17.07.2019

04:40

13:00

18:05

20:05

21:30

ИНСОН АЗИЗ ВА МУКАРРАМДИР

09.05.19

ИНСОН АЗИЗ ВА МУКАРРАМДИР

Барчаларимизга маълумки, 9-май куни Республикамизда "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланади. Бу ташаббус юртимизда тарихий хотирани тиклаш, шу юртнинг тинчлиги ва омонлиги учун курашган аждодларимизнинг жасоратини улуғлаш мақсадида, уларнинг хотираси учун нишонланади. Қолаверса, бу барча юртимиз фуқаролари қалбида ватандаги тинчлик ва эмин-эркинлик ҳиссини сездириш ва бундай улуғ неъматни қадрига етишларини билдириш ҳисобланади. Шундай экан барчамиз бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашимиз ва ундан ибрат ва ўрнак олишимиз даркор. Юқорида биз айтган бу ташаббус Ислом руҳиятига ва унинг гўзал одоб-ахлоқларига мос келади.

Чунки, хотира ҳисси ва шуъури инсонни улуғлайди ва уни юқори мартабаларга олиб чиқади. Бу шуъур янги ўниб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанига, халқига, асрлар давомида қадрлаб амал қилиб келаётган эътиқод ва қадриятларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромни жонлантиради. Зеро, биз биламизки қанчадан-қанча аждодларимиз, юртдошлармиз юқоридаги мақсадлар учун ўз жонларни фидо қилганлар.

Ислом динида инсон ҳақ-ҳуқуқлари мукаммал даражада белгиланган.

Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай дейди:

{ وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ }

“Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик...” (70-оят).

Оятдаги ушбу мукаррамлик ўлигу тирикни, мўмину кофирни ўз ичига олади.

Ислом дини инсон ҳуқуқлари нафақат ижтимоий ҳаётда, балки вафотидан кейин ҳам амалда бўлишини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқсак, вафот этган инсоннинг ҳам ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари мавжуд. Булар исломда ибодат саналади ва буларни фарз, вожиб ва суннат ҳисобланади. Демак, буларни адо этиш тириклар зиммасидаги бурч ҳисобланади. Улар 4 та:

1.Маййитни ювиш;

2.Кафанлаш;

3.Жаноза ўқиш;

4.Дафн қилиш;

Юқоридаги ўлганда бажариладиган ишлар ҳақида гап кетди. Қуйида биздан олдин ўлиб кетган инсонларга нисбатан қандай муомала бўлиш айтилади.

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ (10) الحشر

"Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни маъфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар".

Яъни, муҳожирлар ва ансорийлардан кейин келган мўминлар авлоддан-авлодга мана шундай илтижо қилиб ўтадилар.

Бу ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўлиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмас. Шу билан бирга, тирикларга нисбатан ҳам мўмин кишининг қалбида ҳеч қандай адоват, ҳасад бўлмаслиги зарур.

Расулуллоҳсаллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлганларингизни яхшиликларини зикр қилинглар ва уларнинг ёмонликлари(ни айтиш)дан тийилинглар”, деб айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У киши: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлганларингизни фақат яхшиликларини зикр қилингиз”, дедилар”, деган.

Китобларда ўлган инсонни ғийбат қилиш тирик инсонни ғийбат қилишдан ашаддийроқ эканлиги айтилган. Чунки бу дунёда тирик инсондан кечирим сўраш имкони бор ва у афв қилиши мумкин. Бироқ ўлган инсондан буни имкони йўқ. Бу қиёматга қолади.

Исломда инсон вафот этганидан сўнг марҳумни ҳурмат-эҳтиром қилиш жараёни ювиш, кафанлаш, жаноза, тобут кўтариш, дафн, дафндан кейин эсамерос, таъзия, уларнинг ҳаққига дуойи хайр қилиш, уларнинг ўрнидан садақалар қилиш, солиҳ амаллар қилиб ҳаққига бағишлаш ва қабр зиёрати кўринишида намоён бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом динининг юксак инсонийлик мазмун-моҳияти унинг барча ҳукм, қоида ва кўрсатмаларида, даставвал, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қадрлаш ва уларга самимий эҳтиром кўрсатиш ҳамда вафотидан сўнг ҳам лозим бўлган ҳурматнинг юқори даражада амалга оширилишида намоён бўлади. Энг эътиборлиси буларнинг ислом динида фарз ва вожиб тарзида ибодат қилиб қўйилшидир. Албатта бунда эътибор аҳли учун катта ибрат бор.

Демак, Ислом умматининг ўлигию, тириги, аввалию охири бир хилда эъзозга лойиқдир.


Аббос Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси.