17.07.2019

04:40

13:00

18:05

20:05

21:30

​ТАРБИЯ – ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

11.07.19

ТАРБИЯ – ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

Оила - инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи бўлиб келаётган муқаддас даргоҳдир. Ўзбекистонликлар учун оила - юксак қадрият бўлиб, мана неча юзлаб асрлар давомида эъзозланиб келинмоқда. Бу даргоҳ миллатнинг урф - одатларини сақлашга кўмаклашади. Шу билан бирга оила, келажакда фарзандлар қандай инсон бўлиб етишишига таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.

Ҳар бир миллат ўз истиқболини камолга етаётган ёшлари тимсолида кўради. Шу боис мамлакатимизда истиқлол йилларида навқирон авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, уларни турли зарарли таъсирлардан асраш, пировардида баркамол инсон сифатида тарбиялашга қаратилган чора - тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Инсон аввало оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида шаклланади. Оиладаги таълим-тарбия, маънавий-ахлоқий қадриятлар кейинчалик одамлар орасида — маҳалла-кўйда, таълим муассасаларида сайқал топади. Шундай экан, ватанимиз ва халқимизнинг эртанги кунини, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў - эътиборини белгиловчи баркамол авлодни вояга етказишдек улуғ вазифани оила – маҳалла ҳамкорлигисиз ҳал этиб бўлмайди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ёшларимиз маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ҳозиргидек мураккаб шароитда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт бўлган хуружлар, уларнинг онги ҳамда қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлар тобора кучайиб бораётгани ҳар биримиздан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб этмоқда.

Инсон онги учун кетаётган бу курашда ҳамиша огоҳ, ҳушёр бўлиш, ҳали оқ - қорани ажрата олмаган ғўр ёшларни бундай оқимлар домига тушиб қолишдан асраш таълим - тарбия ишига масъул бўлган ота – онага юксак масъулият юклайди.

Бугун гўзал юртимизда фарзандларбахтиёр ҳаёт кечиришмоқда. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларни ҳар томонлама етук, билимли, доно ва жамиятга манфаати тегадиган қилиб тарбиялаш лозим.

Бугун ҳар бир ёш болага вақтида тарбия, одоб - ахлоқ ўргатиш юртга, халққа бўлган муҳаббатини уйғотиш, энг муҳими илмли қилиб тарбиялаш, токи ўзи мустақил фикрга эга бўлиб, мафкуравий иммунитети шакллангунга қадар ота – онаси ва устозлари томонидан доимо назорат қилиб турилиши керак. Зеро, бу ҳақда пайғамбаримиз: “Сизларнинг барчангиз бир кемага чиққан йўловчиларга ўхшайсизлар. Агар ораларингиздан бир телба қўлига болта олиб, кемани чопа бошласа ва сизлар лоқайдлик қилиб уни тўхтатмасангизлар барчангиз сувга ғарқ бўласизлар. Агарда уни бу ишдан қайтарсангизлар барчангиз омон қоласизлар” деганлар.

Улуғ маърифатпарварАбдуллоАвлоний айтганларидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Агар фарзандга яхшилик ўргатилса яхши вояга етади дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади. Донишмандлар, фарзанд тарбияси ҳақида руҳий, аҳлоқий, жисмоний, ақлий, нафсий, ижтимоий ва жинсий тарбия бериш лозимлигини таъкидлайдилар.

Оиладаги нотўғри тарбиянинг зарари ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Пайғамбаримизким фарзандига кел, мана буни ол”! деса-ю унга ҳеч нарса бермаса, у ёлғончидир, дедилар.

Ислом илм дини экани барчамизга маълум. Исломда илм олишнинг чегараси бешикдан то қабргача деб белгиланган. Бас шундай экан, фарзандларга ёшликдан уларнинг ақллари кўтарадиган даражадаги илмларни ўргатиб бориш лозим. Фарзандларга таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги ҳамда фарзандлари олдидаги ва жамият олдидаги бурчи эканини ҳар бир оқил инсон яхшилаб билиб олмоғи керак.

Буюк алломаларимиз фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни ва аҳамияти ҳақида кўплаб асарлар яратганлар. Хусусан, Абдурауф Фитрат “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” деб номланган асарининг иккинчи қисмини айнан фарзанд тарбиясига бағишлаган. Унда оиладаги энг оғир вазифа фарзанд тарбияси экани, халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-­ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хор­ликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе, қул ва асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқлиги алоҳида таъкидланади.

Дарҳақиқат, оилавий муҳит, ота-она тимсоли муносиб фарзанд тарбиялашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Чунки фарзандлар илк тарбияни оилада оладилар. Оиладаги тарбия оилавий ҳаётни кузатиш, ўрнак олиш ва яхши ўгитлар эшитиш орқали шаклланади.

Бир сўз билан айтганда, фарзанд оилада жисмонан, фикран ва ахлоқан тарбияланиши, кучли бадан, соғ­лом фикр ва яхши ахлоқ билан қуроллантирилиши лозим. Биз ҳам аждодларимиз қадриятларига таянган ҳолда оила муқаддаслигини, бутунлигини сақлашимиз, фарзандларимизни ватанпарвар, инсонпарвар, юксак эътиқодли, одоб - ахлоқли ва албатта баркамол этиб тарбиялашга интилишимиз зарур.


Ўткир Ғузаров,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус

ислом билим юрти мудири.