1445 йил 24 Шаввол | 2024 йил 02 май, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:11
Sunrise
05:38
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:30
Isha
20:57


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сохта салафийларга раддия

8-04-2024, 13:19 61 Ўқиш режими + -
Бугунги кунда турли гуруҳлар тарафидан мазҳабларни инкор қилиш ҳолатлари учраб турибди. Улар мазҳабсизлик ғоясини илгари суриб, асосий мақсадлари асрлар давомида амал қилиниб келинаётган фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдан иборат. Мазҳабсизлик ғояси деярли ўн тўрт асрдан ортиқ вақт мобайнида яшаган минглаб уламоларнинг бутун умрлари давомида олган илмлари ва қолдирган меросларини, ёзган асарларини бекорга чиқаради. Шу билан бирга асрлар давомида амал қилиниб келинаётган анъаналар нотўғри, уларга амал қилган мусулмонлар эса адашган экан деган хулосага олиб келади. Бундан ташқари мусулмонлар бирлигини хавф остида қолдиради. 
Мазҳабсизлик ғоясини сохта салафийлар илгари сурмоқда. Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳаблар томонидан ишлаб чиқилган қоидаларни тўғри тушуниш усули сифатида тан олинмайди, балки шариат аҳкомларини тўғридан-тўғри амалга татбиқ этиш лозим деб ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, мазҳабсизларнинг даъвоси бўйича ҳар бир киши, ўзи Қуръондан ёки ҳадисдан ҳукм олиши мумкин. Чунки мужтаҳидларнинг хулосаси бошқалар учун асос бўла олмайди, ҳар бир одам ўзи фатво бериши мумкин. 
Уларнинг бу ғоясига амал қилинса, барча Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ўтса, жамият ҳаёти ўз-ўзидан издан чиқади. Чунончи тиббиёт, архитектура ва ҳоказо соҳа вакиллари ҳам ўзлари мустақил тарзда Қуръон ёки ҳадисларни ўрганиб ўз масалаларини ҳал этишлари лозим бўлиб қолар эди.
Мазҳабсизликни тарғиб қилаётган сохта салафийлик мафкурасига кўра фиқҳий мазҳаблар томонидан ишлаб чиқилган категориялар шариатни тўғри тушуниш услуби сифатида тан олинмайди, тўғридан-тўғри шариат аҳкомларини амалга татбиқ этиш энг тўғри йўл ҳисобланади. 
Бу йўл билан минглаб олимларнинг машаққат билан амалга оширган ишларини бекорга чиқаради. Шу билан бирга асрлар давомида мусулмонлар томонидан амал қилиниб келинаётган анъаналарни нотўғрига чиқариб, “ўтмишдаги мусулмонларни адашган эдилар” деган бузуқ хулосани беради. Бунинг натижасида мусулмонлар орасида парокандалик юз беради. Ҳозирги кундаги аҳли сунна вал жамоа мусулмонларининг барчаси тўрт мазҳабдан бирига эргашади. Шу билан бирга улар бир-бирини инкор қилмайди ва ақидада бир ҳисобланади.
Мазҳабсизларнинг даъволаридан яна бири фақат саҳиҳ ҳадисга амал қилиш лозим, чунки мужтаҳидлар ҳар хил фатво чиқарганлар, шунинг учун бу бўлиниш ҳисобланади, дейдилар. Аслида мазҳаблардаги бир масалага турлича қараш мужтаҳиднинг ўша масалани қандай тушуниши билан боғлиқ. Араб тили бой тил бўлгани сабабли, бир олим Қуръондаги сўзнинг бир маъносини қабул қилган бўлса, иккинчи мужтаҳид бошқа маъносини олган. Ҳукм ҳам, ҳадислардан ҳукм олиш ҳам шунга яраша бўлган. Бир мужтаҳид бир ҳадисни олган ва унга қарши бўлган ҳадисни эса, ҳукми ўчган деб, бошқа мужтаҳид эса, ўша ҳадисни ҳукми ўчмаган деб қабул қилган. 
Хулоса ўрнида, исломдаги фиқҳий мазҳаблар мусулмонларнинг бирлигини сақлашга ва халқнинг диний ҳукмларга риоя этишларидаги қийинчиликларини олдини олишга хизмат қилган. Бироқ мазҳабларни инкор қилиш мусулмонлар қалбига турли шубҳаларни солиш баробарида соф ислом ақидасини бузиш ва жамиятда ихтилофли ҳолатларни келтириб чиқаришга қаратилган.
 
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
 Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи