18.03.2019

06:00

13:00

16:55

18:55

20:25

​ШУКРОНАЛИК ҲИССИ БИЛАН ЯШАЙЛИК

10.01.19

ШУКРОНАЛИК ҲИССИ БИЛАН ЯШАЙЛИК

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди. Азиз авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Юртимиздан қанчадан-қанча қомусий олимлар, муҳаддису муфаққиҳлар, муфассир ва мутасаввифлар, донишманд ва мутафаккирлар, фан арбоблари етишиб чиққан. Уларнинг исмларини санаб адоғига етмайсан киши, бизларга қолдирган илмий меросларининг эса чек-чегараси йўқ.

Улуғ аждодларимизнинг номларини тиклаш, фақат у зотлар абадий қўним топган жойларини обод қилиш билан чекланиб қолмади. Уларнинг ислом олами, балки бутун дунё илм-фан аҳлини лол қолдирган илмий меросларига ҳам эътибор қаратилиб, бирма бир нашрдан чиқа бошлади. Халқимиз Қуръони карим, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадислари, ислом фиқҳи асослари, шонли тарихимиз ва одоб ахлоқ борасида ёзилган мумтоз адабиёт билан бевосита ўз тилимизда танишиш имкониятига эга бўлди.

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб туришда оилада ота-онанинг роли катта. Ота-она фарзандларига тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб боришлари даркор. Айниқса, аёл киши болалари тарбиясига масъул бўлгани учун ҳам болаларига тинчлик ўзи нима экани, бугунги кундаги мустақиллигимизга осонлик билан эришмаганимиз, унинг қадрига етишимиз кераклигини тушунтириш билан бир қаторда фарзандларида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб бориши зарур. Шундагина фарзандларимиз элим-юртим деб ёниб яшайди ва жамиятга керакли шахс бўлиб етишади.


Насруллоҳ Тўхтаев,

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.