деганлар: “Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки, ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!

Поклик масаласида қатъиятли бўлиш комил инсонлик белгисидир. Қайси бир одам бировнинг ҳақидан қўрқса, касб танлаш, ризқ насиба топишда ҳаромдан ҳазар қилса, демак у покликка эътибор берибди. Дарҳақиқат давлатимиз раҳбарлари ҳар доим ўз чиқишларида, мулоқот ва суҳбатларида халқимизни ҳалолликка даъват этиб, ҳаром йўллар билан бойлик орттириш, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилиш каби разил сифатлардан сақланиш тўғрисида таъкидлаб келадилар. Зеро барча пок нарсалар ҳалол деб эътироф этилган. Ислом таълимотида нимаки ҳалол деб ҳукм қилинган бўлса, ўша нарса инсон учун фойдалидир. Агар ҳаром дейилган бўлса, у зарарлидир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:

“Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди”.

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло:

“...Осмондан пок сув (ёмғир) ёғдирдик”, деб марҳаматибилан осмондан покиза сув (ёмғир) ни тушириб, у билан бандаларни покламоқни ирода қилганлигини баён этган.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳалол ризқ қилиб берган нарсаларидан еб, Унгагина шукр қилишимизни ҳам ибодат эканлигини қуйидаги оятда баён қилади:

Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!

Пайғамбаримиз алайҳис-салом ҳалол ва ҳаром масаласида марҳамат қилиб яна шундай дейдилар:

“Аниқ баён қилинган ҳалол ва ҳаром нарсалар ўртасида шубҳали нарсалар ҳам мавжуд бўлиб, кимдаким ўша шубҳали нарсалардан ўзини тийса, у дини ва обрўсини сақлабди”.

Шунингдек, поклик деганда инсон фақат ўзинигина поклаб юрса бўлди, дегани эмас. Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига табитан тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Аллоҳ таоло юклаган бу масъулиятни инсон азалдан бажо этиб келади. Табиатни муҳофаза этиш ислом динининг асосий таълимотларидан бири ҳисобланишига ҳам шу илоҳий мажбурият сабаб бўлган.

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Ҳозирги пайтда айниқса озодалик ва покизалик қоидаларига риоя қилиш яна ҳам зарурроқ иш бўлиб қолди. Қуръони каримда денгиз, дарё ва ариқларни ифлослантирмасликка буюрилган. Акс ҳолда балиқлар ҳам ноз-неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айланишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида бандаларига:

الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ فِرَاشًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَأَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجَ بِهِ مِنَ الثَّمَرَاتِ رِزْقًا لَكُمْ ... (سورة البقرة/22)

яъни: “У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди ...

Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришликка муносиб шароитларнинг муҳайё этгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишлиги учун ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи севган бандаларидан қилиб, рушду ҳидоятда барқарор айласин. Омин!


Солихон СУЛОЙМОНОВ,

Шаҳрисабз тумани “Оқ масжид” масжиди имом-хатиби.