17.07.2019

04:40

13:00

18:05

20:05

21:30

​МЎЪЖИЗАВИЙ ЖУФТЛИК

09.05.19

МЎЪЖИЗАВИЙ ЖУФТЛИК

Бутун оламни барқарор мувозанатда ушлаб турган жуфтлик қонунияти ҳақида бир оз фикр юритсак. Шу нарсани таъкидламоқ жоизки, физика фанидан яхшигина хабардор бўлган иймонлик киши, табиатдаги физикавий ҳодисаларни моҳиятини, қонуниятларини муборак ояти карималар асосида тушуниб олишлиги ҳамда Қуръони Каримнинг илмий мўъжизалари олдида лол қолиши аниқдир.

Физика, математика, химия ва бошқа фан соҳаларида олимлар томонидан амалга оширилган барча кашфиётлар ҳақида аслида бир ярим минг йилча олдинроқ Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло томонидан Ўз муборак каломида баён қилинган экан. Сўзимизнинг исботи сифатида энг муҳим физик қонуниятлар ичидан жуфтлик қонунияти ҳақида фикр юритсак. Ҳақиқатдан ҳам бу ёруғ дунёда жуфтлик қонунияти устивордир.

Инсонлар, ҳайвонлар ва барча организмлар жуфт ҳолда ҳаёт кечириши ҳаммага маълум. Шунингдек, инсонларга хос бўлган хислатлар ҳақида, масалан яхшилик-ёмонлик, сахийлик-хасислик, жасурлик-қўрқоқлик ва шунга ўхшаш бошқа бир қанча хислатлар ҳақида руҳшунос олимларимиз кўплаб асарлар ёзганлар. Ёки кеча ва кундуз, нур ва соя, шовқин ва сукунаткаби бир-бирига зид бўлган жуфтликларни ҳам мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.

Электр бўлимига оид мусбат ва манфий зарядлар, мусбат ва манфий ионлар, ўзгарувчан ва ўзгармас токлар мавжуддир. Худди шунингдек электромагнит тўлқинлар ҳам элекр ва магнит майдонлари натижасида пайдо бўлиб тарқалади. Бирисиз иккинчиси пайдо бўлмайди. Бу ерда ҳам жуфтлик қонуниятининг гувоҳимиз. Яна ўзимиз яшаётган она заминимизҳам икки қутбдан, яъни шимолий ва жанубий қутблардан иборатдир. Олам ўқининг бир учи шимолий қутбда бўлса, бир учи жанубий қутбда бўлади.

Ва яна энергиянинг ҳам бир-бирига зид бўлган икки тури мавжуддир. Булар потенциал ва кинетик энергиялардир. Жисм юқорига отилганда потенциал энергияси ортиб бориб, кинетик энергияси камайиб боради. Жисм қайтиб пастга тушаётганда унинг энергияси аксинча бўлади. Энг кичик зарра ҳисобланмиш атом ҳам нейтрон ва протондан ташкил топган.

Машҳур физик олим Карл Давид Андерсонинг позитрон (мусбат электрон) ни кашф этгани физика фанининг энг муҳим ютиқларидан бири бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб, заррачалардаги мавжуд бўлган зид, антизарралар оламига ҳам саёҳат этсак.

«Антизарралар –массаси, спини, изатопик спини, жуфт – тоқлиги ўзининг «эгизак» заррасининг мос параметрларига ўзаро тенг бўлиб, бир – биридан фақат электр ва нуклон зарядлари, ажиблиги, магнит моментларининг ишоралари билан фарқ қиладиган элементар зарралардир»[1].

Масалан:

Электронга нисбатан антизарра позитрон,

Протон нисбатан антизарраантипротон

Нейтрон нисбатан антизарра антинейтрон

Нейтроно нисбатан антизарра антинейтроно

Маълум бўлишича, антизарра барча зарядли зарраларда ҳам, зарядсиз зарраларда ҳам мавжуд бўлар экан.

Антипротонпротонга нисбатан антизаррадир. Унинг массаси, спини, заряди ҳатто магнит моментининг мутлоқ қийматлари, протоннинг тегишли физик параметрларига тенг. Фақат заряди ва магнит моментининг ишораси билан протондан фарқ қилади

«Зарра ва антизарра жуфтининг алоҳида хоссаси – уларнинг бир – бири билан учрашганда аннигиляцияланиб, материянинг бошқа шаклига айланиши»[2].

«Аннигиляция» (лотинча «annihilatio» - йўқолиш)- зарранинг антизарра билан тўқнашиши натижасида бошқа заррага айланиш жараёни. Ҳозирги замон физикасида кўплаб топилаётган элементар зарралар, улардан баъзиларининг йўқолиб кетиши ва бошқаларинг пайдо бўлиши, материянинг чексиз хилма- хиллигини, материя шакилларининг ўзаро бирлигини, материянинг бир шаклдан иккинчи шаклга айланишини ифодалайди»[3].

Энди, модда ва антимоддалар хусусида.

«Антимодда -антизарралардан ташкил топган материя тизими. Антинуклонлар антиядрони, антиядро билан антиэлектронлар (позитронлар) антиатомни, антиатомлар антимолекулани ҳосил қилади ва ҳакозо. Шу равишда антизарралардан ҳосил бўлган турлича антижисмлар, антиюлдузлар, антигалактикалар мавжуд бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Антиэлектрон, антипратон, антинейтрон ва бошқа айрим антизарралар кўплаб тажрибаларда аниқланди....Материянинг антимодда шаклида яшаши фақатХХ асрдагина аниқланди. Ер юзаси ёки космос миқёсида модда билан антимодданинг ўзаро таъсири, жумладан уларнинг аннигиляцияси натижасида рўй бериши мумкин бўлган катта энергияли турли ҳодисаларни ўрганиш, келажак физикасининг муҳим масалаларидандир. Атом ва антиатом тўқнашишда жуфт электрон-позитронларнинг, шунингдек, нуклон ва антинуклонларнинг шиддатлижараёнлари юз беради.Барча мазкуржараёнлар натижасида катта миқдордаэнергия ажралиб чиқади»[4].

Аннигиляциянинг барча энергиясидан тўлиқ фойдаланиш имконини берадиган илмий кашфиётлар ихтиро қилиниб, улар амалга ошадиган бўлса, инсон ғоят битмас – туганмас энергия манбаига эга бўлади. Масалан: 1 кг модда ва антимодданинг тўлиқ ўзаро таъсирлашиши, яъни, аннигиляцияси натижасида ажралиб чиқадиган энергия 3 миллиард тонна тошкўмир ёнганида олинадиган энергиядан ҳам 3 миллиард марта зиёд бўлар экан.

Ҳа, ота-боболаримизбилмаган, кўрмаган қанчадан-қанча янгиликларни гувоҳи бўлиб турибмиз. Ажаб эмас, яқин келажакда модда ва антимодда аннигиляцияси натижасида ажралиб чиқадиган энергиясидан саноатда, фан- техникада фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш, Аллоҳ берган ақл идрок билан амалга ошса. Тараққиёт давом этар экан, Аллоҳ инсониятни ўз даврига мос равишда ақл-идрок бериб, яратган неъматларини тасарруф этмоқлигимизни насиб этган экан, улардан фойдаланишда исрофгарликка, зулм, зўравонликка берилмай шукроналик ила истиқомат қилмоқлигимиз лозим бўлади. Ваҳолани, ҳали электр лампочкаларнинг Эдисон томонидан 1867- йилда кашф этилмасдан аввал, кишиларга бир неча минг шамчироқ ёруғлигидан бир дона қилдек симчанинг ёруғлиги бир неча минг ҳисса кучли бўлади деганида, бу хусусда тортишишни ҳам лозим топмай, сизни хаёлпарастликда айблаб, кулибгина қўя қолиши мумкин эди. Ваҳоланки, ҳозирги кунларимиздаги турли кучланишдаги чироқларимиз-у прожекторларимизнинг ёритиш қуввати ҳаммамизга маълумдир. Ёки, ўз вақтида атом реакцияларини бошқариш, унинг энергиясидан фойдаланишда инсон ожизлик қилган бўлса, ҳозирги даврга келиб, АЭСлар, атом муз ёрар кемалари ва бошқа атом қурилмалари инсониятга хизмат қилмоқда. Ажаб эмаски, неча тонналик ёқилғи билан коинотга учаётган космик ракеталаримиз, бир чунтакка жо бўладиган модда ва антимодда аннигиляцияси энергияси воситасида узоқ сайёраларга парвоз этса.

Ёки машиналаримизни ҳаракатга келтиришучун, тугмачадек нарсанинг энергияси кифоя қилса.Шуни таъкидлашни лозим деб биламанки, бу кучли энергиялар фақат инсон манфаатларига хизмат қилиши лозим. Акс ҳолда истиқомат қилаётган она заминимизни парча-парчалаб, ҳалокатга юз тутишимиз мумкин.

Бутун табиат баҳраманд бўладиган ёруғлик нурининг ўзига ҳам Аллоҳ таоло икки хил хусусият ато этибди:

1.Ёруғлик-тўлқин каби тарқалиш хусусиятига эга. Бу назарияНьютон ва унинг издошларига тегишли.

2.Ёруғлик – худди заррачалар оқими каби сочилиш хусусиятига ҳам эга. Бу назария эса Гюйгенс ва унинг издошларига тегишлидир.

Биз нафас оладиган кислороднинг ҳамтаркибида «Мусбат аэроионлар» ва «Манфий аэроионлар» мавжуд экан. Ана шу «Манфий аэроионлар»нинг ҳаёт учун бағоят муҳимлигини машҳур биофизик олим Александр Чиживески ХХ асрнинг йигирманчи йилларида биринчи бўлиб исботлаб берди. Табиатдаги жуфтлик ҳақидаги сўзимизни шу ерда мухтасар қилсакда, бу жуфтликни ҳикмат билан яратган буюк яратгувчини муборак каломига мурожаат этсак.

Бу ҳақда «Ваз-заариёт» сурасининг 49 оятида шундай марҳамат қилинади:

«Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик. Шоядки эсласангизлар»[5].

Ҳа, биз ибрат, эслатма олишлигимиз учун ҳар бир нарса ўз жуфти билан яратилган экан.


ПАРМОН РАСУЛОВ,

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юртининг ўқитувчиси.


[1] Ўзбекистон Мил.энцик. Давлат илмий нашр. Тош.2000.1т. 364 бет.

[2] Ўзбекистон Мил.энцик. Давлат илмий нашр. Тош.2000.1т. 364 бет.

[3] Ўзбекистон Мил.энцик. Давлат илмий нашр. Тош.2000.1т. 351 бет

[4] Ўзбекистон Мил.энцик. Давлат илмий нашр. Тош.2000.1т. 365 бет.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол”. Тошкент2008. 7-жуз,522 -бет.