25.08.2019

05:15

13:00

17:30

19:30

21:00

АЗОН КАЛИМАЛАРИНИНГ МАЪНОСИ

16.07.19

АЗОН КАЛИМАЛАРИНИНГ МАЪНОСИ

“Манбаларда Етти пири комил Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалламдан бошланган “олтин силсила”нинг давомчилари сифатида эътироф этилган. Улар кўнгилни нафсу ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, Аллоҳни жон-дилдан севиш ғояларини тарғиб қилган. Ушбу азиз-авлиёларнинг асарлари, қилган ишлари замонлар оша одамларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келмоқда.” (Шавкат Мирзиёев)

Юртимизда шаклланган Нақшбандия тариқати олтин силсиласи Хўжа Имканагий (Китоб туманида) халифалариМуҳаммад Боқий Биллоҳгача давом этган. Муҳаммад Боқий Биллоҳ пирлари Хўжа Имканагийнинг кўрсатмаси билан Ҳинд диёрига бориб Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий Форуқийни тарбиялаб етиштирадилар. Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий Форуқий 971 - ҳижрий йилда Сарҳинд шаҳрида туғилган. Ёшлигидаёқ Қурони Каримни тўлиқ ёд олиб, отасининг қўлида кўпгина арабий китобларни ўзлаштирди, турли илм соҳаларида ўнлаб матнларни ёдлаган. Сўнгра Камолиддин Кашмирий, Ибни Ҳажарил Маккий каби устозлардан ҳадис, тафсир ва усул илмларини эгаллаган. 17 ёшга тўлгунларича бу илмларнинг барчасида мукаммал бўлган. Оталаридан Қодирия ва Чаштия тариқатларидан таълим олиб ижозатга эришган. Оталари ҳаётлик давридаёқ талабаларга зоҳирий ва ботиний илмлардан таълим берар эдилар. Оталари вафотидан кейин ҳаж ибодатини ада қилиш учун сафарга чиқадилар ва Деҳлида Нақшбандия тариқати пирларидан Муҳаммад Боқий Биллоҳ Деҳлавий билан учрашиб, икки ойга яқин у кишининг хизматида бўлиб Нақшбандия тариқатига иршод оладилар. Имом Раббоний ислом илмлари ривожига, хусусан, Нақшбандия тариқати ривожига катта ҳисса қўшганлар. Айниқса у кишини толиби илмларга нарсаларнинг ҳақиқатлари ва моҳиятлари ҳақида ёзган мактублари бутун инсоният учун катта руҳий тарбия озуқаси сифатида баҳоланган. Қуйида у кишининг илмларидан баҳраманд бўлиш учун айрим мактубларини ўзбек тилига таржима қилиб эътиборларингизга ҳавола қилишни ният қилдик.

303-мактуб ХожиЮсуф Муаззинга ёзилди .

Азон калималарининг маънолари ҳақида.

Аллоҳга ҳамду сано ва пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин. Билмоқ керакки азон калималари еттитадир. 1. Аллоҳу акбар - Аллоҳ буюкдир. ЯъниАллоҳи таоло ибодат қилувчининг ибодатига муҳтож бўлишидан буюкдир. Бу сўз ушбу мубҳам маънони таъкидлаш учун тўрт марта такрорланади. (Яъни: эй банда ибодатга киришар экансан яхши англагинки бу ибодат фақат ўзинг учун, ўзингнинг манфаатинг учундир. Аллоҳи таоло ҳеч қачон ҳеч нарсага муҳтож эмас.)

2. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ-Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли зот йўқ. Яъни Гувоҳлик бераманки Аллоҳ таоло бандаларнингибодатидан беҳожатва буюк бўлгани билан ундан бошқа ибодатга ҳақли зот йўқ. (Аллоҳ таоло ибодатга муҳтож бўлмаса ҳам банда ибодатсиз яшай олмайди. Ўзи ибодатни даъво қилмаса ҳам доимо нимагадир қуллуқ қилиб яшайди. Баъзилар молу давлатга қул бўлса, баъзилар обрўга,баъзилар шаҳватга қул бўлиб яшайди. Баъзилар қуёшга сиғинса, баъзилар бутга ибодат қилади. Демак банда ибодатсиз яшай олмайди. ВаҳоланкиАллоҳдан бошқа ҳеч бир зот , ҳеч бир нарса ибодатга ҳақли эмас. ФақатАллоҳга қуллик қилиш керак.)

3. Ашҳаду анна Муҳаммадур Росулуллоҳ – Гувоҳлик бераманки албатта Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир. Яъниалбатта Муҳаммад алайҳиссалом бандаларга ибодатравишини ўргатмоқлик учун Аллоҳ тарафидан юборилган элчидир. Демак Аллоҳ таолога лойиғича ибодат фақат Муҳаммад алайҳиссалом кўрсатган , ўргатган равишдагина бўлар экан. У киши кўрсатганларидан бошқача ибодат шакллари барчаси бидъат бўлиб, кишини чалғитади ва адаштиради.

4. Ҳайя алас-солаҳ – намозга келинглар.

5. Ҳайя алал фалаҳ – нажотга, ғалабага келинглар.Бу икки сўз дунё ва охиратда инсонни катта ютуқларга, саодатга етказувчи, азоб ва уқубатларданнажот берувчинамозга чақиришдир.

6. Аллоҳу акбар - Аллоҳ буюкдир. Яъни бирор киши лойиғича ибодат қилмоғиданАллоҳ таоло буюкдир . Демак ҳеч ким Аллоҳ таолога лойиғича ибодат қила олмайди. Фақат Ўзи буюрганидек ваПайғамбаримиз кўрсатганидекибодат қилишга ҳаракат қилади.

7. Ла илаҳа иллаллоҳу- Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ. Яъни агарчи ҳеч кимдан лойиғича ибодат содир бўлмаса ҳам банда ибодат қилишга мажбурдир.Ибодатга эса Аллоҳдан бошқа ҳақли зот йўқ.

Ушбу сўзларнинг нақадар буюк ва муҳим эканлигидан инсоннинг ҳаётида намоз қанчалик аҳамиятли эканлиги англанади.

Ҳикматда айтилганидек “Йилнинг сероблиги баҳордан маълум”. Намознинг муҳимлиги азондан маълум. Аллоҳим бизни ихлос билан Пайғамбаримиз айтганларидек намоз ўқиб ютуққа эришгувчилардан қилгин. Амийн.

Имом Раббонийнинг мактуботларидан


Таржимон: Махтумқули ТОШҚУЛОВ,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.