17.07.2019

04:40

13:00

18:05

20:05

21:30

​РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

09.05.19

РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

Мана барчамиз 11 ойдан буён интизорлик билан интиқиб, соғиниб кутган, “Аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан нажот” бўлган муборак ой, ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойи кириб келди. Бугун биз сизларга Рамазон ойи фазилатлари ҳақида Аллоҳ таоло қодир қилганича маълумотлар берамиз. Бу ойнинг фазилатлари ҳақида том-том китоблар ёзилган. Бугун ўрганадиганларимизни аксарини барчамиз биламиз лекин биз бу тўгрисида қайта-қайта суҳбатлашишдан чарчамаймиз. Эҳтимол кимдир ушбу суҳбатимиздан фойда олган ҳолда ўз ҳаётида татбиқ этса, иншааллоҳ қалбларимизда Рамазонга бўлган муҳаббат янада ортиб, ҳаётимизнинг мазмунли ўтишига, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва рамазон учун берадиган мукофотларига эришишимизда ёрдам беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳи алайҳи васаллам: “Ким рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар.”

Бу ҳадиси шарифда кимки иймон ва чин ихлос ила холис Аллоҳ розилиги учун рамазон рўзасини туца Аллоҳ таоло унинг аввалги гуноҳларини мағфират қилиши ҳақида хушхабар берилмоқда. Бу дунёда барчамиз билиб-билмай гуноҳ қиламиз. Рамазон ойи эса ана шу гуноҳларимизни ювиш учун қулай фурсатдир. Бу улкан имконият рамазон ойининг улуғлигидан берилмоқда бизга. Ҳа азизлар бу ойда тутган рўзамиз учун ҳам гуноҳларимизни ювамиз, ҳам улкан савобу мукофотларга эга бўлар еканмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Менинг умматимга олдинги умматларнинг бирортасига ато қилинмаган бешта хислат берилди: 1) рамазон ойининг аввалги кечасида Аллоҳ таоло уларга раҳмат назари билан қарайди. Аллоҳ таоло қайси бандага раҳмат назари билан қараган бўлса, абадий азоб қилмайди; 2) Аллоҳ малоикаларга Муҳаммад (алайҳиссалом) уммати учун истиғфор айтишни буюради; 3) рўзадор кидҳининг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳ наздида мушки анбардан ҳам хушбўйроқдир; 4) Аллоҳ таоло жаннатга: “Зийнатлан”, деб буюради ва сўнг: “Мўмин бандаларимга жаннат бўлсин, улар Менинг дўстларимдир”, дейди; 5) Аллоҳ таоло уларни мағфират қилади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Рамазоннинг ҳар бир соатида Қадр кечасигача олти юз мингта дўзахга маҳкум бўлган киши озод қилинадилар, Қадр кечасида эса, ойнинг аввалидан бошлаб унгача озод қилинганлар миқдорича киши озод қилинади. Ҳайит куни эса, бу муборак ойнинг бошидан то охиригача озод қилинганларнинг ададича киши озод қилинади”. Бу ҳадиси шарифдан ҳам Рамазон ойининг қанчалик фазилатли ва улуғ ой эканлигини билишимиз мумкин. Аллоҳ таоло ушбу мукаррам ойнинг фазилатни ва улуғ имтиёзлар ойи қилди биз мусулмонлар учун.

Аллоҳ таоло Оъзининг каломида: Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир...” дея марҳамат қилади (Бақара сураси, 185-оят).

Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига тушрилган. Аллоҳнинг ҳақ каломи бўлмиш мўжизакор, исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматга қадар ҳаёт дастури бўлган Қуръони каримнинг ушбу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғлигига яққол намунадир. Шу сабабдан ҳам бу ой Қуръон ойи ҳам деб номланади. Бутун дунё масжидаларида ушбу ойда Қуръони хатмлари бошланади. Бу ҳам ушбу ойнинг энг завқли фазилатларидандир. Буни барча таровеҳ намозига қатнашувчилар жуда яхши ҳис этишади.

Юқорида зикр этганларимиз денгиздан томчи холос. Бу муқаддас ойнинг фазилатлари ҳақида ёзиб адоғига етказа олмаймиз. Аллоҳ таолодан ушбу ойнинг улуғ фазилатларидан ва чексиз мукофотларидан барчамиз баҳраманд бўлишлигимизни насиб этишини сўраб қоламиз. Аллоҳ таоло қиёмат кунида барчамиз жаннатнинг “Райён” номли эшигидан кирувчилардан қилсин иншааллоҳ.


Миржалил Худойназаров,

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.