25.08.2019

05:15

13:00

17:30

19:30

21:00

​Жаҳолатга қарши маърифат

12.07.19

Жаҳолатга қарши маърифат

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ҳақида қайғуриш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам кенг ёритилган.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан, кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун юилган шайх босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади. Тарихимизда бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Биз бандалар учун Парвардигор томонидан берилган неъматлардан бири “Тинчлик” неъматидир. Унинг қадрига етиш, барқарорлигига хисса қўшиш эса чин мусулмоннинг вазифасидир. Бугунги фаровон кунларимизга шукрона айтиш баробарида барчамиз унинг давомийлиги учун масъуллигимизни ҳам ҳис этмоғимиз зарур. Масъуллик фақатгина қўлга қурол олиб чегараларда туриш дегани эмас, балки ён атрофимизда бўлаётган ҳодисалар моҳиятини чуқурроқ ўрганиш, англаш, маҳалла кўйдаги инсонларнинг ҳатти-ҳаракатига ҳушёрлик билан баҳо бериш, энг муҳими ҳеч нарсага бепарво бўлмаслик тинчлик учун масъулликнинг пойдевори ҳисобланади.

Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) “Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик”, дейишарди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади”.

Маҳмуд Замахшарий: Огоҳ кишини эҳтиёткорликнинг оқибати билан таништиргин. Ҳидоятга бошловчиларни эслатиш орқали уни мулоҳаза юритишга кўндириб, олижаноб ишларни қилишга чақир, деганлар.

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.Баҳоуддин Нақшбанд

“Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак” Абдулла Авлоний

Албатта, ҳушёрлик ва зийракликни ҳам ҳамиша қўлдан бой бермаслик муҳим аҳамиятга эга. Маҳмуд Замахшарий айтганидек, “Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур”.

Расулуллоҳ ( с.а.в.) муборак сўзларида: Мусулмон, унинг қўли ва тилидан бошқа бировларга азият ва озор етмайдиган кишидир, деганлар.

Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча -кўйда юриш - туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият бериш керак.

Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Пайғамбаримиз бу борада айтадиларки: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади” - марҳамат қиладилар.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, мукаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилиятига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб - ҳунарларга йўналтиришлари ва оммавий маданият ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қилишлари жуда зарурдир.


Раҳматулло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.