25.08.2019

05:15

13:00

17:30

19:30

21:00

ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

28.06.19

ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

Ҳар биримиз ўзаро муомала, мулоқотни “Ассалому алайкум”, “Ва алайкум ассалом”, яъни “Сизга Аллоҳнинг тинчлиги бўлсин!” ва “Сизга ҳам Аллоҳнинг тинчлиги бўлсин” деган истак, тилак билан бошлаймиз. Пайғамбаримиз ҳам ўз ҳадисларида “Саломлашишни ўрталарингда кенг ёйинглар!” деб буюрганлар. Бу муқаддас динимизда инсон ҳаётининг асоси, барча орзу-умид ва истакларининг манбаи – тинчлик ва осойишталикни тарғиб қилиш масаласига қанчалик катта эътибор билан қаралишининг яна бир исботи бўла олади.

Ҳадислардан бирида, кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экани таъкидланади. Бундан шу осуда ва тинч бошланган куни учун ҳар ким Яратганга чексиз шукроналар қилиши керак эканини англаш мумкин.

Инсонлар орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бундай ҳаракатлар исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг “Бақара” сурасининг 191-оятидаги “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деган кўрсатма ҳамда “Нур” сурасининг 11–21- оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани ҳақидаги қайдлар юқоридаги фикрларнинг тўғри эканини тасдиқлайди.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизлик ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида:“...Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.

Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз ( “Мусулмон киши шуки унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор чекмайдилар!” деб марҳамат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан – инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин экани таъкидланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда айрим фирқа ва тоифаларнинг мусулмонман, деб турган халқнинг ичида парокандалик, оиласида зиддиятларни келтириб чиқаришга қаратилган уринишлари исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир.

Ислом дини кишиларни бир-бирига нисбатан меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга уларни динидан, миллатидан қатъий назар бир-бирларига ўзаро ҳурмат-иззат кўрсатишга чақиради. Муқаддас динимиз – ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди. У одамларни доимо яхшиликка, эзгу ишларга чорлаб келган. Шу боис ҳам халқимиз асрлар мобайнида юксак маънавияти, бой мероси ва миллий анъаналарини мустаҳкам сақлаб қолган.

Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади ҳамда чиройли хулқлиликниг зидди ёмон хулқлилик белгиси бўлади.Қуръони каримда Аллоҳнинг бузғунчиларни яхши кўрмаслиги айтилган. Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади.

Ҳадиси шарифда: “Қайси бир мусулмон киши иккинчи бир мусулмон биродарига тиғ кўтарса, то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча Аллоҳнинг фаришталари унга лаънат айтиб турурлар”, - дейилган.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз: “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилмоқ эса куфрдир”, - деб марҳамат қилганлар.

Айни пайтда, тинчликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар мавжудлигини, барқарор ҳаётни издан чиқаришга қаратилган янги шакл ва мазмундаги таҳдидларнинг пайдо бўлаётганини ҳам эътироф этиш зарур. Бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилиши, террорчилик хуружларининг тобора кенг миқёс ва кўлам касб этаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Қандай кўринишда ва қандай шиор остида амалга оширилмасин, зўравонлик, агрессия ва босқинчилик тинчликка олиб бормайди. Аксинча, тинчликка уруш ва низоларга барҳам бериш орқали ва инсонлар орасида чиройли хулқни қарор топтириш орқали эришилади.

Аммо турли зиддиятларни келтириб чиқариш ва шу йўл билан ўз мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Шундай кучлар бор экан, низоли вазиятларни сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Бу ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.

Демак, бундай ҳаракатларга қарши курашиш, жаҳолатга қарши маърифатни қўйиш ҳам тинчликни мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.


Музаффар ҚОСИМОВ,

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юртининг маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини.