14.11.2019

06:35

13:00

15:35

17:35

19:05

Қаср намози ҳукмлари

11.04.19

Қаср намози ҳукмлари

Бандаларига осонликни ирода қилиб сафарда намозни қаср ўқишни жорий этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Умматларига ҳазарда ҳам сафарда ҳам Ислом дини таълимотларини ўргатиб келган ҳазрати Муҳаммадга салот ва саломлар бўлсин.

Инсон ҳаёти турли машаққат ва қийинчиликларга тўла. Айниқса сафар чоғларида мазкур машаққатлар икки ҳисса ортади. Сафарда турли ҳолатларга тушиб турилади. Албатта, бундай пайтларда мўмин киши динининг кўрсатмаси қандай экани, мазкур ҳолатда нима ши қилса динига мувофиқ бўлиши ва ҳаказолар борасида тафаккур қилади. Қуйида биз мусофир кишининг сафардаги намозлари борасидаги динимиз ҳукмларини қисқача баён қиламиз.

Аллоҳ таоло: «Қачонки ер юзида сафар қилсангиз, сизларга намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир»[1], деган.

Ушбу ояти карима ила Аллоҳ таоло сафарда намозни қаср қилиб, тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат қилиб ўқишни шариатга киритган. Чунки сафарнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўшаларни енгиллаштириш учун Аллоҳ таоло меҳрибонлик қилиб, тўрт ракатли намозларнинг ярмини қисқартириб енгиллик берган. Бу Ислом осонлик дини эканини кўрсатади. Шу билан бир вақтда намознинг нақадар аҳамиятли ибодат эканини ҳам кўрсатади.

Ҳа, сафар азобнинг кичик бир кўриниши. Сафардан мақсад қандай иш бўлишидан қатъий назар киши аҳли оиласи, ёру дўстлари, мол-дунёси ва ватанидан маълум бир муддатга ажраб ёлғиз ўзи ғарибликда турли хатарларга рўбарў келади. Айнан шу сабабли Аллоҳ таоло ислом умматига айрим фарзларни адо қилишларида енгилликни ирода қилди. Жумладан, мусофир рўза тутмасдан оғзи очиқ юриши (сафари тугагандан сўнг бир кунига бир кун қазосини тутади) ёки тўрт ракатли фарз намозларни қисқартириб икки ракат қилиб ўқиши каби амалларни айтиш мумкин. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг биз мусулмонларга қилган садақаси -эҳсонидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг бу садақасини қабул қилиб, сафарда намоз қаср ўқилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши: “Аллоҳ таоло намозни ҳазарда ҳам сафарда ҳам икки ракат, икки ракат қилиб фарз қилди. Кейинчалик намоз сафарда икки ракат ҳазарда тўрт ракат қилинди” дедилар[2].

Уммул мўъминин Оиша розияллоҳу анҳо ушбу ҳадиси шарифда намозни қаср қилиб ўқиш қандай жорий қилингани борасида маълумот бермоқдалар. Дастлаб шом ва бомдод намозларидан ташқари барча намозлар икки ракатли бўлгани кейинчалик бу ҳукм фақатгина сафардаги намозларда сақланиб қолгани пешин, аср ва хуфтон намозларига икки ракат зиёда қилингани айтилмоқда.

Баъзи уламолар сафарда қасрга рухсат берилиши учун айрим шартларни қўйганлар. Жумладан, улар қилинадиган сафар мубоҳ иш учун ёки тоат мақсадидаги сафар бўлиши керак деганлар. Ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи сафар маъсият учун бўлса ҳам қасрга рухсат берилади деганлар. Бу борадаги яна бир муҳим жиҳат сафардаги масофа ва унинг муддати масаласидир. Бунда мазҳаблар ўртасида турли қарашлар мавжуд ва ҳар бир мазҳаб ўзининг далилларга асосланиб сафар масофаси ва унинг муддатини турлича белгилаган. Ҳанафий мазҳабида сафар масофаси 88 к/м дан 96 к/м гача унинг муддати эса ўн беш кундан кам бўлиши керак деб белгиланган. Шофеий мазҳабида сафар масофаси 80 к/м бўлиб, унинг муддати кириб борган ва чиқиб кетадиган кунидан ташқари тўрт кундан кам бўлиши керак дейилган. Баъзи бир уламоларимиз эса, мазкур масофага бориш бугунги кунда намозни қаср қиладиган сафарга ўхшамай қолди. Шунинг учун сафарни эътиборга олишда масофа узунлигини эмас, вақтни эътиборга олсак яхши бўлади. Бир киши одатда мусофир қиладиган ишларни ниятни, қилиб, керакли нарсаларни олиб, аҳли аёли билан хайрлашиб, тунашга уйига қайтиб кела олмайдиган даражада сафарга чиқса, ҳақиқий мусофир ҳисобланади, дейдилар.

Шаҳар ёки қишлоқнинг уйларидан ажраб чиққандан бошлаб намоз қаср қилиб ўқилаверади. Баъзи ҳанафий уламолар сафарга чиқишни ирода қилиб турган киши ҳали уйида бўлса ҳам қаср ўқиса бўлаверади деганлар. Сафардан қайтишда то уйига кириб келмагунча намозларни қаср қилиб ўқиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ислом енгиллик устига барпо қилинган диндир. Чунки муқаддас ислом динидаги енгилликлар биргина сафар ва унга оид масалаларнинг ҳукмлари билан чегараланиб қолмайди. Булардан ташқари яна кўплаб енгиллик ва қулайликлар борки, уларни бирма-бир санаб чиқишнинг ўзи мушкул. Намозни қаср ўқишга оид бошқа саволларга фиқҳ китобларимиздан жавоб топиш мумкин.


Омон ҚОДИРОВ,

Китоб шаҳар “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.



[1] Нисо: 101

[2] Манҳал ҳадис 85 бет