14.12.2018

07:00

13:00

15:25

17:25

18:55

​КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ-ДИНИЙ ҚАДРИЯТДИР

01.12.18

КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ-ДИНИЙ ҚАДРИЯТДИР

Кексаларни ва ўзидан катта кишиларни эҳтиром қилиш бизнинг жамиятимизнинг энг аҳамиятли қадриятларидан бири ҳисобланади. Мусулмонлар орасида кексалар доимо қадрланиб келган, чунки, ислом шариатида бу ишга алоҳида эътибор берилади. Зотан, қарилик инсон ҳаётининг ожизлик ва заифлик босқичи ҳисобланади. Шунинг учун ёш, бақувват чоғида жамиятга хизмат қилган кишиларга қариган чоғларида яхшилик қилиш, уларнинг меҳнатларини муносиб баҳолаш энг эътиборли ишлар сирасига киради.

Дарвоқеъ, кексаларга эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш, асраб-авайлаш барча пайғамбар(а.с)ларнинг суннати ва мусулмон жамиятларининг асосий белгиси ҳисобланади. Шунингдек, катталарга кўрсатиладиган ҳурмат ва эъзоз ислом дини тарқалган минтақаларда шариат таълимоти асосида амалга оширилади. Яъни, бу борада Қуръони карим оятлари, Расулуллоҳ(с.а.в.) ҳадислари, ва улуғларнинг амалларидан далиллар, ҳужжатлар мавжуд.

Ёши улуғларни эъзолашнинг боши ота-онанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Чунки, ҳар бир инсоннинг туғилишида ота-она сабабчи бўлади, фарзанд уларнинг қарамоғида вояга етади, таълим-тарбия олади. Фурсат ўтиб, ота-она қариб, ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам муқаддас динимизда ота-онани эъзозлашга алоҳида эътибор берилади. Фарзанд ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган ота-онасини эъзозлаш орқали икки дунё саодатига эришиб, ажр-савобларга мушарраф бўлади

Ислом дини фарзандлар зиммасида ота-оналарнинг бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони карим, Суннати набавия ва ислом тарбияси тўғрисидаги китобларда батафсил баён қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Исро” сурасида шундай марҳамат қилади:

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаларга етсалар, уларга “Уфф” дема, уарга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Икковларига меҳрибонлик ва ҳокисорлик қанотингни пастлат ва: “Роббим , улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (23-24-оятлар).

Оятнинг мазмуни шунга далолат қиладики, ота-онага яхшилик қилиш бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига амри, фармони ҳисобланади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг биргаликда баён қилинишидан кўринадики, динимизда ота-онанинг ҳаққи ниҳоятда улуғ ва эътиборлидир. Юқорида келган ояти-каримадан маълум бўладики, фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомала қилишлари, ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиромда бўлишлари ва шариатга зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажаришлари лозим бўлади.

Ҳадиси-шарифларда ҳам ота-онага эҳтиром кўрсатишликка тарғиб ва кўрсатмалар келади.

Абдуллоҳ ибн Амр(р.а)дан ривоят қилинади: “Набий(с.а.в):

“Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигададир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таолони рози қилишни истаган одам ота-онасини рози қилишга, Аллоҳ таоло мендан норози бўлмасин, деган одам ота-онасини норози қилмасликка ҳаракат қилмоҳи лозим бўлади. Шунингдек, Ҳадиси шарифларда агар бирор инсоннинг отаси вафот этса, фарзанд биринчи навбатда отасининг ака-укаларига, яъни амакиларига, яқин дўстларига эҳтиром кўрсатиши кераклиги айтилади.

Собитдан ривоят қилинади:

“Умар ибн Хаттоб: “Ким отасига ўлимидан кейин силаи раҳм қилмоқчи бўлса, унинг ака-укаларига силаи раҳм қилсин”, деди”. Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Демак, ота йўқ пайтида амаки отанинг ўрнида қолади. Шунинг учун амакиларни эҳтиром қилиш, уларнинг дуосини олиш, силаи раҳм қилиш худди отага қилган яхшиликларга ўрнига ўтади.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ(с.а.в)нинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:

“Яхшиликларнинг энг яхшиси киши отасининг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир. У кетганидан кейин, яъни, отаси ўтиб кетганидан кейин”. Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан ўғил ёки қиз фарзанд ота-онасини чиндан ҳам севса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишда давом этишни истаса, улар дўст тутган кишиларни ҳурмат қилиши, уларга моддий ёрдам, хайр-эҳсонлар ва бошқа яхшиликлар қилиш лозимлигини билиш мумкин.

Юқорида ота вафот этса, амакини ота ўрнида кўриб уни эъзозлаш кераклиги ҳадислар мисолида айтиб ўтилди. Агар инсоннинг онаси вафот этса, хола она ўрнида бўлиши, уни худди онани эҳтиром қилгандек ҳурмат қилиш, эъзозлаш лозим бўлади.

Зуҳрийдан ривоят қилинади:

“Бизга Расулуллоҳ(с.а.в)нинг “Отаси йўқнинг отаси амакисидир. Онаси йўқнинг онаси холасидир”, деганлари етди”. Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Демак, она йўқ пайтда холани она ўрнида кўриш, онадан сўраладиган дуони ундан сўраш, онага қилинадиган яхшиликларни холага қилиш керак бўлади.

Шунингдек, юқорида келтирилган ҳадисларда ота-она, уларга қариндош ва яқин кишиларга нисбатан ҳар бир инсон қандай муносабатда бўлиши айтилди. Кексаларни эъзозлаш бу билан ниҳоясига етмайди. Бу борада кейинги ўринда мусулмонлик ва инсонлик ҳаққи бор бошқа кексалар турадилар. Уларнинг ҳақларини ўз ўрнида адо этиш шарафли бурч ҳисобланади. Динимизда бу борадаги бурчлар ҳам шаръий ҳужжат ва далиллар асосида собит бўлган.

Анас(р.а)дан ривоят қилинади:

“Набий(с.а.в)”: “Қай бир ёш кексани ёши учун икром қилса, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган кишини муҳайё қилади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Агар ким қариган чоғида ўзгалар унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини истаса, ёшлик чоғида кексаларни эъзозлаши лозим. Аксинча, ким ёшлик чоғида кексаларни икром қилмаса, қарилик чоғида ўзи ҳам ҳеч кимдан икром кўрмайди.

Ислом динида фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билан чегараланиб қолинмаган. Бу иш кенг қамровли бўлиб, мусулмонлар билан бир диёрда яшаб турган ғайримусулмон кексаларни ҳам ҳурмат-иззат қилишни ўз ичига олади. Бу хусусият бугунги кунда долзарб бўлиб турган динлараро бағрикенглик тамойилининг олий намунасидир.

Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳи) ўзининг “Харож” китобида қуйидагиларни ёзадилар:

“Умар ибн Хаттоб(р.а) бир қавмнинг эшиги олдидан ўтаётиб, катта ёшдаги кўзи ожиз одамнинг тиланиб турганини кўрди. Сўнг унинг билагидан тутиб:

“Қайси аҳли китоблардансан?” деб сўради.

“Яҳудийман”, деди у.

“Сени тиланчиликка нима мажбур қилди?” деди.

“Жизя, эҳтиёж ва ёш”, деди

Шунда Умар(р.а) унинг қўлидан ушлаб, уйига олиб борди. Уйидаги борини олиб берди. Сўнгра ундан ва унга ўхшаган ғайримусулмон кексалардан жизя олишни бекор қилди”. Бошқа ривоятларда айтилишича, Умар(р.а)нинг буйруқларига биноан ўша одамга нафақа ҳам белгиланган. Кекса мусулмонларни нафақа билан таъминлаш ҳам ўша яҳудий қариянинг сабабидан жорий қилинган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, кекса кишилар биз учун қандай катта бойлик ва давлат эканини халқимиз яхши билади ва уларни доимо қадрлаб, эъзозлаб яшайди. Бугунги кунда мамлакатимизда кексаларга ғамхўрлик қилиш, уларни фаровон ҳаёт билан таъминлаш учун жиддий чоралар кўрилмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан эълон қилинган “Кексаларни эъзозлаш йили”нинг Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар учун 2 триллион 246 миллиард сўм ва 225 миллион АҚШ долларининг сарфланиши жамиятимизда кексаларга алоҳида эътибор берилаётганининг тасдиғидир. Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қадрлаш – ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиб, бу ўзбек халқига мансуб бетакрор фазилатларнинг яққол далили сифатида ёшларимизни инсонпарварлик руҳида тарбиялашда ёрқин намуна бўлиши муқаррар.


Илҳом Валиев

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.