18.03.2019

06:00

13:00

16:55

18:55

20:25

​ЁШЛАР ТАРБИЯСИДА ИММУНИТЕТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ЗАРУРАТИ

08.01.19

ЁШЛАР ТАРБИЯСИДА ИММУНИТЕТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ЗАРУРАТИ

Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ёшлар онгу шуурини турли зарарли ғоя ва таъсирлардан самарали ва ишончли ҳимоялаш тобора долзарб аҳамият касб этмокда. Бу эса ота-оналардан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни, ёш авлоднинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни талаб қилади.

Барча тарихий даврларда ҳам ёшлар тарбияси, уларнинг дунёқараши ва ўзлигини англаши масаласи мамлакат тараққиёти, мустақиллиги, келажагини кафолатловчи муҳим омил саналган. Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, "Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”. Ёшлар тарбияси масаласи, айниқса бугунги даврда, глобаллашув жараёни ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олаётган шароитларда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу ўринда ўзбек халқининг буюк олими Абу Райҳон Берунийнинг "Менга ёшларни кўрсатсангиз, мамлакатимиз эртаси қандай бўлишини айтиб бераман”, деган ҳикматини аълоҳида такидлаб ўтиш жоиз. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшйигит-қизлар ташкил этар экан, ёшлар жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий янгиланишининг муҳим субъектларидан бўлиб, жамиятда содир бўлаётган мураккаб жараёнларга ўз таъсирини ўтказишда ва тараққиётни ҳаракатга келтиришда муҳим рол ўйнайди.

Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида қайд этилганидек, бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта, кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади”.Шу боис бугун юртимиз ёшлари тафаккури ва дунёқарашида ана шундай бўшлиқ юзага келишига йўл қўймаслик, улардаги маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифадир.

Фарзанд ота-онага омонат. Имом Ғаззолий таъбирлари билан айтганда, бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг биринчи галда ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.

Донолар айтадиларки: “Фарзанд - ота-она учун жондир. Борди-ю, фарзанд ноқобил бўлса - озори жондир. Ёмон фарзанд ота-она учун бадандаги оғриқ бармоқдир. Кесиб ташласа оғрир, кесмаса яна бир балодир. Фарзанд ота-она кўзининг меҳригиёси бўлса ҳам, ноқобили хас-хашак билан баробардир. Демишларким, агар фарзанд ёмон йўлга кирса, ундай фарзанднинг боридан йўғи яхшидир...”

Мафкуравий бўшлиқни тўлдириш ва мафкуравий иммунитетни шакллантириш – баркамол авлод тарбиясининг муҳим йўналишидир.

“Бугунги кунда террорчи ташкилотлар учун янги аъзоларни Сомали ёки Яман сахроларидан қидириш бирламчи услуб эмас. Айнан интернет улар учун янги имкониятлар эшиги, минглаб аъзоларни жалб этиш воситаси демакдир”, - дейди терроризм масалалари бўйича эксперт Арно де Боршгра.

Ҳозирда экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компьютер технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқда. Қайд этиш керакки, қатор мамлакатларда экстремистик ташкилотлар фаолияти тақиқланганидан сўнг улар тарғиботнинг илғор кўринишларидан фойдаланишга эътибор қаратмоқда. Экстремистик ва террористик ташкилотлар интернетдан интернетга киришнинг осонлиги, фойдаланувчиларнинг сони кўплиги, фаолиятга кетадиган сарф-харажатнинг камлиги ва қисқа вақтда дунёнинг барча жойларига тарқалиши каби сабабларга кўра фойдаланадилар.

Интернетдан олинаёган ахборотларга танқидий ёндашиш ва унинг фойдали манбалари асосида ўз дунёқарашини кенгайтириш, ғаразли маълумотларни инкор эта билиш идрокини, мафкуравий иммунитет ҳам ҳосил қилиш ғоят муҳим жиҳатдир. Ҳар бир ёш маьлум бир кўникма ва билимларга, диний тушунча-атама ва дунёвий илмларнинг моҳиятини тушуна олиш қобилиятига эга бўлиши, дунёда кечаётган сиёсий ва иқтисодий жарёнларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Буни аввало, ўзининг тақдири, келажаги олдидаги маьсулият деб билса, иккинчидан, Ватани ва халқи олдидаги бурчи сифатида тушунмоғи лозим.


Бозоров Абдуғани,

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти

“Тафсир” фани ўқитувчиси.