14.11.2019

06:35

13:00

15:35

17:35

19:05

ПОКЛИК

08.01.19

ПОКЛИК

Поклик зеҳн ва идрокни кенг ва ўткир қилиб, ҳар хил касалликлардан сақлайди. Пок бўлиш соғлигимиз ва саодатимиз учун энг керакли нарсадир. Инсоннинг либослари ҳам, у ишлатадиган асбоб-ускуналар ҳам, у яшаётган манзил, маҳалла ва кўчалар ҳам озода, саранжом–саришта бўлмоғи лозим. Поклик мусулмончиликнинг асоси бўлганлиги учун тани, кийими, жойномози пок бўлмаган кишининг ибодати ҳам дуруст бўлмайди.

Ислом дини поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 108-оятида: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. Ояти каримадан маълум бўладики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пок кишиларни яхши кўради. Расулуллоҳ (сав) Имкониятингиз борича пок ва покиза бўлингиз. Зеро, Аллоҳ таоло ислом динини покизалик узра бино қилгандир. Жаннатга ҳам фақат пок кишилар киргайлар!”,- дедилар.

Демак, Ислом дини озодаликка ва покликка олиб борадиган йўлдир. У бутун дунё халқларига жоҳилликдан маърифатга, зулматданнурга, нопокликдан покликкачиқиш йўлларини ўргатган диндир.

Халқимиз азал-азалдан тозаликка, озодаликка жуда катта эътибор бериб келган. Орасталик бор ерда барака бўлишини таъкидлашган. Уйнинг кўча қисми ёки ҳовли супруқсиз, ифлос бўлиб ётган бўлса, истиҳола қилиб ўтирмай, уй соҳибига танбеҳ берганлар, уни танқид қилганлар. Қуда-андачилик тутиниш учун қулчиликка борилган жой эгаларининг тозаликка қанчалик эътибор берилиши хонадоннинг аёли, қизларга берилган тарбия ҳақида асосий таассуротни берган.

Инсон ўзи яшаётган манзилларни озода бўлишига эришиши лозим. Зеро, ҳовли ва уйларнинг нотозалиги биринчи галда шу хонадонда турадиган учун зарарлидир. Ахлат-чиқиндиларга бепарво хонадонлар жинлар севиб тўпланадиган жойлардандир. Уй ва ҳовлиларда чиқинди-ахлатларнинг йиғилиб қолиши, уйнинг шифтларида ўргимчак тўри бўлиши, кечқурун овқати ейилган идиш-тавоқларни эртага ювишга қолдириб нопок сақлаш ва шунга ўхшаш нопок ишлар макруҳ амал ҳисобланади. Агар шундай бўладиган бўлса, бу уй-жойлар бебарака маскан ҳисобланади.

Расулуллоҳ (сав):“Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда:“Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. дея марҳамат қилганлар. Буюк саҳобий Абу Мусо Ашъарий Басрага келиб шундай деган эканлар: "Мен сизларга Ҳазрати Умар (р.а.) томонидан Пайғамбар (с.а.в.) суннатларини ўргатиш ва шаҳарларингиз, кўча-уйларингизни доимо тоза ва озода қилишга ўргатиш учун юборилдим" (Имом Сирин ривояти).

Шунингдек, Ислом дини вужудни озода бўлишига чақириб, инсон танасидаги оёқ ва қўл тирноқларини олиш, тишларни тозалаш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ ва киндик ости мўйларни тозалаб озода бўлишга буюради.

Тирноқ олиш суннат амаллардандир. Тирноқни ҳар ҳафтада ўнг қўли кўрсаткич бармоғидан то жимжилоғигача, сўнгра чап қўлнинг жимжилоғидан бошлаб бош бармоғи тирноғини олади. Охиридаўнг қўлнинг бош бармоқ тирноғи олинади. Оёқ тирноғиниҳар икки ҳафтада ўнг оёқнинг кичик бармоғида бошлаб, чап оёқнинг кичик бармоғида тугатилади. Қўл ва оёқ тирноқлари озодалик нуқтаи назаридан тўплаб, ерга кўмилади.

Инсон қўлтиқ ва киндик ости тукларини олиш билан вужудий покланади. Киндик ости тукларни киндикдан бошлаб олинади. Бу жойларда тук олинмаса,у ерда кир тўпланиб қўланса ҳид тарқатади. Ёки тери касаллигини келтириб чиқаради. Қўлтиқ ва киндик ости тукларини ҳар 15 кунда олинади. Уларни 40 кундан ўтказиб олмай юриш макруҳдир.

Оғизларни тозалаб юриш ҳам вужудий покликка киради. Бу ҳақда пайғамбаримиз с.а.в: “Оғизларингизни тозалаб юринглар. Чунки у Қуръон учун йўлдир”, деганлар.

Таҳоратда оғизга олинган сув оғиз ичини тишларни халқумни тозалайди. Бурунга сув олиш эса ундаги тукларга илашган микробларни тозалайди. Димоғ ва кўз йўлларига манфаат етказади.

Расулуллоҳ (сав) айтадилар: “Ювинганингизда қўл ва оёқ бармоқларингизнинг ораларига яхшилаб сув юритинг. Чунки у озодалик белгисидир. Озодалик имонга чақиради, имон эса ўз эгасини жаннатга чорлайди”.

Демак, шу қоидаларга амал қилиб, ўзимизни ва атроф-муҳитимизни моддий ва маънавий поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёимиз саодатли бўлади.


Азамат УСМОНОВ,

Касби тумани "Фазли" жоме масжиди имом-хатиби.