14.11.2019

06:35

13:00

15:35

17:35

19:05

​Ўғирлик гуноҳи кабирадир

21.06.19

Ўғирлик гуноҳи кабирадир

Бир куни Илм ва Ор-номус учрашиб қолибди. Илм айтибди: «Агар мен йўқолиб қолсам, масжид ва мадрасалардан изланглар». «Агар мен йўқолиб қолсам, - дебди Ор-номус, - излаб, овора бўлманглар, ҳеч қаердан тополмайсизлар...».

Дарҳақиқат, ор-номусидан айрилиб, шаънига доғ туширган инсонлар аввалги мартабаси-ю, мавқеини тиклаб олишлари даргумон. Бу уларнинг ҳаётида бир умр қора доғ бўлиб қолади. Айниқса, ўғирлик қилиб қўлга тушган инсондан ҳамма қочади. Ўғри деган ном тавқи лаънатдек ҳамиша унинг исмига тақалади. Ҳамма тинч, фароғатда яшаса, ўғри доимо ҳавфда, изтиробда, пана-пастқамда умр кечиради. Унинг ёмонлигидан одамлар нотинч бўлади.

Ундайлар ҳақида Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дебдурлар: «Қиёмат кунида одамларнинг энг паст даражалиси дунёда одамлар унинг ёмонлигидан нотинч бўлган кишидир».

Лекин орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзганинг ҳақига хиёнат қилишдан тап тортмайди. Ўғирлик гуноҳи кабирадир. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 38 - оятида шундай марҳамат килади: “Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу Аллоҳдан бездирувчи иқоб ўлароқ, касб қилган нарсаларига яраша жазодир. Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир”.

Уламолар айтадиларки, ўғирлаган нарсани эгасига қайтармас экан, ўғрининг тавбасидан ҳеч наф йўқ. Агар ҳеч вақоси бўлмаса, молнинг эгасидан розилик олиши шарт.

Мол – мулк эгасининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлса-да, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон - тарож қилиш ўғирлик ҳисобланади.

Ўғирлик содир этган одам ишончни йўқотади. Агар у қилган иши учун тавба килмаса, Қиёмат кунида жавоби бундан-да қаттиқроқ бўлади. Ўғирлик моли ўғрининг зиммасига тўланиши керак бўлган қарз бўлиб туради. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (29-оят). Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, товламачилик, қарзни инкор қилиш билан бир қаторда ўғрилик ҳам киради.

Ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам мол эгаси тарафида бўлишлари, молни олганини инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, мол эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим.
Ҳар бир бировнинг ҳақини ўғирлаган тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзни узмай туриб вафот этиб қолиш жуда ҳам оғир вазиятни юзага келтиради. Ўлган бандадан Аллоҳ таоло Ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин, аммо ўғирланган мол банданинг ҳақидир. Бу ҳақни мол эгасининг ўзи кечмагунча, Аллоҳ таоло кечмайди.

Шунинг учун ҳам қай бир мусулмон вафот этса, аввало унинг қарзи суриштирилади ва ўша қарзни узиш чоралари кўрилади.
Вафот этган кишидан қолган тарикага, яъни “тарк қилинган нарса”га бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартиб ила адо этилади:

1. Бир мусулмон одам вафот этганидан сўнг унинг тарикаси ҳисоб қилиниб, биринчи галда уни кафанлаб, кўмиш учун кетадиган харажатлар ажратилади.
Бунда уни кафанлашга, ювишга, гўрини қазишга, олиб бориб, кўмишга кетадиган харажатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу харажатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳаққи бўлмайди.

2. Ундан кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади.

Бу ҳақ ҳам меросхўрларнинг ҳаққидан устун ҳақ ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: “Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча, қарзига боғлиқ бўлиб туради”, деганлар.

Бошқа ҳадисларда айтилишича, маййит ҳатто шаҳид бўлса ҳам, қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат яқинлари унинг қарзини адо этганларидан кейингина шаҳидларга ваъда қилинган мартабаларга эришади. Шунинг учун ҳам қарз меросхўрлар ҳаққидан устун қўйилади.
Бировнинг молини ўғрилик билан еган, аммо уни узишга ортида бирор нарсаси йўқ одамнинг ҳоли нима бўлади? Бундай ҳолда вафот этган одам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг катта гуноҳ бўлмиш ширкдан кейинги ўринда турадиган гуноҳни қилиб ўлган бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий с.а.в: “Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳйи қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир”, дедилар”. Ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади.

Исломда ўғирлик гуноҳининг оғирлигини англаш учун бу қилмишга яраша бериладиган жазо ҳақида фикр юритиш лозим. Ўғирлик қилиш гуноҳи оғирдир, чунки, унинг бу иши Пайгамбаримиз (с.а.в.) қайд этган мунофиқлик аломатларидан биридир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) мунофиққа қуйидагича таъриф берганлар: “Омонатга хиёнат қилади”.

Агар инсон ўғирликка қўл урган бўлса, у гуноҳи кабира қилган бўлади. Агар у ўғирланган нарсаларни қайтариб бермаса, чин қалбидан тавба қилмаса, бу дунёда ва охиратда жавоб беради.

Уламоларнинг таъкидлашича, кимнинг моли ноҳақ тортиб олинган ёки ўғирланган бўлса, у ўша мол миқдоридан ортиғини олмаслиги лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилувчилар учун хайрлидир” (Наҳл сураси, 126-оят). Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ “Ат-Таҳмид” китобида шундай дейди: “Шариат бўйича, жазо зарар миқдорига баробар бўлиши керак”.

Ўғирликка охиратда ҳисоб –китоб ва жазо муқаррар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва китоб қўйилди. Бас, жиноятчиларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасан. Улар: “Вой, шўримиз қурисин. Бу қандай китоб, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай ҳисоб қилибди-я”, дерлар. Ва қилган амалларини ҳозир ҳолда топдилар. Роббинг ҳеч кимга зулм қилмас” (Қаҳф сураси, 49-оят);

Ахлоқи ёмон, ўғриликни ўзига касб қилган болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний.

Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялар ҳамда ўғирдик каби жирканч иллатлардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор.

Зеро, ўғирлик, талончилик билан шуғулланган кишилар охиратда хору-зор бўладилар. Аллоҳ барчамизни бундай залолат-у қабоҳатдан ўзи асрасин.


Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.