15.10.2019

06:05

13:00

16:10

18:10

19:40

МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБ

03.10.19

МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБ

Бугунги кунда баъзи бир тоифалар мазҳабсизликни тарғиб қилаётган вақтда, мазҳаб ва унинг имомлари ҳамда битта мазҳабда мустаҳкам туриш хақида сўз юритсакўйлайманки фойдадан холий эмас.

“Мазҳаб” сўзи луғатда чиройли, гўзаллик ҳамда йўл, йўналиш деган маъноларда ишлатилади. Шариат истилоҳида мазҳаб Аллоҳ таолонинг амрлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўл, урфда эса чиройли йўл маъносини билдиради.

Халқимиз асрлар оша эътиқод қилиб келаётган диний жамоа – аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳаблари тўртта бўлиб, унинг асосчилари мутлақ ижтиҳод соҳиблари ҳисобланадилар ва мазҳаббоши ёки имомлар деб аталганлар. Биз буларнинг қай бирига эргашмайлик, тўғри йўлни тутган бўламиз. Уларнинг бирларини бошқасидан устун кўрмаган ҳолда, барчасини бирдек қадрлаймиз. Аммо мусулмон киши тўрт мазҳабдан бирини маҳкам ушлаши вожиб амал.

Бу тўрт мазҳаб номи ҳамунинг асосчилари бўлган Имом Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит ибн Зутий, Имом Молик ибн Анас, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон, Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалларга нисбат берилган. Шунинг учун ҳам Ҳанафий, Моликий, Шофиий, Ҳанбалий мазҳаблари деб номланган. Шу ўринда Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобидан қўйдагиларни иқтибос қилиб келтирамиз: “Аллоҳ таоло ўз ҳикмати тақозаси ила динни ушлаш ва муҳофаза қилиш учун одамларга имомларни чиқариб берди. Уларнинг илмлари, билимлари, фатво ва ҳукмлар илмида кўзланган мақсадга эришганларини ҳамма тан олар эди. Барча одамлар фатвода уларга мурожаат қиладиган, ҳукмларни билишда ҳам уларга қайтадиган бўлишди. Аллоҳ таоло улар учун мазҳабларини тартибга соладиган ва қоидаларни таҳрир қиладиган зотларни қоим қилди. Охир-оқибат улардан ҳар бир имомнинг мазҳаби, услуби, қоидалари ва фасиллари аниқланди.Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами, ушбу динни муҳофаза қилиш сабабларидан бўлди”.

Бу имомлар Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукмларни оладиган мужтаҳиди мутлоқ даражасига етганлар. Бу имомлар бирор-бир масалани ечишда ўзлари асос қилиб олган усуллар ва истинбод қоидаларига таянганлиги жиҳатидан фарқ қилиб туради. Бирор-бир масалани мужтаҳид ижтиҳод қилиб олиш борасида асарлар келган.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон ҳоким ҳукм қилганда ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр бўлур. Қачон у ҳукм қилганда ижтиҳод қилса-ю, хато қилса, унга бир ажр бўлур”, дедилар”.
Ҳанафий мазҳабининг Имоми Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ бирор-бир масалани ечишда қуйидаги етти асос: Қуръони карим, суннат, саҳобийлар сўзлари,қиёс услуби, истиҳсон, ижмо, урфга таянганлар. Қолган учала имомлар эса, урф ва истеҳсонга асосланишмаган, лекин Моликий мазҳаби истеҳсонни олган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак тўрта мазҳабнинг ҳақ экани борасида мусулмонлар уммати ижмоъ қилганлар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг, сизни Унинг йўлидан ажратурлар” (Анъом сураси, 153-оят).
Бугунги кунда дунёдаги тахминан 1.3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92.5 фоизини суннийлар ташкил этиб, улар мазҳаблар бўйича қуйдаги нисбатда бўлинадилар: ҳанафийлар 47 фоизи, шофиийлар 21 фоизи, моликийлар 17 фоизи, ҳанбалийлар 7.5 фоизини ташкил қилади.
Дунёдаги мусулмонларни мазҳабга бўлиниш эътиборидан ҳам кўриниб турибди-ки,47 фоизи ҳанафий мазҳабида эканлиги, бундан билинадики ҳанафий мазҳабининг моҳияти ва мазмунида одамларга енгиллик яратиб беришдек олий мақсад ўз аксини топган. Ҳанафий мазҳаби тўрт мазҳаб ичида васатийликни маҳкам тутган, шариатга хилоф қилмаган ҳолда бандаларга енгилликлар яратган мазҳабдир. Ҳанафий мазҳаби ҳеч қачон мусулмонларга қийинчилик ва машаққатни раво кўрмаган, хоҳ ибодатда бўлсин, хоҳ муомилат масалаларида бўлсин, Абу Ҳанифанинг бундай ёндашуви таҳсин ва эътиборга сазовордир. Масалан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кўйлакка теккан нажосатни гул ёки узум суви билан тозалаш ва меваларни хомлигида истеъмолчиларга сотишга ижозат берганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ урф ва истеҳсонга эътибор бериши жиҳатидан, қолган учта мазҳабга нисбатан фиқҳий масалаларда енгил ва мўтадиллиги бор деб айтсак бўлади. Тўртта мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмо қилишган.
Замонамиз олимларидан Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.
Бугунги кунда баъзи бир тоифаларнинг мазҳабсизликни қилаётган даъволари мутлоқ хато эканлиги ва ўзларинг мазҳаб борасида илмлари йўқлигинибилдирмоқда. Барчамиз ҳушёр ва огоҳ бўлиб соф ислом динимизни асраб-авайлашимиз, ватанимиз равнақи йўлида барча соҳада дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз лозим бўлади.

Мардонов Хайруллоҳ,

"
Хожа Бухорий" ўрта махсус
ислом билим юртининг ўқитувчиси.