1445 йил 25 Шаввол | 2024 йил 03 май, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:10
Sunrise
05:37
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:31
Isha
20:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Инфоқ-эҳсон қилиш

2-04-2024, 10:20 77 Ўқиш режими + -
              Ислом дини ўзаро инфоқ –эҳсон қилиш фазилатли ишлардан ҳисобланади. Айниқса,  ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш ҳозирги кундаги муҳим ишлардандир. 
                                 Ислом дини қўни-қўшни, қариндошларга ва ижтимоий муҳтож кишиларга ёрдам беришни чақиради. “Қуръони карим” да шундай дейилади: “Улар (мўъмин-мусулмонлар) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ “юзи” учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз” (Инсон сураси, 7-9-оятлар).
                Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ўзаро инфоқ-эҳсон қилишнафақат моддийлик билан чекланиб қолмайди, балки ўзгаларни ижтимоий ва руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўлни юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
       Шунингдек, Ислом динида беморларни зиёрат қилиш, жанозада иштирок этиш, марҳумнинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандчилик бағишлайдиган, ўзаро алоқани янада мустаҳкамлайдиган фазилатлар саналади.
            Айни пайтда Ислом динида ўзаро инфоқ-эҳсон қилишдан, ижтимоий муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш қаттиқ қораланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: Эй, Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг! У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман? У айтади: Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай? У дейди: Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай? У дейди: Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни мени ҳузуримдан топишингни билмасмидинг?” дедилар” (Муслим ривояти).
                                        Исломда ўзаро инфоқ-эҳсон қилиш нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлиши, балки жамиятда яшаётган бошқа дин вакилларига ҳам ғамхўрлик қилиниши лозим экани таъкидланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: Ким зиммийга азият етказса мен у билан хусуматлашаман. Мен ким билан хусуматлашсам қиёмат кунида ундан ҳаққимни оламан, деганлар.
            Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўзаро инфоқ-эҳсон қилиш, муҳтожларга ёрдам беришлик инсонлар орасида меҳр –оқибатни зиёда қилади. 
Б. Холмўминов,
 
Ғузор тумани “ Совлиғар” масжиди имом хатиби, ТИИ модуль таълим тизими табаси