15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

Муҳаррам ойи ва Ашуро куни

30.08.19

Муҳаррам ойи ва Ашуро куни

Аллоҳ таоло ўта меҳрибон ва карами кенг, фазли улуғ ва ҳикмати беназир Зотдир. Зотан, буюк Аллоҳ яратган мавжудотларининг баъзисини баъзисидан ўзининг ҳикмати ўлароқ фазилатли қилиб қўйган.

Ана шундай фазилатга муҳаррам ойини мисол қилишимиз мумкин. Бу ой муборак, фазли улуғ ой бўлиб, ҳижрий сананинг биринчи ойидир. Шу билан биргаликда, муҳаррам ойи уруш ҳаром қилинган муқаддас ойларнинг бири ҳисобланади. Араб тилида Муҳаррамнинг маъноси бу – ҳаром қилинган, ҳурматланган, улуғланган маъноларни билдиради. Бу ой Аллоҳ таолонинг урушни ҳаром қилган тўрт ойидан биридир. Муҳаррам ойи Рамазон ойидан мартаба жиҳатидан кейинги ўринда туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ой ҳақида шундай деганлар: “Бу муборак ойларда ҳидоят ортади. Аллоҳ таоло инсоннинг иймонига қувват беради. Бу кунларда илоҳий неъмат, раҳмат кўпаяди. Бундай кунларда ибодат қилиш ва рўза тутиш билан сиз ҳам илоҳий раҳматни кутиб олинг”.

Динимизда уруш тақиқланган тўрт ой бор. Улар – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.

Демак, бу ой Аллоҳ субаҳанаҳу ва таолонинг наздида жуда мақоми улуғ ойлардан экан. Бу ойни қадрлаб кўпроқ яхши эзгу амалларга интилмоғимиз даркордир. Шариатимизда ҳам кўпроқ нафл ибодатларни қилишга тарғиб этилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Афзалликда Рамазон ойининг рўзасидан кейин Аллоҳнинг ойи Муҳаррам рўзаси туради”-деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти). Ҳадиси шарифда муҳаррам ойини “Аллоҳнинг ойи” деб айтилмоқда. Бу шу ойнинг улуғлигига ҳамда фазилатларининг кўплигига далолат қилади.

Муҳаррам ойининг энг афзал куни ўнинчи кунидир. Бу кунни динимизда “явму ашуро” ашуро куни деб юритилади. “Ашуро” сўзи луғатда “ўнинчи кун” деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда рўза тутишга қизиқтирганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилгандилар” (Термизий ривояти). Ҳанафий мазҳабимиз уламолари ашуро куни яъни муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутишни суннат дейишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим, деганлар” (Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар: Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз”, деди. Шунда у зот: “Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қилади”, деб жавоб бердилар”. (Имом Термизий ривоят қилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ашуро куни рўза тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар”, ­ дедилар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Шунга кўра, Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутишлик мустаҳабдир.

Ҳа, азизлар, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенгдир. Бир кунлик ёки икки кунлик рўзанинг бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлиши Аллоҳ таолонинг бандаларига фазли-раҳматидир. Бандалар бундай улкан савобни осонлик билан қўлга киритиш мумкинлигига шубҳа билан қарамасликлари керак. Аксинча, муҳаррам ойи, айниқса, Ашуро кунида имкон қадар кўпроқ ибодат қилиб, фойдаланиб олишлари лозим бўлади.

Уламоларимиз: “Ким Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойларини рўзасини тутса, гўё йилни тоат-ибодат билан тугатиб, янги йилни тоат-ибодат билан бошлабди. Умид қиламиз-ки, йил давомида шу фазилат эга бўлинса”-деб таъкидлаганлар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар”. Ушбу ривоятдаги кенглик яратишдан мақсад емоқ, ичмоқ, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир.

Аммо Ашуро кунида рўза тутиш ва кенгчилик яратишдан бошқа амалларнинг асли йўқдир. Жумладан, Ашуро куни кундузи ёки кечаси байрам қилиш, сурма қўйиш, бўяниш каби ишларни жумҳур фуқаҳолар – ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалийлар бидъат деганлар. Бу ишларнинг бирортаси мустаҳаб эмасдир. Бу ҳақда келтирилган ривоятлар бидъатчиларнинг тўқиб чиқарган бидъатлари бўлиб, улар бу амалларни ўзларининг бидъатларини қўллаб-қувватлаш учун тўқиганлар.

Лекин юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан, Ашуро куни оиласига кенгчилик қилса, бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракотли бўлиши умид қилинади.

Суфён Саврий: “Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва ана шундай бўлишини топдик” деган. Суфён ибн Уяйна: “Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, деган. “Ал-Муҳит» китобида шундай дейилган: Жобир раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен қирқ йил тажриба қилдим, бўлмай қолмади”, деган.

Демак, муҳаррам ойини хусусан, ашуро кунининг фазилатидан умид қилиб, яхши амалларга бел боғласак, Аллоҳнинг улуғ фазлу баракотига эга бўлиб, ҳам дунёмиз ҳам охиратимиз обод бўлади, деб умид қиламиз. Яратган барчамизни улуғ кунлар фазлидан насиб этсин!


Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.