14.11.2019

06:35

13:00

15:35

17:35

19:05

Қурбонлик ибодати ҳақида

09.08.19

Қурбонлик ибодати ҳақида

Юртимиз мустақилликка эришгандан кейин барча соҳаларда бўлганидек,диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар бўлиб, диний ибодат ва байрамларга кенг йўл очиб берилди. Рўза ва қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами сифатида расман эълон қилиниб, юртимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин. Аллоҳ таоло қалбида эзгу тилаги бўлган ҳар –бир кишини ўз мақсадига етишиштирсин. Қуйида китобларда келтирилган Қурбонлик тўғрисидаги баъзи бир фиқҳий ҳукмлар ҳақида сўз юритамиз.

Ислом динининг молиявий ибодатларидан бўлган қурбонлик, Аллоҳнинг неъматлари учун шукр этишимиз ва Унинг йўлида фидокорлик қилишимизнинг бир нишонасидир.

Қурбонлик диний ибодат бўлишидан ташқари, айни вақтда унинг ахлоқий, ижтимоий ва иқтисодий аҳамияти ҳам бор. Қурбонлик шу жиҳати билан ҳам исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамлашишнинг гўзал бир намунасини ташкил этади. Қурбонликдан мақсад, Аллоҳ розилигини топиш. Бу мақсаднинг амалга ошиши эса кибр ва риёдан узоқ бўлиб, самимият ва ихлос билан қурбонликни адо этишга боғлиқдир.

- Қурбонлик ҳижратнинг – иккинчи йилида вожиб бўлган .

- Қурбонлик зарурий эҳтиёждан ошиқча мулкка эга бўлган муқим кишиларга вожибдир.

-Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат.

-Қурбонлик сўйиш вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилганидан бошлаб то ўн иккинчи кунининг шомигачадир.

-Қурбонлик қилиш мусофирга вожиб эмас.

-Қурбонлик учун беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, олти ойга тўлган қўй, бир ёшли эчки ярайди.

- Қурбонлик ниятида товуқ, ғоз, курка кабиларни сўйиш макруҳ ҳисобланади.

- Икки ёки бир кўзи кўр, ўта даражада ориқ, сўйиладиган жойигача юриб боролмайдиган даражада чўлоқ, шохи ва думининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесиб ташланган қўй, эчки, мол, ва туяни қурбонлик учун сўйиб бўлмайди.

- Туя ёки қорамолни етти ёки ундан кам киши бирлашиб қурбонликка сўйишлари мумкин. Агар улардан бирининг нияти фақат гўшт олиш бўлса, қолганларнинг қурбонлик нияти ҳам ўринга ўтмайди.Чунки, қурбонликнинг рукни гўшт олиш эмас, мол сўйишдир. Етти киши сўйган қурбонликнинг гўштини килолаб тортиб, тенг тақсимлаб олишлари лозим бўлади.

- Сўйилган қурбонликнинг учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини едириш, учдан бирини ейишга олиб қўйиш мустаҳаб.Серфарзанд бўлса, ҳаммасини ўз фарзандлари учун қолдириш яхши иш саналади.

- Қурбонлик ҳайвони сўйиладиган жойга озор бермасдан олиб келинади. Туядан бошқа ҳайвонлар қиблага қаратиб, чап ёнига оҳиста ётқизилади. Қурбонлик қилаётган киши агар ўзи сўйса, Аллоҳ учун қурбонлик қилаётганини ният қилиб: “Бисмиллаҳи, Аллоҳ акбар” деб, ўткир пичоқ билан жонлиқни сўяди.

- Агар қассобга сўйдирса, қассоб сўйишни буюрган кишининг номидан қурбонлик эканини ният қилиб жонлиқни сўяди.

- Қурбонлиқ терисини сотиш, қассобга меҳнати эвазига бериш мумкин эмас, у фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун қолдирилади. Қурбонликнинг терисини узоқ муддатга ишлатиш учун мўлжалланган қозон, товоқ каби буюмларга алмаштириш мумкин.

Алолоҳ таолобарчамизнинг қурбонлик ибодатларимизни ўз даргоҳида мақбул айлаб, юртимиз тинчлиги ва мустақиллигимизни абадий қилсин.


Тоҳир ИСМАТИЛЛАЕВ,

Яккабоғ тумани бош имом-хатиби.