25.08.2019

05:15

13:00

17:30

19:30

21:00

Фолбинлик – диндан эмас!

12.07.19

Фолбинлик – диндан эмас!

Бугунги кунимизда жамиятдаги тинчлик-фаровонлик ва оилаларнинг тотувлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири фолбинликдир. Орамизда турли фолбин, дуохон деб аталмиш алоҳида кимсаларга ишонувчилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Фолбин ва дуохонлар аксар ҳолатларда кимнидир кимгадир иситиш, ёки аксинча кимнидир кимдандир совутиш билан шуғулланади.

Фолбин, сеҳргар ва мунажжимларнинг жамиятимизга келтираётган зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётганлиги билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар ундан ҳам катта, айтиш мумкинки, улкан зарарларга олиб боради. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизликни тарқатишдир.

Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда коҳин ва арроф деб ном берилган. Коҳин баъзи сир нарсаларни, тўғрироғи, ғойибни билишни даъво қилади. Унинг баъзи айтганлари тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юрадилар. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса, сўз юритмайдилар. Натижада коҳин кишиларга ғайб нарсаларни биладиган бўлиб кўринади. Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга хабарларни жинларнинг айтишини даъво қиладилар.

Жодугарни ҳам, фолбинларни ҳам фақат Иблис бошқаради. У боқий дунёда қарғишга учраб, худонинг ғазабига мубтало бўлгач, ерга тушиб жодугар, фолбинлар, бузуқликка мойиллиги борларни қидира бошлаган. Мана, ҳануз унинг назари тушган банда адойи тамом бўлади. Халқда иссиқ-совуқ қиладиган жодугарларни икки тоифага ажратишган. Биринчи тоифага иситадиганлари киради. Иккинчи тоифа бу совутадиганлар. Бироқ бундайлар ҳам Оллоҳ ато этсагина шундай имкониятга эга бўла олади.

Мустаҳкам ва равшан эътиқод бўлмагандан кейин инсонларда турли бидъат, хурофот, афсона, сафсаталарга ҳам ишониб кетавериш кузатилади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинади.

Имом Баззор Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади", деганлар.

Фолбин – ғайбни билишни даъво қилувчи, асосан сеҳр-жоду билан шуғулланувчи кимса. Динимизда ғайб илми, яъни, келажакда нима ишлар бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмаслиги Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қатъий таъкидланади. Қуръони каримнинг Жин сураси 26-27-оятларида шундай дейилади: “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар)”. Демак, фолбинларнинг ғайбни билиш даъвоси ёлғон бўлиб, улар бирор қайғу ёки ташвиш сабабли руҳий тушкунликка тушган, мол-дунё, ҳасадга жуда ружу қўйганларни лақиллатиш билан шуғулланади.

Фолбинлар жамият ичига турли шубҳа ва гумонларни сочадилар. Бир одамнинг иши юришмаслигига қўшнилардан бири сабабчи деб кўрсатилади ва натижада барча қўшнилар гумондор бўлиб қолади.

Фолбинлар, сеҳр-жоду қилувчиларнинг “тегирмонига сув қуяётган”, уларнинг “ошиғини олчи” қилаётганлар ким ўзи? Қатъий айтишимиз мумкин, улар ҳеч ҳам бегоналар эмас, кимнингдир онаси, ё опаси, ё хотини, ё қўшниси, хуллас, ёр-биродари. Ана кимларга тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак! Яқинларимизга фолбинлар бахт саодат, бойлик ёки муҳаббат ато эта олмаслиги, аксинча уларнинг ўзи шу нарсаларга муҳтож эканини қайта-қайта эслатишимиз керак. Аксарият фолбинлар оиладан тинчимаган, иқтисоддан қийналган ва руҳий носоғлом бўлишади, энди уларнинг олдига ўзида йўқ нарсани сўраб бориш ақлга тўғри келадими?!

Ҳозирги кунда фолбинлик билан шуғулланувчилар ҳар доимгиданда кўпайган. Уларнинг ишқибоз­лари, ихлосмандлари ҳам оз эмас. Энг ёмони – бу ҳолатга диний тус берилиши. Мазкур сеҳргар-башоратчи, эркак киши бўлса, эгнига чиройли яхтак, бошига салла ўраб, қўлига тасбеҳ олиб, ўтирган хонасига турли арабча ёзув ва тасбеҳларни осиб қўйиб, бирорта дуоними, сураними чала-чулпа ёдлаб олиб, такрор-такрор ўқиб ўтирган холатда кўрасиз. Бу ҳолат эса соддадил одамларнинг уларни қармоғига осон илинишларига сабаб бўляпти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан ворид бўлган ҳадислардан бирида шундай дейилади.Ҳазрати Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) бундай ривоят қилинади: “Одамлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Уларнинг гапининг тайини йўқ”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг расули, гоҳида ўша фолбинлар айтган сўз тўғри чиқиб қолади-ку?” дейишган эди, у зот: “Аслида баъзи сўзларни жинлар илиб олишади-да, дўстлари — фолбинлар қулоғига етказишади. Фолбинлар эса ўша нарсаларга юзта ёлғонни қўшиб, одамларга айтишади”, дедилар”.

Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бир ҳадиси муборакда Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади", деганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким коҳинлик қилса ёки қисмат хабарини талаб қилса, ёки сафаридан фол орқали қайтса, асло олий даражаларга эриша олмайди”, дедилар”.

Маълумки, шариатнинг бирорта ҳукми беҳикмат эмас. Ушбу ҳадис ажойиб ҳикматли ҳукмга шомил десак тўғри бўлади.. Уни бирор мақсадга ношаръий йўллар билан эришмоқчи бўлган кишини ўша мақсадга ета олмайдиган қилиб жазолаш қоидаси, десак бўлади. Ислом шариатида шундай қоида бор. Мисол учун, бир меросхўр меросга тезроқ етиш мақсадида мерос қолдирувчининг ўлимига сабаб бўлса, у меросдан маҳрум қилинади. Агар у сабр қилиб кутиб турганида, меросдан ўз улушини олар эди. Аммо бундай қилмади, тезроқ мол-мулкка эга бўлиш мақсадида ўзига мерос қолдирувчи шахснинг ўлимига сабаб бўлди. Шунинг учун унга қарши кўриладиган жазо чораларидан бири – уни айнан мана шу меросдан маҳрум қилишдир.

Фолбинга мурожаат қилувчилар ҳам бирор яхшироқ нарсага эришиш ёки ёмонликнинг олдини олиш, ундан қайтариш мақсадида бўлишади. Лекин бу ношаръий, ҳаром йўлдир. Шунинг учун ҳам бундай кишилар мақсадларига ета олмаслик, олий даражаларга эриша олмаслик билан жазоланади.

Маълумки, динимизда фолбинликнинг қораланишининг боиси, унинг жамият учун бир қанча моддий, маънавий, ахлоқий, эътиқодий зарарлари борлиги учундир. Зеро, фолбинлик орқали топилган мол ҳаром, фолбинга берилган пул исрофдир. Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи инсофу тавфиқ бериб, бундай шариатимиз ман этган ишлардан йироқ бўлмоғимизни муяссар айласин.


Раҳматулло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.