17.07.2019

04:40

13:00

18:05

20:05

21:30

​Кечиримлилик – улуғ фазилат!

05.07.19

Кечиримлилик – улуғ фазилат!

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни чин тавба қилишга тарғиб қилди. Чин тавба – дарҳол гуноҳдан тўхташ, ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилишдир.

Қуръони карим оятларининг 87 та ўрнида тавбага тарғиб этилган. Агар астойдил тавба қилинса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор.

Кўплаб ояту ҳадислардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аллоҳ таолонинг марҳамати, кечиримли эканлиги бандаларга катта бир ибратдир. Бундай бағрикенгликни Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида ҳам кўрсатиб бердилар, ҳеч қачон ўзлари учун ғазаб қилмадилар, бировдан ўч олмадилар, балки кечирдилар, кечиришга буюрдилар.

Ҳозирги кунда Президентимиз раҳбарлигида давлатимиз ҳукумати юқорида зикр қилинганидек авф этиш ва кечиримли бўлиш йўлидан бормоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди.

Бугун мамлакатимизда ёшларни террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишдан сақлаш, халқимизнинг эзгу анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, улардан ёш авлод маънавиятини юксалтиришда фойдаланишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётир. Адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган фуқароларнинг афв этилиши, уларнинг оиласи бағрига қайтиши ва жамиятнинг фаол аъзолари қаторига қўшилиши учун шароит яратиш — инсонпарварликнинг юксак тамойилларидан саналади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг афв этишга оид қатор фармонлари эълон қилингани бунинг яққол тасдиғидир. Кейинги бир йилда афв этишга оид учта фармон қабул қилинди. Зеро, баъзи одамлар жиноят кўчасига билиб кирса, айримлар адашиб кириб қолади. Иккинчи тоифа кишилар кўпинча қилмишидан афсус-надомат чекибгина қолмай, хатосидан тўғри хулоса чиқаради.

2018 йил 19 сентябрь куни Президентимиз “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдилар ва халқимизда минг йиллардан бери давом этиб келаётган бағрикенглик ва кечиримлилик хислатини намоён қилдилар.

Президент тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган фуқаролар (жумладан хорижда юрган) мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этди.

Фармонда қайд этилганидек, биргина 2017 йилда 18 минг нафардан зиёд – қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтган фуқаролар – террористик, экстремистик ёки ­бош­қа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахс­лар рўйхатидан чиқарилди. Уларнинг 10 минг нафардан зиёдига иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Фармон террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсонпарварликка асос­ланганини яна бир бор ёрқин намоён этди.

Инсон зоти шундай яралган – баъзан шайтоннинг қутқусига учади, баъзан тўғри йўлдан тояди. Беайб – фақат парвардигор. Аллоҳнинг бир исми – сифати Раҳмон, яна бири – Ғафур. Яъни раҳмли ва кечиримлидир. Инсонки, адашибди, йўлини бошқа томонга бурибди, аммо бир кун келиб унинг хато эканлигини англабдими, уни кечириш, тўғри йўлга қайтишига кўмак бериш бандаларига ҳам хос бўлмоғи лозим.

Ўзбекистон ўзининг янги тараққиёт даврида айни шу йўлни тутди. Бир вақтлар тўғри йўлдан қоқилган, кимларнингдир қутқуси-ю, сохта даъватларига учиб, кейин ўйинлар домига тушиб қолган юртдошларимизни, неча борки, кечириб келмоқда. Ўша фуқаролар ҳам юртдошимиз, яхшими ё ёмонми, шу Ватаннинг фарзанди. Бугун айбини билиб, пушаймонлик ўтида қоврилаётган, Ватаннинг бир сиқим туп­роғига, яқинларининг бир оғиз ширин сўзига зор бўлаётганларни ташлаб қўймоқлик ҳам адолатдан эмас.

Маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатимизда 3,3 минг нафардан ортиқ фуқаро махсус қидирувда. Улар орасида террористик оқимлар сафида бола-чақаси билан юрган, аммо қилмишига чин дилдан пушаймон, юртга қайтмоқчи бўлганлар ҳам бор. Аммо Ватанга қайтмоқни ихтиёр этганларни бир нарса чўчитади – жиноий жавобгарлик.

Президентимиз фармони билан худди шу тоиф­анинг мушкулини осон қилиш йўли белгилаб берилди. Яъни мазкур ҳужжат билан – Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.

2018 йил 1 ноябрдан бошлаб – юқорида қайд этилган тоифадаги фуқаролар – айнан Комиссия хулосаси асосидагина жиноий жавобгарликдан озод этилади. Аммо бу озод қилишнинг ҳам ўз мезонлари ва шартлари бор.

Фармонда улар 9 бандга ажратиб кўрсатилган. Айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса, жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишга фаол ёрдам берса, тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса, тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса, жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса, халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса. Мана шу ҳолатлар уларни жавобгарликдан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Кечиримлилик – улуғ фазилат. Айниқса, хато қилиб, пушаймонликни бўйнига олганни кечириш инсонийликнинг муҳим мезонидир. Юксак бағрикенглик — афв боис қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашилди. Ахир оила тўлиқ бўлишидан ортиқ бахт борми, дунёда?! Кечиримли бўлиш ўтмишни ўзгартира олмайди, аммо келажакка йўл очади.

Президентимизнинг мазкур фармони – хато қилган, аммо уни юрагидан англаб етган, Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтишдек бахтни тугал ҳис қилишни астойдил истаганлар учун яна бир имкон бўлди.

Инсон орзу-умид билан яшайди. Умрни эзгу амаллар ила безамоқлик, оиласи, Ватани олдидаги бурчини сидқидилдан адо этмоқ ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Бундай фазилатлар асрлар оша аждодларимиздан мерос бўлиб ўтган, қон-қонимизга сингиб кетган.

Шаҳбоз НИЗОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги масъул ходими