14.12.2018

07:00

13:00

15:25

17:25

18:55

​САБОҚНИ БОШЛАШ, УНИНГ МИҚДОРИ ВА ТАРТИБИ ҲАҚИДА

03.12.18

Сабоқни бошлаш, унинг миқдори ва тартиби ҳақида

Устоз, шайхул ислом Бурҳониддин раҳматуллоҳи алайҳи дарсни бошлашни чоршанба кунига белгилар эди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини далил қилиб келтирар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир иш йўқки, чоршанба куни бошланиб тугал бўлмаган бўлса”, деб марҳамат қилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам, шундай қилар эди. Бурҳониддин раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисни устозлари шайх, буюк имом, дин устуни Аҳмад ибн Абдуррашид раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилган.

Мен ишончли бир кишидан шайх Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳар қандай яхши амални бошлашда чоршанба кунини белгилаб олишларини эшитганман. Сабаби, чоршанба куни нур яратилган кундир. Бу кун кофирларга ҳасрат, мўминларга эса, барокатли қилингандир.

Дарснинг дастлабки миқдори: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи шайх, қози, имом Умар ибн Абу Бакр Заранжийнинг: “Машойихларимиз: “Мубтадий учун дарснинг миқдори икки марта енгил такрорлаганда ёд бўладиган даражада бўлиши керак. Ҳар куни бир калима қўшиб борилади. Ҳатто, дарс узун ва кўп бўлганда ҳам, икки бор такрор қилса, ёдлаб олиш мумкин бўлсин. Дарс енгил ва тадрижий давом эттирилади. Аммо, бошланғич дарснинг узун бўлиб, ўн марта такрор қилишга эҳтиёж туғилиши,сабоқнинг охирида ҳам, худди бошида бўлгани каби, дарсни кўп такрор қилишга олиб келади ва талаба бунга одатланиб қолади. Унинг бу одатни ташлаши жуда қийин кечади”, дер эдилар” - деганларини нақл қилганлар.

Шунинг учун ҳам, дарс бир дона ҳарф бўлса, такрори минг марта бўлсин дейдилар.

Мубтадий илм таҳсилини тушуниш осон бўлган китобларни ўқишдан бошлаши керак. Шайх, устоз, имом Шарофиддин Уқайлий раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу борада машойихларимиз тутган йўли энг тўғри йўл деб ҳисоблайман. Улар мубтадийлар учун кичик ҳажмдаги китобларни ихтиёр қилар эдилар. Чунки бундай китоблар тушуниш ва ёдлашга осон, малолдан холи ваодамлар ўртасида кўп учрайдиган масалалари бор”, деган эди.

Толиби илм дарсни ёд олгандан сўнг уни ёзиб қўйиши ватакрор қилиб туриши керак. Ёдланган дарсни ёзиб қўйиш жуда ҳам фойдалидир. Аммо тушунмаган нарсаларини ёзмайди. Чунки бундай қилиш калта фаҳмликка олиб келиб, заковатни сўндиради вавақтни беҳудага кетказади.

Толиби илм устоздан эшитганларини тушунишга ҳаракат қилиши, тааммул ва тафаккур юритиши ва албатта кўп такрор қилиши керак. Зеро, дарс оз бўлса ҳам, такрор ва тааммулнинг кўплиги уни яхши ва тўғри тушунишга сабаб бўлади. Бежизга: “икки дона ҳарф ёдлаш иккита китобни эшитгандан, иккита сўзнинг маъносини англаш икки сатр ёзгандан кўра яхшидир”, дейилмаган.

Толиби илм дарсни тушунишда сусткашликка йўл қўйса, ҳатто бир- икки марта уриниб ҳам кўрмаса, шунга одатланади ва натижада оддий гапларни ҳам тушунмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам, дарсни тушунишда дангасаликка асло йўл қўйиб бўлмайди. Балки, тинимсиз ҳаракат қилиш ва Аллоҳга тазарруъ ила дуо қилиш лозим. Зеро, У Зот ўзига дуо қилганларнинг дуосини ижобат қилиб орзу умидларини рўёбга чиқаради.

Катта шайхлардан Қавомуддин Ҳаммод ибн Иброҳим ибн Исмоил Саффор ал-Ансорий менга қози Халил ибн Аҳмад Саранжарийнинг бир шеърларини ўқиб бердилар.

Шеър:

Хизмат айла илм учун мисли хизмати мустафид бўлсин,

Дарсни ҳам бардавом айла афъолинг тўла маҳмуд бўлсин.

Гар сен ёдласанг илмдан бир қатор,

Такрор айла ва такрор токи бўлсин барқарор.

Сўнгра ёзгин ани асло топмасин завол,

Ҳам қайтарсан ҳам айтарсан дарсни бемалол.

Илм фавтидан омонда бўлганинг замон,

Шошилгин янги таҳсилинг чун шу он.

Ўтилган дарсни ҳам такрор қил ҳар он,

Қил эҳтимом ушбу дарс зиёда дебон.

Чорлаб одамларни илмга бўл барҳаёт,

Асло йироқ бўлма аҳли илмдан ҳайҳот.

Илм бекитмоқнинг жазоси бўлғуси нисён,

Ҳар кўрган сени ўйлар жоҳил ва нодон.

Сўнг қиёматда кийиб аловли юган,

Ҳам қаттиқ азобда куйганинг куйган.

Толиби илм баҳс-мунозара ва музокара қилиб туриши ҳам керак. Бунда толиби илмлар оғир, вазмин, мулоҳазали ва инсофли бўлишлари талаб этилади.

Шунингдек, ғазаб ва адоватга йўл қўйиб бўлмайди. Чунки музокара қилишдан мақсад машварат қилишдир. Машварат эса, ҳақиқатни юзага чиқариш учунгина бўлиши керак. Ғазаб ва адоват бор экан, ҳеч қачон ҳақиқат юзага чиқмайди. Аксинча, уни оғир босиқ бўлиш, инсоф ва чуқур мулоҳаза қилиш йўли билан юзага чиқариш мумкин. Агар толиби илмнинг мунозарадан мақсадиқарши томонни мулзам қилиш ва бўйсундириш бўлса ҳалол эмас. Ҳақиқатни юзага чиқариш учун бўлса, бундан мустасно. Агар мунозарада қарши томон ҳақиқат талаб бўлса, ҳийла-найранг ишлатиш ҳам жоиз эмас. Бироқ қайсар ва гарданкаш бўлса, ҳийла ишлатиш мумкин.

Муҳаммад ибн Яҳёга бирор масаладамурожаат қилишса, у кишидамазкур масаланинг жавоби бўлмаса, у киши: “Сўраганинг воқеликда рўй бердими? Мен уни излаб кўрсам. Ахир ҳар бир олимнинг тепасида Алим Зот бор-ку”, дер эдилар.

Баҳс ва мунозара қуруқ такрордан кўра, анча фойдали ҳисобланади. Чунки мунозарада ҳам такрор, ҳам илмнинг зиёда бўлиши бор. Бежизга: “бир соатлик мунозара бир ойлик такрордан яхшидир”, дейилмаган. Лекин мунозара тўғри табиат ва инсоф асосида бўлиши керак. Мунозара чоғида қарши томоннинг адашиб кетишини хоҳлаш ва эгри табиатли бўлиш асло мумкин эмас. Зеро, инсон табиати ўғри бўлади. Бир кишининг ахлоқи бошқа бир кишига ўтиб кетиши ва яқин дўстларнинг бир – бирига таъсир кўрсатишлари ҳам шундандир.

Халил ибн Аҳмад томонидан айтилган қуйидаги шеърда ҳам кўпдан кўп фойдалар бор.

Шеър:

Илмнинг шарти эй ходими ирфон,

Ходими илм бўлсин жумла инсон.

Толиби илм доимо илмнинг дақиқ нуқталари борасида тафаккур қилиши ва шунга одатланиши керак. Чунки дақиқ нарсаларни англаш чуқур тафаккурни тақозо этади. Шунинг учун ҳам: “тафаккур қил идрок қиласан”, дейилади.

Айтиладиган гап тўғри бўлиши учун аввало яхшилаб ўйлаб олиш керак. Чунки калом бамисоли пайкон кабидир. Агар у тўғри бўлса, худди пайкон каби нишонга аниқ тегади. Усули фиқҳда: “Мана шу улкан асосдир. Яъни фақиҳнинг мунозарада айтган сўзи чуқур ўйланган бўлиши керак”, деган ибора бор. Бежизга: “каломнинг салобатли бўлиши ва чуқур ўйлаб сўнг гапирилган бўлиши ақлнинг бошидир”,дейилмаган.

Шеър:

Калом назмида сенга мен бешни қилай насиҳат,

Гар итоат қилсанг сен носиҳга ул соҳиби шафқат.

Ғофил бўлма сен каломнинг асбобидан,

Қачон, қандай, қанча ва қаерда жамъидан.

Толиби илм ҳамиша ва ҳамма вақт одамлардан истифода қилувчи бўлиши керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳикмат мўминнинг юқотган нарсасидир. Уни қаерда топса олади”, деганлар.

Бир ҳикматда: “мусаффо нарсани олиб хирасидан воз кеч”, дейилган.

Мен шайх, буюк имом, устоз Фахриддин Косонийдан бир ҳикоя эшитганман.

Абу Юсуфнинг садоқатли жорияларидан бири Муҳаммад ибн Ҳасаннинг қўл остида хизмат қилар эди. Бир куни Имом ундан: “Абу Юсуфникида бўлган пайтингда, ундан фиқҳдан бирор нарса ўрганмадингми?”, деб сўради. У: “Йўқ! Ҳая! Дарвоқе, у дарс такрор қилар экан: “саҳмуд дури соқитун” дер эди”, деди. Имом ундан ушбу калималарни ёдлаб олди. Ўзи айнан шу масалани унча тушунмай турган эди. Жориянинг гапларидан кейин бу масалага ҳам ечим топилди.

Демак, бундан маълум бўладики, ҳар қандай кишидан истифода олиш мумкин экан. Шунинг учун ҳам Абу Юсуфдан: “Илмга қандай эришгансиз?” – деб сўралганда, у: “Кимдан бўлса ҳам,истифода қилишга орланмадим ва олган илмимни етказишда ҳам, бахиллик қилмадим”, деб жавоб берган экан. Ибн Аббосдан: “Илмга қандай эришгансиз?” – деб сўралганда, у: “Сўровчи тил ва ақлли қалб билан”, деб жавоб берган эканлар.

Аввалги замонларда толиби илмлар “Бу масалада нима дейсиз?” иборасини жуда кўп ишлатганлари учун уларни “ма тақул” деб номланадиган бўлиб қолган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг дўконда баззозлик қилишларига қарамай буюк фақиҳ бўлиб етишишларига сабаб, у киши жуда кўп баҳс мунозара қилар эдилар.

Демак, фиқҳ ва илм таҳсили касб-кор билан бирга бўлиши мумкин экан. Абу Ҳафс Кабир касб-кор қилиш билан бирга илм ҳам ўқир эди.

Хулоса қилиб айтганда, толиби илм аҳли аёлининг нафақаси ёки бошқа бирор мақсадда касб-корбилан шуғулланишга мажбур бўлса, марҳамат шуғулланаверсин. Лекин шу билан бир қаторда,илм ўқиб, баҳс мунозара қилиб турсин, дангасалик қилмасин.

Ақли бутун ва танаси соғ одамнинг илм таҳсилини тарк қилишига ҳеч қандай узр (ҳатто камбағаллик ҳам) сабаб бўлолмайди. Чунки барибир Абу Юсуфдан кўра ҳам баттар фақир бўлолмайди. Ваҳоланки, Абу Юсуф ўта камбағал бўлишига қарамасдан, буюк фақиҳ бўлиб етишган. Энди кимда кўп мол дунё бўлса, солиҳ одам учун яхши мол қандоқ ҳам яхши.

Олимлардан бирига: “Илмга қандай эришгансиз?” – дейилганда, у: “Отамнинг бойлиги билан эришганман. Отам бойлигидан аҳли илм ва аҳли фазл кишиларга эҳсонлар қилиб турар, бу эса ўз навбатида илмимнинг зиёда бўлишига сабаб бўлар эди. Отам доим Аллоҳ берган илм ва ақл неъматига шукр қилар эдилар. Бинобарин шукр неъматларни зиёда қилувчи омилдир”, деб, жавоб қайтарган экан.

Айтилишича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен илмга ҳамд ва шукр айтиш билан эришганман. Қачон бирор нарсани фаҳмласам ёки фиқҳий бир масала ёхуд ҳикматни тушунишга муваффақ бўлсам “алҳамду лиллаҳ” дер эдим. Натижада илмим яна ҳам зиёда бўлар эди”, деган эканлар.

Шунингдек, толиби илм тили, қалби ва бошқа аъзолари, ҳатто, мол дунёси билан ҳам шукр қилиш ила машғул бўлиши лозим. Фаҳм, илм ва тавфиқни Аллоҳ таолодан деб билиши, Ундан ҳидоят сўраши ва Унга тазарруъ ила дуо қилиши керак. Зеро, Аллоҳ ҳидоят истаган зотларни (тўғри йўлга) ҳидоят қилур.

Аҳли ҳақ (Аҳли сунна вал жамоа) Ҳақ, Мубин, Ҳодий ва Осим Зот бўлган Аллоҳ таолодан ҳақиқатни талаб қилишди. Бас, Аллоҳ уларни ҳидоят қилди ва залолатдан сақлади.

Аҳли залолат (адашганлар) эса ўз ақллари ва фикрларига суяндилар. Улар ҳақиқатни ожиз махлуқ бўлмиш ақлдан изладилар. Ахир, ақл худди кўз барча нарсани кўра олмаганидек, ҳамма нарсани ҳам идрок қилавермайди-ку! Бас, улар ҳақни англашдан тўсилдилар ва ожиз қолдилар. Натижада, ўзлари ҳам адашдилар ўзгаларни ҳам адаштирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғофил амалларидан ғафлатда қолган кишидир. Оқил эса, ақлига таяниб иш кўрган кишидир”, деб марҳамат қилганлар. Ақлга таяниб иш кўриш, аввало, киши ўз нафсининг ниҳоятда ожиз эканини билишидан бошланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини таниса, батаҳқиқ, Роббисини танибди”, деганлар. Яъни ўзини билган инсон Аллоҳ азза ва жалланинг қудратини, ўзига ва ақлига суяниб бўлмаслигини, балки, таваккул Аллоҳга бўлишини ва ҳақни ундан талаб қилиш мумкин эканлигини англаб етади. Бас, ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг Ўзи кифоя қилувчи ва тўғри йўлга бошловчидир.

Мол дунёси кўп одам асло бахил бўлмасин. Аллоҳ таолодан бахилликдан паноҳ беришини сўрасин. Чунки Набий алайҳиссалом: “Бахилликдан кўра ёмонроқ касаллик йўқ”, деганлар.

Шайх, буюк имом, Шамсул аимма Ҳалвоний раҳматуллоҳи алайҳининг оталари фақир киши бўлиб ҳалво сотар эдилар. Баъзан фуқаҳоларга ҳалво улушиб: “Ўғлимнинг ҳаққига ҳам дуо қилинглар”, дер эди. У кишининг саховатлари, мустаҳкам эътиқодлари, меҳрибонликлари ва Аллога тазарруъ ила қилган дуолари баракотидан ўғиллари буюк мартабаларга эришди.

Шунингдек, толиби илм агар ўзига тўқ бўлса, керакли китобларни сотиб олиши лозим. Мол дунёсидан сарфлаб китоб ёздириб олса ҳам бўлади. Чунки китоб илм ҳосил қилишдаги асосий воситадир.

Муҳаммад ибн Ҳасаннинг бойлиги шу қадар кўп эдики, вакилларининг ўзи уч юз нафар кишини ташкил қилар эди. У барча бойлигини илм ва фиқҳ йўлида сарфлаб юборди. Ўзи учун ҳатто, арзигулик кийим ҳам олиб қолмади. Бир куни Абу Юсуф уни эски кийимда кўриб қолиб, янги кийим тортиқ қилди. Бироқ, Имом Муҳаммад ҳадяни қабул қилиш ўрнига уни рад этиб: “Сизларга шу дунёда, бизга у дунёда”, деди. Имомнинг ҳадяни қабул қилмаганига сабаб, гарчи уни қабул қилиш суннат бўлсада: “уни олишим ўз ўзимни хорлаш бўлади” деб, ҳисоблаганларидан бўлса керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ўзини ўзи хорлаши мумкин эмас”, деганлар.

Ҳикоя қилинишича, шайх, Фахрул ислом Ирсобандий раҳматуллоҳи алайҳи ташланган тарвуз пўчоқларини тўплаб, холи бир жойда еётганларида,буни жориялардан бири кўриб қолиб, хожасига хабар қилади. Хожа махсус зиёфат уюштириб, Имомни ҳам таклиф қилади. Бироқ, Имом бу таклифни рад этади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тамаъдан сақлан! Чунки у айни фақирликдир”, деганлар. Киши, ҳа деб бахиллик қилмасдан, бисотидаги мол дунёсидан ўзи ва бошқалар учун инфоқ эҳсон қилиб туриши керак. Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барча одамлар фақирликдан қўрққанлари учун фақирликдадирлар”, деганлар. Олдинги замонларда одамлар тамаъгир бўлиб қолмаслик учун аввал ҳунар ўрганиб кейин илм ўқир эдилар. Бир ҳикматда: “Ким одамларнинг моли билан бой бўламан деса, у ҳақиқий фақирдир”, дейилган.

Бордию тамаъгир олим одам бўлса, у илмнинг ҳурматини сақламайди. Одамларга ҳақиқатни гапирмайди. Шунинг учун ҳам, Соҳиби шариат соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан паноҳ тилаб: “Кишини (пасткаш) табиатга олиб борадиган тамаъдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, деганлар.

Мусулмон одам фақат Аллоҳдан умид қилиши ва Ундангина қўрқиши лозим. Унинг мазкур икки ҳолати, шариат ҳадларини поймол қилиш ёки қилмасликда яққол намоён бўлади. Яъни ким махлуқдан қўрққани учун Холиққа осий бўлса, у Аллоҳдан қўрққан деб ҳисобланмайди. Энди ким махлуқданқўрқсаю, лекин Холиққа осий бўлмаса ва шариатнинг ҳадларини ҳам поймол қилмаса, у одам ҳақиқатда Аллоҳдан қўрққан бўлади. Ражо бобида ҳам худди шундай.

Толиби илм дарсни саноқ билан ўқиши ва ўзи учун дарс такрорида маълум бир миқдорни белгилаб олиши лозим. Зеро, дарснингқалбга мустаҳкам ўрнашиши такрорнинг белгиланганмиқдорга етишига боғлиқ. Шу жиҳатдан кечаги дарсни беш марта, ўтган кунги дарсни тўрт марта, ундан олдингисини уч марта, ундан олдингисини икки марта ва охиргисини бир марта такрор қилиб туради. Мазкур тартиб (илмни) ёдлаш ва такрор қилиш учун энг муносибидир.

Толиби илм дарс такрорини ичида қилишга одатланмаслиги керак. Чунки такрор бардамлик ва тетиклик билан қилинади. Бироқ ўзини қийнаб баланд овозда ҳам такрор қилмайди. Чунки бу такрорнинг узилиб қолишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам: “ишларнинг яхшиси ўртачасидир”, дейилади.

Ҳикоя қилинишича, Абу Юсуф қачон фуқаҳолар билан илмий музокара олиб борсалар, ўзларини тетик ва бардам тутардилар. Унинг бу ҳолини кўрган куёвлари ажабланиб: “Мен аниқ биламанки, бу киши беш кундан бери туз тотгани йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам, мунозарада ўзини бардам тутганига қойилман”, дер эди.

Толиби илм дарснинг узилиб қолишига йўл қўймаслиги зарур. Чунки бундай ҳолат ўта зарарлидир. Бизнинг устозимиз шайхул ислом Бурҳониддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ: “Менинг шерикларимдан устун бўлишимга сабаб, илм таҳсили жараёнида ҳеч қандай узилиш рўй бермаганидир”, деган эдилар.

Шайх Исбижобий раҳматуллоҳи алайҳи ҳақида ҳикоя қилинади. Айтишларича, у кишининг таълим ва таҳсилида, инқилоб туфайли ўн икки йилликузилиш содир бўлган экан. Шундай бўлса ҳам, Шайх ўз шериклари билан мунозараларга чиқиб турар, икковлон доимо бирга дарс қилиб, имкони борича илм талабида бардавом бўлган эканлар. Улар ўн икки йил мобайнида мунозараларга биргаликда иштирок этиб келганлар. Натижада у кишининг шериклари шофеий мазҳабидаги шайхул ислом даражасига кўтарилган экан.

Бизнинг устозимиз шайх, қози, имом Фахрул ислом Қозихон раҳматуллоҳи алайҳ: “Фақиҳ бўлишни истаган одам фиқҳ бобида ёзилган китоблардан бирини тўлиқ ёд олиши керак. Ана шунда унга фиқҳий масалаларни тушиниш осон кечади”, дер эдилар.


"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Омон Қодиров таржимаси.