21.05.2019

04:40

13:00

17:53

19:53

21:30

​РЎЗА – ТАҚВО ВА ПОКЛАНИШ АСОСИДИР

07.05.19

РЎЗА – ТАҚВО ВА ПОКЛАНИШ АСОСИДИР


Аллоҳ таоло чексиз илми ила дунёдаги ҳар бир нарсани буюк ҳикмат ва ўлчов билан яратган.

Бизларга Рамазон рўзасини фарз қилиши, уни қатъий бир фаслда эмас, балки йилдан йилга сурилиб, ҳар бир фаслда келишида ва бошқа бизлар билган-билмаган нарсаларда ҳикмат ва фойдалар мавжуд. Чунки Аллоҳ таоло мўмин инсоннинг иймонини турли хил усулда синаб кўради.

Рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:

1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

«Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз». (Бақара: 183-184).

Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:

«Шоядки, тақво қилсангиз», деб рўзадан кўз­ланган асосий мақсадни ҳам баён этиб қўймоқда. Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани «албатта, албатта» маъносидадир.

Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси бўлиб, рўза тутган киши қалбида тақво руҳи уй­ғониши керак.

Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади.

Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоати­га холис ажраб чиқишга ёрдам беради.

Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

2. Рўзанинг энг зўр ҳикматларидан бири у туфайли рўзадор соғлиғини тиклаб олади. Пайғамбар а.с.: “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар”, деб айтганлар.

Ҳозирда рўза тутиш айнан соғлик учун фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўб гапирмоқдалар.

Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва самарали намунасидир.

Рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки касалликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги энди ошкора айтилмоқда. ҳозирги кунда кенг тар­қалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик, яъни, рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.

Бир неча йил олдин Россия олимлари рўза тутдириш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли. ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шифо топганлар.

Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлиб боради.

3. Рўзанинг фойдаларидан навбатдагиси ҳавои нафсни синдиришдир.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.

4. Рўзанинг фойдаларидан яна бири Шайтонга қаҳр кўрсатишидир.

Маълумки, лаънати Шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, Шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амри­ни бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади, ўзини мағлуб ҳисоблайди. Рўза эса айнан ўшандоқ ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан Шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

5. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлиши.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса, киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

6. Рўза тутган кишининг тутган рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир.

7. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.

Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.

8. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр-бардошли киши сифатига эга бўлишидир.

Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун турли кўнгли хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши эса, керагича сабр-бардошга эга бўлади.

9. Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакл­лантириб мустаҳкамлайди.

Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан ўз ихтиёридан таш­қари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.

-Демак, ким тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта, рўза тутсин.

-Ким соғ-саломат бўламан деса, рўз тутсин.

-Ким ҳавои нафсни синдиришни хоҳласа, рўза тутсин.

-Ким Шайтонни мағлуб қилмоқчи бўлса, рўза тутсин.

-Ким қалбим мусаффо бўлсин деса, рўза тусин.

-Ким гуноҳлари мағфират қилинишини хоҳласа, рўза тутсин.

-Ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса, рўза тутсин.

-Ким сабр-бардошли бўлмоқни истаса, рўза тутсин.

-Ким раҳм-шафқатли бўлишни хоҳласа, рўза тутсин.


Аббосхон Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.