14.11.2019

06:35

13:00

15:35

17:35

19:05

Кибрнинг сабаблари

14.06.19

Кибрнинг сабаблари

Кибр — кўпчиликнинг ичида қадр-қиммати баландилги ва ноёблик хисси, буларнинг бари бировдан ўзини устун қўйишдан келиб чиқади. Ўта кучайиб кетган ЎЗЛИК такаббурлик, бировдан нафратланиш, кимнидир камситмоқликни туғдириб чиқаради.

Ҳаддан ташқари кеккайиш, мағрурлик ёки кибру-ҳаволаниш хисси бир пайтнинг ўзида ҳам қийин, ҳам осон. Адлернинг тадқиқотларига кўра, одамни туғма ижобий хислатлари етарли бўлмаган комплекс туйғулар бошқаради. Худди шу туйғулар кибрни келтириб чиқаради. Унинг бир неча сабаблари бор. Булар:

1. Илм. Илмга уринган баъзи одамлар мутакаббирлик дардига жуда ҳам тез чалинадилар. Улар ўзича илмнинг жамолига ва камолига маҳлиё бўлганлари ҳолда ўзларини юқори олиб, ўзгаларга паст назар билан қарашни бошлайдилар.
Уларнинг кибри икки сабабга оид бўлади.

Биринчи сабаб – илм деб аталаётган нарса ҳақиқий бўлмайди. Ҳақиқий илм орқали банда Роббини ва ўзини яхши танийди. Ҳақиқий илм эгаси тавозуъли бўлади ва кибрга яқин ҳам йўламайди. Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Албатта, Аллоҳдан Унинг уламо бандаларигина қўрқирлар», деган (28-оят).

Иккинчи сабаб – илмга уринган бўлса ҳам, ўзи нафси бузуқ, хулқи ёмон одам бўлишидир. Бу каби одамлар қанча илм олсалар ҳам ўзларини ўнгламаганлари учун ёмон сифатлар уларни тарк этмайди. Нотўғри шахсда пайдо бўлган илм эгасининг мутакаббирлигига сабаб бўлиши ажабланарли ҳол эмас.

2. Амал. Бу ердаги амалдан ибодат ҳам кўзда тутилади. Бу турдаги кибр кўпроқ обид ва зоҳидларда бўлади ва икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисм дунёвий ишларда бўлади. Унда, одамлар фақат уларни зиёрат қилиши кераклигини даъво қиладилар. Одамлар уларнинг ҳожатларини чиқаришлари, улуғлашлари, жой бўшатишлари, доимо уларнинг тақволари ва ибодатларини мадҳ қилиб туришлари лозимлигини даъво қиладилар.

Иккинчи қисм диний ишларда бўлиб, унда даъвогар ўзидан бошқалар нотўғри йўлдан бораётганларини ва ҳалокатга учрашларини даъво қилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир одамнинг «одамлар ҳалок бўлди», деганини эшитсангиз, унинг ўзи энг ҳалок бўлганидир», деганлар.

3. Ҳасаб ва насаб ила кибрланиш. Насаби шарафли бўлган одам ўзидан илми ва амали устун бўлган одамга такаббурли муомала қилади. Уларнинг наздида, бошқа одамлар худди уларнинг қули ёки хизматкоридек бўлади. Ислом таълимотида эса, насаб кишининг амалидан устун қўйилмаган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

4. Жамол ила кибрланиш. Бу нарса одатда аёллар ўртасида кўпроқ учрайди. Улар бир-бирларидан жамоллари ила фахрланиш, бошқаларининг айбларини зикр қилишга ўч бўладилар.

5. Мол билан кибрланиш. Молу пули кўп кишилар исло-мий тарбия олмаган бўлсалар, камбағаллардан кибрланишлари, ўз моллари ила фахрланишлари маълум ва машҳур. Уларнинг кибрлари гап-сўзлари, ҳатти ҳаракатлари ва имо-ишораларидан ҳам билиниб туради.

6. Куч-қувват билан фахрланиш. Бунда моддий ва маъна-вий куч, имконият, чора-тадбирлар ва бошқалар кўзда тутилади. Мутакаббирлар ўзларидан мазкур нарсаларда паст бўлганлар устидан «сени у қилиб юбораман, бу қилиб юбораман», дея фахрланадилар.

7. Ўз тарафдорлари билан кибрланиш. Бунда киши ўз қарамоғидагилар, шогирдлар, хизматчилар, қариндошлар, уруғ-аймоқлар, ака-ука ва фарзандлар билан кибрланади.

Кибр ва манманлик сифатларининг зидди бўлган камтарлик эса гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таьлимоти ҳам бизларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Пайғамбаримизс.а.в ўз ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар:“Аллоҳ таоло менга бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бошқа бировга керилмасин, бирон кимса ўзгага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди”. (Имом Муслим ривояти)

Қандай қилиб камтар бўлиш мумкин? Бу саволга Имоми Ғаззолий бундай деб жавоб берган: “Инсон аввало ўзи нимадан яратилганини англаши лозим”. Аллоҳ таоло барчамизни кибр, манманлик каби иллатлардан Ўзи асрасин!


Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.