15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

​МУҲАРРАМ ОЙИ ВА БУ ОЙДА ТУТИЛАДИГАН РЎЗА ҲАҚИДА

30.08.19

МУҲАРРАМ ОЙИ ВА БУ ОЙДА ТУТИЛАДИГАН РЎЗА ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло Зориёт сурасининг56-оятида марҳамат қилиб, "Мен инсонлар ва жинлар тоифасини фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим!" деди.

Бинобарин, мусулмон киши Парвардигор томонидан буюрилган ишларни имкон қадар амалга ошириш, қайтарилган ишлардан эса ҳазар қилиш орқали доимо Яратганига ибодатда бўлар экан, Унга янада кўпроқ яқинлик ҳосил қилиш учун У томонидан белгиланган махсус ибодат мавсумларини ҳам ғанимат билади.

Тоат-ибодат учун бебаҳо бўлган ана шундай мавсумлардан бири муҳаррам ойидир. Бу муқаддас ойда нафл рўза, нафл ибодат ва солиҳ амалларни кўпайтиришга шошилайлик. Бу муқаддас ойдаги улуғ кун – Ашуро кунини ғанимат билайлик.

Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло томонидан қон тўкиш ҳаром қилинган дея эълон қилинган тўрт ойнинг бири бўлиб, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу томонларидан ҳижрий қамарий йилининг биринчи ойи қилиб белгиланган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз! Мушриклар (мазкур тўрт ой асносида) сизларга ёппасига уруш очсалар, (сизлар ҳам) уларга ёппасига уруш очингиз! Яна, билиб қўйингизки, Аллоҳ тақволилар билан биргадир! (Тавба сураси, 36-оят)

"Ҳаром" сўзи араб тилида “тақиқланган” ва “муқаддас қилинган” деган маъноларни англатади. Ҳаром қилинган ойлар - зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, уларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

"Албатта замон Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кундаги ҳолатидек айланиб чиқди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) жумодо ва шаъбоннинг орасидаги Музарнинг ражабидир". (Бухорий ривояти)

Ҳадисда ражаб ойини "Музарнинг ражаби" деб аталишининг боиси шуки, Музар қабиласи ражаб ойининг ҳурматига бошқалардан кўра кўпроқ риоя қилар, бу ойнинг улуғлигини сақларди. Шу сабаб, ражаб ойи "Музарнинг ражаби" деган ном билан машҳур бўлган.

Рамазондан кейин тутиладиган рўзаларнинг энг афзали ҳам муҳаррам ойида тутилган рўза эканлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: "Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз эса тунги намоз - таҳажжуд намозидир". (Муслим)

Ҳадисда бу ойнинг "Аллоҳнинг муҳаррам ойи" дея Аллоҳ номига қўшиб зикр қилиниши ҳам унинг нечоғли улуғлиги ва шарафига далолат қилади.

Аллоҳ таоло Ашуро кунида мўминларга улкан зафарлар ато этиб, унга қўшимча рўза ажрини ҳам зиёда қилди.

Аллоҳ таоло муҳаррам ойининг ўнинчи кунида Мусо алайҳиссалом ва у кишининг ёнларидаги мўминларга нажот бериб, Фиръавн ва унинг қўшинини дарёга ғарқ қилди.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро кунида рўза тутаётганларини кўрдилар ва:

- Сизлар рўза тутаётган кун нима ўзи? - деб сўрадилар.

- Бу жуда улуғ кун! - жавоб берди яҳудийлар. - Бу кунда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини (денгизга) ғарқ этган. Мусо Аллоҳга шукрона қилиб, шу куни рўза тутган. Биз ҳам ана шу куни рўза тутамиз.

- Биз Мусога сизларга қараганда ҳақлироқ ва яқинроқмиз, - деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро кунида рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам (шу куни) рўза тутишга буюрдилар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийларнинг рост гапираётганлиги ваҳий қилинган ёки бу ҳақда мутавотир хабарлар бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида: «У ўтган йилги (гуноҳларга) каффорат бўлади», - деганлар. Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Ашуро кунининг рўзаси келгуси йилга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан» (Ибн Можа ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ашуро кунида рўза тутган кишининг бир йилини (гуноҳларини) Аллоҳ таоло мағфират қилади» (Баззор ривоятлари).

Имом Байҳақий айтадилар: «Каффорат қилинадиган гуноҳлари бор кишига юқоридаги ҳадис айнан мос келади. Агар Ашуро кунида рўза тутган кишининг гуноҳлари бошқа бир сабаб туфайли каффорат қилинган бўлса, рўза тутгани учун мукофот тарзида унинг даражотлари зиёда қилинади. Тавфиқ Аллоҳдандир».

Биргина куннинг рўзаси билан йил бўйи қилинган гуноҳларнинг ўчириб юборилиши Парвардигоримизнинг бизларга нисбатан нечоғли марҳаматли Зот эканлигидан даракдир.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир кунни ушбу Ашуро кунидек ва мана бу Рамазон ойидек афзал санаганларини ва бошқа бирор куннинг рўзасига бу кунларнинг рўзаси каби жиддий аҳамият берганларини кўрмадим» (Бухорий ривояти).

Бу куннинг фазилатини яхши билган салафи солиҳлар Ашуро кунининг рўзасини ўтказиб юбормасликка қаттиқ тиришганлар, улар ҳатто сафарда ҳам Ашуро кунининг рўзасини тутганлар.

Азизлар! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар Рамазондан кейин рўза тутувчи бўлсанг, Муҳаррамни тут. Чунки, у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ бир қавмнинг тавбасини қабул қилгандир ва бошқа қавмларнинг тавбасини қабул қиладир», - деган хитобларига жавобан бу ойнинг улуғ фазилатларидан баҳра олайлик.


Азамат УСМОНОВ

Касби тумани "Фазли" жоме масжиди имом-хатиби.