25.08.2019

05:15

13:00

17:30

19:30

21:00

Ўзганинг ҳақига тажовуз қилиш ёхуд фирибгарликнинг салбий оқибатлари

14.06.19

Ўзганинг ҳақига тажовуз қилиш ёхуд фирибгарликнинг салбий оқибатлари


Ҳаётда ўзгаларнинг ҳақига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.

Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар.“Муфлис (ҳеч вақоси йўқ ночор) ким биласизларми? Саҳобалар: бизнинг орамизда бирор нарсаси, бирор дирҳами ҳам бўлмаган киши муфлисдир, дейишди. Шунда Расулуллоҳ менинг умматимдан ҳақиқий ночорлар шундай кишиларки қиёмат кунида намоз, рўза, закотлари билан келишади, шу билан бирга, дунё ҳаётида мана буни сўккан, яна бирини айблаган, бошқа бирининг молини еган ва яна бошқасининг қонини оқизган, яна бирини ноҳақ урган. Бас ундай кишининг яхши амаллари қиёмат кунида ана у ҳақдорига олиб берилади агар ҳақдорининг ҳар бирига ҳақлари олиб берилгунга қадар яхши амаллари тугаб қолса уларнинг хатолари олиниб бунга юкланади сўнгра дўзахга улоқтирилади”, - дедилар.

Ҳа, ҳақиқий ночорлар мана шу тоифадаги кишилардир. Агар яхшилиги бўлса ҳам ўзгаларини алдаб, молини ўзлаштиргани боис ўша яхшилигидан ҳам маҳрум бўлувчилардир.

Бировни ҳақини ейиш икки хил йўл билан бўлади: биринчиси – зулм орқали. Бунга зўрлик билан тортиб олиш, хиёнат, ўғирлик, талончилик билан ейиш киради. Иккинчиси ҳазил – ўйин орқали. Бунга қимор ва турли эрмаклар киради. Расулуллоҳ яна айтадилар: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”. Демак, ҳар бир инсон ўзини бу ишлардан эҳтиёт қилмоғи лозим.

Бугунги кунда товламачилик, ўзгалар ҳақига тажовуз қилишнинг бир қанча кўринишлари оммалашган. Жумладан, тижоратда ўз шеригига хиёнат қилиш, бозорларда тарозидан уриш ёки молни айбини беркитиб сотиш, қарз олиб қайтариб бермаслик ва ҳоказолар бу ишлар айрим ибодатли кишилар, ҳатто айрим ҳажга борганларнинг орасида ҳам учраётганлиги аччиқ бўлсада ҳақиқат. Бу каби ишлар оилалардан, жамиятдан барака кўтарилишига сабаб бўлиб, инсонлар орасида ишончсизлик, адоватни пайдо қилади.

Ўтмишда аждодларимиз бировнинг ҳақидан қаттиқ хазар қилишган, ўзганинг ҳақини олиш у ёқда турсин, ўзлари билмаган ҳолда тасодифан келиб қолса ҳам ундан зудлик билан қутилишган. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам (р.а)нинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳақидан астойдил қочганлари тарихда маълум ва машҳурдир. Бу зот савдогарлик билан шуғулланиб юрганларида молнинг айбини айтишни унутиб сотиб юборгани учун савдогарчиликдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан шерикликни узганлар ва ўша молдан келган даромадни ҳаммасини садақа қилиб юборганлар.

Буни қарангки, улуғларимиз ҳатто шубҳа аралашган молдан ҳам ўзларини шу қадар эҳтиёт қилганлар. Ислом дини инсоннинг жонини қанчалик ҳимоя қилган бўлса, унинг молини ҳам шунчалик ҳимоя қилади. Яъни бировнинг жонига тажовуз қилиш катта гуноҳ бўлганидек, унинг молига тажовуз қилиш ҳам улкан гуноҳдир. Фирибгарлик қилиб молни ўзлаштирган ёки қарз олиб уни эгасига қайтармаётган кишилар ёки омонатга хиёнат қилганлар қиёматда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум кишилардир.

Маълумки, мазкур йўл билан топилган озуқа оилада фарзандларга олиб борилади, бундай ишларда жуда катта хатар бор. Яъни ўғрилик,алдов ёки зўрлик билан топилган озуқани еб катта бўлаётган фарзандлар келажакда ким бўлади? Бу айни инсонни ўйлантирадиган масала.Уларнинг ахлоқи, тарбияси, феъл-атвори қай ҳолатда бўлади?

Халқимиз бировнинг ҳаққи деб ҳаттоки девор оша осилиб турган дарахт шохини синдириб, тиш ковламаган, таклиф қилинмаган жойга бормаган, изн сўрамасдан кирмаган, дастурхондан ҳеч нарсани фарзанд-набираларига илинмаган. Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, бузуқ, зулмкор, ахлоқсиз бўлиб улғаяди. Унга ҳеч қандай панду насиҳат, таълим – тарбия кор қилмайди. Чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга боланинг танига шайтоний табиат ҳам кириб, сингиб боради. Бежизга Қуръони Карим ўртадаги молни наҳақлик билан, ботил йўл билан ейишдан қайтармаган. Бекорга охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом умматларини фақат ҳалол ризқ топишга, ўзганинг ҳақидан ҳазар қилишга чақирмаганлар. Ҳаром дўзахга элтади, ҳалол эса жаннат кафолатидир.

Ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: Умрини қандай ўтказгани, жасадини нимага мубтало қилгани, билганига қай даражада амал қилгани, молини қандай топгани ва нимага сарфлагани ҳақида” (Имом Термизий ривояти).

Содир этилаётган ҳар бир жиноятнинг негизида омонатга хиёнат қилиш ётибди десак, хато бўлмайди. Омонатнинг маъноси жуда ҳам кенг қамровли бўлиб, агар уни умумийлаштириб айтадиган бўлсак, омонат бу инсоннинг зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққи, атрофини ўраб турган борлиқ мавжудотнинг ҳаққи ва ўз нафсининг ҳаққидир. Шундай экан, ўзгаларнинг молига, жонига тажовуз қилиш, моддийми, маънавийми қайси кўринишда бўлишидан қатъий назар бирор инсонга зарар етказиш, унинг тинчлиги ва омонлигига хавф солиш ўзгаларга нисбатан хиёнатдир. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинган:

وَلَا تُجَادِلْ عَنِ الَّذِينَ يَخْتَانُونَ أَنْفُسَهُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ خَوَّانًا أَثِيمًا

(سورة النساء/107)

яъни: “Ўзларига хиёнат қилувчилар ҳақида тортишиб ўтирманг. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва жиноятчи бўлган кимсани севмайди” (Нисо сураси, 107-оят).

Аллоҳ Таоло барчамизни бировнинг ҳаққидан хазар қиладиган, ҳалол ва ҳаромни фарқлайдиган, инсофли, диёнатли ва тақводор бандалардан айласин!


Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.