15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

​Ғийбатнинг зарарлари!

05.07.19

Ғийбатнинг зарарлари!

Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдилар: Журжоний айтади: “Ғийбат инсондаги бор айбларни унинг ўзи йўқлигида зикр қилишдир”.

Имом Ғаззолий: “Ғийбат биродарингни унга ёқмайдиган нарса ила зикр қилишингдир. Ўша ёқмайдиган нарса (ноқислик) унинг баданида, насабида, хулқида, феълида, сўзи ёки динида, ҳаттоки либоси, турар жойи ва уловида бўлса ҳам, фарқи йўқ”.

Баданидаги ноқислик: новча, пакана, қора, сариқ, чўлоқ, оқсоқ ва ҳоказо. Насабдаги ноқислик: қибтий, ҳиндий, хабаший. Хулққа оид феъллар: хулқи ёмон, мутакаббир, риёкор, серғазаб, ожиз, қўрқоқ, бахил, хасис. Динга тааллуқли бўлган феъллар: ўғри, каззоб, ароқхўр, золим, хоин, бенамоз, бетақво, ғийбатчи, фосиқ. Дунёга тааллуқли бўлган феъллар: Одобсиз, одамларни таҳқирловчи ёки ҳақиқатни кўролмайдиган ва ҳар доим ўзиникини ҳақ деб билувчи. Кийинишдаги ёмон феъллар: Қимматбаҳо кийимларни кийиш, нопок кийимларни кийиш, қўланса ҳидли кийимларни кийиш, кенг ёки тор кийиниш ва ҳоказо.

Хузайфа розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида эслаб, “У пакана эди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни ғийбат қилдинг”, дедилар”. Ғийбат энг катта гуноҳлардан биридир. Шунинг учун ҳам у қатъий ҳаром қилинган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади”, дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ғийбатга қарши чиқиб, ғийбат қилинаётган инсонни ҳимоя қилиш унинг дўзахдан ҳимоя қилиниши билан мукофотланар экан. Чунки агар кескин раддия билан ўз ўрнида ғийбатчининг оғзига урилмаса, бу иллат жамиятда янада ривожланиб, чуқур илдиз отиб кетиши шубҳасиздир. Натижада ҳамма ўзаро душманга, бир-бирининг обрўсини тўкадиган кишиларга айланиб қолади.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Кимки ғийбатдан тавба қилган ҳолда ўлса, у жаннатга охири киради. Кимки ғийбатда бардавом бўлган ҳолда ўлса, у дўзахга биринчи киради”, деб ваҳий қилди.

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади (Муттафақун алайҳ).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳни зикр қилинглар, чунки бу даводир. Лекин одамларни гапиришдан сақланинглар, чунки бу дарддир”, деганлар.

Қатода розияллоҳу анҳу: “Қабр азоби уч бўлакдир. Ундан бири ғийбат, яна бири чақимчилик, яна бири пешобдан сақланмасликдир”, деганлар.

Баъзи уламолар айтадилар: “Салафларнинг ибодати рўзада, намозда эмас, балки одамларнинг обрўсини тўкишдан сақланишда эканини кўрдик”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бирор кишини айбламоқчи бўлсанг, ўзингнинг айбларингни эсла”.

Ҳасан розияллоҳу анҳу: “Эй Бану Одам, токи ўзингда бор айблар ила бошқаларни ғийбат қилишдан тўхтамагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқатига етолмайсан”, дейдилар.

Яна у киши айтадилар: “Бировни зикр қилиш уч хил бўлади. Бири – ғийбат, иккинчиси – бўҳтон, учинчиси эса туҳматдир. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Китобида зикр қилинган. Ғийбат унда бор нарсани гапирмоғинг, бўҳтон унда йўқ нарсани гапирмоғинг, туҳмат сенга етиб келган нарса ҳақида гапирмоғингдир”.

Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳумуллоҳ бир қанча кишиларга зиёфат бердилар. Улар дастурхон атрофида ўтирганларида ғийбат қила бошлашди. Шунда Иброҳим роҳимаҳумуллоҳ: “Бизлардан аввалгилар гўштдан олдин нон ер эдилар, сизлар эса нондан олдин гўшт ейишни бошладингиз”, дедилар.

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: “Бир киши: “Сизни фалончи ғийбат қилди”, деди. Унга бир товоқ хурмо бериб юбордилар ва: “Менга етишича, сиз менга ҳасанотларингизни ҳадя қилибсиз, бунинг учун сизни мукофотлашни истадим, узримни қабул қилинг. Чунки мен сизни тўлиқ мукофотлашга қодир эмасман”, дедилар”.

Ғийбатга рухсат берилган ўринлар.

Шариатнинг мақсадларини рўёбга чиқариш учун баъзи ҳолатларда бошқаларнинг нуқсонларини зикр қилишга рухсат берилади. Чунки мазкур мақсадларга эришиш учун шундан бошқа йўл йўқ. Улар олти ўриндан иборат бўлиб, бундай ҳолатда ғийбатнинг гуноҳи даф қилинади.

Биринчиси: Зулм. Бир киши қозига ўзининг фалончидан зулм кўрганлиги ёки унинг хиёнати тўғрисида хабар бериши мумкин. Агар ушбу ҳолатда у мазлум бўлмаса, бу ғийбат ҳисобланади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақ эгасининг сўзи бор”, деганлар.

Иккинчиси: Ислоҳ қилиш учун осийга раддия бериш ва уни бу ишдан қайтариш учун ёрдам талаб қилиш маъносида. Яъни мазкур ишлардан қайтаришга ўзининг куч ва имконияти етмаса, куч ва имконияти бор раҳбарлар ва маҳкамага мурожаат қилиши мумкин.

Учинчиси: Фатво сўраш учун муфтийга: “Отам менга зулм қилди” ёки “Аёлим мана бундай қиляпти, ундан қандай халос бўлишим керак?” каби арз қилишда. Чунки Ҳинд бинти Утба Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Абу Суфён бахил, мен ва болаларимга кифоя қиладиган нарсани бермайди, унга билдирмасдан бирор нарса олишим мумкинми?” деди. Шунда у зот: “Ўзинг ва болаларингга етарли нарсани яхшилик ила ол”, дедилар. Бу суҳбатда Абу Суфённинг бахиллиги ва зулми эсланди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз билдирмадилар.

Тўртинчиси: Мусулмонни ёмонликдан огоҳлантириш: Агар бир фақиҳ бидъатга берилиб, фосиқлик қилса ва унинг бу ёмонлиги бошқаларга ҳам таъсир қилиш хавфи бўлса, унинг бидъатчи ва фосиқлиги ҳақида бошқаларга огоҳлантириш маъносида айтиш мумкин.

Бешинчи: Бир инсон ўзида бўлган нуқсони билан лақабланиб, танилиб қолган бўлса. Масалан: Шилпиқ, Чўлоқ каби. Чунки тарихда Аъмаш–шилпиқ ва Аъраж–чўлоқ каби машҳур зотлар бўлишган. Уламолар мазкур шахсларни танитиш учун шундай лақаблар билан зикр қилишни зарурат, дейдилар. Мазкур шахслар ўз лақаблари билан шу даражада машҳур бўлганларки, ўзларининг бундай лақабланишларини мутлақо кариҳ кўрмаганлар.

Олтинчи: Фосиқлиги билан танилган кишининг сифатларини айтиб танитиш. Масалан: “хунаса”, “тажовузкор”га ўхшаш. Уларни мазкур айблари билан зикр қилиш ғийбат ҳисобланмайди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки юзидан ҳаё пардасини олиб ташласа, унинг учун ғийбат йўқ”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳузурларида бир аёлнинг солиҳ амаллари, тутган рўзалари тўғрисида гапирилди. Лекин унинг қўшниларига тили билан озор бериши ҳам эсланди. Шунда у зот: “У жаҳаннамдадир”, дедилар.

Ғийбатнинг каффороти.

Ғийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади: Аллоҳ таолонинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло қайтарган ишни килди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади.

Банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади.

Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, кечирим сураши ва надоматини билдириши лозим бўлади.

Уламолар: “Унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак”, деганлар.

Агар гaп ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тав­ба қилган ғийбатчи унинг ҳаққига истиғфор айтади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ғийбат қилган бўлсанг, бунинг каффороти унинг ҳаққига истиғфор айтмоғингдир”, деганлар.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ сизлар учун оналарга оқ бўлишни, ноҳақликни, қиз гўдакларни тириклай кўмишни ҳаром қилди ва сизларнинг миш мишларингизни, кўп савол беришингизни ҳамда мол исроф қилишингизни ёмон кўрди” (Имом Бухорий ривояти).

Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳаммаёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойдами, зарарми, ўйлаб ўтирмайдилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғабаримиз: “Кишининг ёлғончилигига ҳар эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар.

Абдувадуд УСМОНОВ,

Чироқчи тумани "Ҳазрати Умар" жоме масжиди имом-хатиби