22.09.2019

05:30

13:00

16:50

18:50

20:20

РИЁ ВА СУМЪА

16.02.19

РИЁ ВА СУМЪА

Ҳар биримизга амалларимизни фақат Аллоҳ таоло учун қилмоғимиз лозимдир. Кимки амални инсонлар кўрсин, ёки фолончи тақводор дейишлари учун қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло унинг ўша амалига ҳеч бир савоб бермайди. Унинг амалидан фақатгина қийинчиликлар, машаққатлар ва жабру-ситамлар кўргани қолади.

Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бера туриб:“Инсонларга риё қиладиган”, дейди. Яъни, уларнинг намоз ўқишдан кўзланган мақсадлари – Аллоҳнинг юзи эмас, балки одамлар кўриб, эшитишлари – хўжакўрсин учундир.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида яна шундай марҳамат қиладики: “Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло уларни “алдаб”қўйгувчидир. Ва улар қачон турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Аллоҳ таолони камдан-кам эслайдилар”. (Нисо сураси 142-оят).

“Намозини “унутиб”қўядиган “намозхон”ларга вайл бўлсин”. (Маъун сураси 4-оят). Яьники намозларига бепарво, енгилтаклик қилиб уни ўз вақтидан кечиктириб ўқийдиган кимсаларга ҳалокат, азоб бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Риёнинг озгинаси ҳам кичик ширкдир”.

Яна марҳамат қиладиларки: “Сизлар хусусингизда қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк”, дедилар. “Кичкина ширк нима?” дедилар саҳобалар. “Риё” дедилар у зот.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Аллоҳ таоло: “Мен шерикларнинг беҳожатроғиман. Кимки Мен учун бирор амални қилса, унда бошқани Менга шерик қилса, Мен ундан беҳожатман. У ўша “шерик” учундир”,дейди. (Ибн Можа ривояти).

Яна айтадиларки: “Кимки (одамлар) эшитсин деса Аллоҳ таоло эшиттириб қўяди ва (одамлар) кўрсин деса, Аллоҳ таоло кўрсатиб қўяди”. (Муттафақун алайҳ).

Яъни кимки одамлар кўриши ёки эшитиши учун бирор бирор амални қилса, Қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг бузуқ ниятини фош этади ва гувоҳлар ҳузурида шарманда қилади.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Кўп рўзадорлар борки, уларнинг рўзасидан оладиган “улуш”лари фақат очлик ва ташналикдир, кўплаб кечалари қоим бўлувчилар борки, уларнинг қоимликларидан оладиган “улуш”лари фақат бедорлик, халос”. Яъни, агар намоз ва рўза Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлмас экан, унга савоби берилмайди.

Баъзи ҳукамолар айтишган эканлар: “Риё ва сумъа (одамлар эшитиши) учун амал қилган кимса ҳамёнини тошлар билан тўлдириб олган кишига ўхшайди. У бозорга бир нарса сотиб олиш кириб, сотувчининг олдида ҳамёнини очса, ичи тўла тош бўлади ва сотувчи тошларни унинг унинг юзига отади. Инсонларнинг: “Ҳамёни жуда тўла экинми?” деган сўзларидан бошқа унга ҳеч бир манфаат йўқ ва унга ҳеч вақо берилмайди”. Худди шунга ўхшаб риё ва одамлар эшитсин, деб қилинган амаллардан заррача фойда йўқ, охиратда унга савоб ҳам берилмайди.

Адий ибн Хотим розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир тоифа одамларни дўзахдан жаннанга олиб бориш буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, унинг бўйларини ҳидлаб, ундаги қасрлар ва Аллоҳ таоло жаннат аҳли учун хозирлаб қўйган нозу неъматларни ва ҳозирланган нарсаларни кўришгач, “Уларни жаннатдан буриб юборинглар, у ерда уларга насиба йўқ”, деб нидо қилинади.Шунда улар: “Парвардигоро, бизга жаннатингни ва у ерда дўстларинг учун хозирлаб нарсаларингни (ноз-неъматларингни) кўрсатмасдан туриб дўзахга киритганингда, бизга осонроқ бўларди”, дейишади. “Мен сизларга шуни ирода қилдим, - дейди Аллоҳ.

- Чунки сизлар ёлғиз қолганингизда, улкан гуноҳлар билан менга қарши чиқдингиз ва одамларга йўлиқсангиз, уларга итоаткор – тақводор бўлиб кўриндингиз. Инсонларга қалбингиздан Мен учун берган нарсаларингизнинг тескарисини кўрсатдингиз. Одамлардан қўрқдингиз. Мендан қўрқмадингиз. Одамларни улуғладингиз”. - дейди, Аллоҳ таоло.

Ҳасан раҳматуллоҳу алайҳ айтганларки: “Риёкор ўзи ҳақидадаги Аллоҳ таолонинг тақдиридан ғолиб бўлишни хоҳлайди.У ўзини “солиҳ” деб аташларини истайди. Уни қандай қилиб солиҳ десинлар, ҳолбуки у Парвардигори томонидан тубан ўринга тушиб қолган бўлса. Мўминларнинг қалблари уни таниб, ажратиб олишлари шарт”.

Риёкор Қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: “Эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор, бор, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофатингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”.

Қатода розийаллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Агар банда риё қилса, Аллоҳ таоло: “Бандам Мени қандай масхара қилаётганини қаранглар”, дейди”.

Айрим кишилардан: “Ихлоснинг ғояси-мағзи нима?” деб сўрашганида, “Одамлар мақташини ёмон кўришинг”, дея жавоб беришган.

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Риёкорнинг учта аломати бўлишини баён қилганлар: “Ёлғиз ўзи бўлса, дангасалик қилади, одамлар даврасида серғайрат бўлади, одамлар мақтаган ишни кўпайтириб, қоралаган ишни камайтиради”.

Баъзи ҳукамолардан ривоят қилинади: “Амал қилувчи амалида қўй боқувчидан ўрнак олишлиги лозим бўлади. Албатта, қўй боқувчи агар намоз ўқиса, қўйлардан намозига мақтов олишни ўйламайди. Шунингдек, амал қилувчи инсонлар унга қарашларини кўнглига келтирмаслиги лозимдир. Аллоҳ таоло учун инсонлар олдида ва ёлғиз қолганда ҳам бир хил тарзда амал қилади. Инсонларнинг мақтовини талаб этмайди”.

Абу Бакр Воситий айтади: “Тоатни сақлаш уни қилишдан кўра қийинроқдир, чунки унинг мисоли тез синадиган шишага ўхшайдир. У ямоқни қабул қилмайди. Шунингдек, амал ҳам, агар унга риё аралашса, уни синдиради, агар манманлик аралашса, у ҳам ўша амални синдиради. Киши бир амални қилганда риё аралашиб қолишидан қўрқса, қўлидан келса, риёни кўнглидан чиқарсин, сўнгра шунинг учун ўша нарсага ҳаракат қилсин, агар имкони бўлмаса, амални қилаверсин ва амални риё туфайли тарк қилиб қўймасин. Кейин Аллоҳ таолодан истиғфор сўрасин, бу ишда риёси ўрнига шоёдки, Аллоҳ таоло бошқа амалида ихлосманд қилиб қўйса”.


Муҳаммад ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.