17.07.2019

04:40

13:00

18:05

20:05

21:30

ҲУШЁР ВА ОГОҲЛИКДА МИЛЛАТНИНГ ЕНГИЛМАС КУЧИ БЎЛИБ ЯШАЙЛИК!

11.07.19

ҲУШЁР ВА ОГОҲЛИКДА МИЛЛАТНИНГ ЕНГИЛМАС КУЧИ БЎЛИБ ЯШАЙЛИК!

Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнгра қалбдаги тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Демак, аста-аста оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Сўнгра тинчлик жамиятга кўчади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам муқаддас динимиз кўрсатмаларида белгилаб қўйилган.

Жаноб Расул Акрам (с.а.в.) муборак Ҳадиси шарифларида айтадиларки: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик".

Инсонда хотиржамлик бўлмас экан, на егулигида ҳаловат бўлсин, на уйқусида. Кўнглига ҳеч нарса сиғмайди, чунки унда хотиржамлик йўқ-да! Агар кишининг саломатлиги бўлмаса, у суйиб тановул қиладиган лаззатли таом ҳам татимайди. Чунки унинг танасида оғриқ бор. Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, тинчлик, осойишталик ва хотиржамлик улуғ неъматдир. Тинчлик бор жойда юрт равнақ топади.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Донишмандлардан бири шундай деган эди: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”. Тўғри, душман қотиллиги, дўст хиёнати – бу оғир мусибат, катта йўқотиш, аммо бепарво ва лоқайдликнинг зарари олдида ҳеч нарса эмас. Чунки лоқайдликнинг зарари кўпчиликка, жамиятга бўлади.

Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради. Чунки у бу ишларни ўзи қилмасада, у яшаётган жамиятда қилинаётганлигини ва бу ишлар унга салбий таъсир этишини, гуноҳкор бўлишини аниқ билади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар:“Аллоҳ қайтарган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) «Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик», дейишарди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади”.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Ўзбекистон деб аталмиш шу муҳташам юртнинг мустақиллигига ҳар биримиз фидойилик билан хизмат қилиб, ҳамиша ҳамжихатликда, бирликда, ҳушёр ва огоҳликда миллатнинг енгилмас кучи бўлиб яшайлик.


Ўткир Ғузаров,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус

ислом билим юрти мудири.