14.11.2019

06:35

13:00

15:35

17:35

19:05

​Олий фазилат намунаси

07.06.19

Олий фазилат намунаси

Инсон ҳаётда адашиши мумкин. Хато қилганларни тўғри йўлга солиб, бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб қайтариш юртдошларимиз қалбида асрларга муҳрланган олий қадриятдир. Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида ҳаётнинг тўғри йўлидан адашганларни эзгуликка бошлаш, уларга яхши амалларни бажариш учун имконият бериш борасидаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Куни кеча айни савобли ишларнинг мантиқий давоми сифатида яна бирэътиборли, савобли иш амалга оширилди.

Муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики турли алдов ва найранглар оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилиши, бошпана ва иш билан таъминланиши чоралари кўрилиши белгиланди.

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: – “Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди”, деганлар. Ушбу ташаббус инсонларга бўлган раҳм-шафқатнинг олий намунасидир.

Аллоҳ таоло: “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, деган (Аъроф сураси, 199-оят). Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, одамларнинг қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағирли бўл.

Бир донишманддан - қачон одамлар бир-бирига доимий меҳр оқибатда бўлишади- деб сўрашганда, у киши – одамлар бир- бирини кечириб яшашса—деб жавоб берган экан. Нега доимий меҳр-оқибатда кечиримлилик шарт қилинаяпти - деб сўрашганда эса, у киши- сабаби одамлар хатодан ҳоли яшай олмайди—деб жавоб берган экан.

Дарвоқей ҳаёт давом этар экан, шу ҳаётнинг гултожи бўлган инсон албатта яшаш жараёнида билиб – билмай қандайдир хатога йўл қўяди. Қайсики бир инсон- мен умуман хато қилмаганман, мутлақо бегуноҳман- деса, унинг мана шу гапини ўзи гуноҳкор эканлигига кифоя қилади. Чунки барча айбу - нуқсонлардан пок зот ёлғиз Аллоҳнинг ўзидир. Шундай экан хатосиз яшай олмайдиган инсонларниўз ўрнида узрини қабул қилиш инсонийликнинг энг юқори чўққисидир.

Халқимизда “Беайб парвардигор” деган ҳикматли гап бор. Буни одатда билиб – билмай айбли иш содир қилган кишига нисбатан ишлатамиз. Негаки, инсон хатодан холи эмас. Ана шундай хатогарчиликка йўл қўйган, гуноҳ ишларни содир этган, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган кишиларнинг хатоларини кечириш, ўз хулқ-атворини ўнглаб олиши учун унга имкон бериш энг олий фазилатлардан саналади.

Бугун биз муқаддас динимиз кўрсатмаларига, халқимизга хос бўлган шу қадрият яна бир бор юзага чиққанлигига гувоҳ бўлдик.

Авф сўзининг маъноси – қудрати етган ҳолда айбдорга жазо беришни тарк этишдир. Бу сифат Аллоҳ таоло ҳузурида ҳамма сифатлардан энг улуғроғи ва фазилатлироғидир. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳрини фатҳ этган куни ўзлари кўп кулфат кўрган қурайш қабиласи улуғларини авф қилдилар ва уларга “Сизлар озодсизлар!” дедилар.

Кўриниб турибдики Пайғамбаримиз (с.а.в) кечиримлиликни энг олий фазилат санаганлар, саҳобалардан ҳам шуни талаб қилганлар ва умматларига шуни буюрганлар. Хатосини тушуниб етган, тўғри йўлга киришни истаган кишини кечирмоқ, уни жамиятдан ажрамаган ҳолда тарбияламоқ ва оиласи бағрига қайтармоқ адолатли ва эзгу иш ҳисобланади

Кечиримлилик Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган улуғ фазилатлардан биридир. Бировларнинг хатоси, айби, гуноҳидан ўтиб, қасос олмасдан кечириб юбориш ва авф этиш, бу жуда катта фазилат. Негаки, кечирилган, авф этилган киши ўзининг қилмишларидан пушаймон бўлиши, тўғри йўлга тушиб олишга ҳаракат қилиши табиий.

Кўриниб турибдики, динимизда кечиримлилик – авф этиш инсонларнинг бир-бирига марҳамати, эзгу амали сифатида қадрланади.

Кафавий: “Афв қудрати етиб туриб зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга ҳақдор бўлатуриб уни тарк қилса, афв қилган бўлади”, деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда: “Қиёмат куни бир жарчи “Кимни Аллоҳ азза ва жалланинг зиммасида ажри бўлса, ўрнидан турсин!” деб нидо қилади. Бас, одамларни афв қилганлар туради”, дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қасоси бор нарса оширилган бўлса, у зотнинг албатта афвга амр қилишларини кўрдим”.

Афв қилиш улкан фазилат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо бундай ишларда пешқадам бўлганлар ва умматларини ҳам шунга амр қилганлар. Ҳар бир мусулмон қасос олиш имконига эга бўла туриб, ўз биродарини афв этса, олийжаноб иш қилган бўлади ва улкан ажрларга эга бўлади.

Муҳаммад ибн Умайра Абдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тавозе бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозе қилинг, Аллоҳ таъоло сизни юқорилатур! Афв бандага иззатдан бошқани зиё­да қилмас. Бас, афв қилинг, Аллоҳ сизни азиз қилур! Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг, Аллоҳ азза ва жалла сизни бой қилур!”, дедилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”, деганлар

Расулуллоҳ с. а. в. ҳаётларидан яна бир мисол: Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ ансорийлар келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг” дейишганида у зот алайҳиссалом “Аллоҳумма, иҳди Сақифа” – “Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил”, дедилар. Ансорийлар яна “Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг” дейишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна “Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин” дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар. Мана, бағрикенгликнинг ёрқин намунаси. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу муборак дуолари ижобат бўлиб, ана шу Сақиф қавмидан кейинчалик буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ “Гуноҳ қилган одам ҳақида яхши гумонда бўлиш авлиёларнинг хислатидир”, дейдилар. Муҳтарам Юртбошимизнинг топшириғига биноан амалга оширилган мазкур хайрли иш ўзгалар ҳақида яхши гумонда бўлишнинг энг яхши кўриниши ҳисобланади.

Энди узоқ, нотинч жойларда қийналиб юрган ушбу юртдошларимиз учун ўз оиласига ва жамиятга қайтиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имконияти яратилди. Бу эса давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлигини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир. Инсон ҳаёти, қадр-қиммати баланд бўлган юртда тинчлик осойишталик, бирдамлик ва меҳр-оқибатлилик устувор бўлади.


Раҳматулло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.