1445 йил 25 Шаввол | 2024 йил 03 май, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:10
Sunrise
05:37
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:31
Isha
20:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ ХАТАРИ ВА ЗАРАРЛАРИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

16-04-2024, 12:23 70 Ўқиш режими + -
Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар-бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.
Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.
Адашган кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини “яқин дўст” ёки “ҳидоятга чорловчи” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир - оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.
Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш лозим. Яхши - ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот - хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.
Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар кўплаб бузғунчиликларига интернетни восита қилмоқдалар. 
Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлар, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.
Интернетдаги ғоявий тузоқлар гўё маданиятга ўхшаши ва ёшларга мойдек ёқиши билан ҳам хатарлидир. Инсоний ахлоқга терс оломонча маданият айрим ёшлар онгига чанг солиб, маънавият кушандасига айланмоқда. Ачинарлиси, мазкур “маданият” таъсирига берилиб қолганини ёки унинг қурбонига айланаётганини кўпинча ёшлар ўзлари сезмайди.
Ижтимоий тармоқларнинг оила ва жамият барқарорлигига солаётган энг катта таҳдидларидан яна бири – улардаги мулоқотлар сабабли кўплаб тинч -тотув оилалар барбод бўлиб кетаётганидир.
Ҳозир интернет бутун дунёни эгаллаб олган. Унинг ёрдамида бир дақиқада дунёнинг нариги четидаги киши билан суҳбатлашиш, ўзаро фикр алмашиш мумкин. Лекин турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар, форум ва чатлардаги таниш-билишлар ҳақида холис маълумотга эга бўлиш мутлақо имконсиз. Уларнинг кимлигини, нияти қандайлигини билмасдан туриб, кибер дўстларга кўнглини очаётган - шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, туйғуларини ишониб айтаётган ёшлар кўп. Натижада, уларнинг далдаси, ширин алдовлари, сохта мулозаматларига учган ёшлар охири интернетсиз яшай олмай қолади. Бу эса компьютерни одам эмас, компьютер одамни бошқариш имкониятини юзага келтиради.
Айнан глобаллашув баҳонасида қайсидир давлатлар ёки қандайдир марказлар дунёнинг бошқа четидаги одамлар мафкурасини ўзгартиришга, уларни ўз ғаразли ғояларига ишонтиришга, бинобарин, уларни ўз ортидан эргаштиришга уринмоқда. Бунга “нишон бўлган” инсонларнинг на миллий қадриятлари, на урф-одатлари ва на ўша юртда яшайдиган инсонларнинг дину диёнати, имон-эътиқоди, хоҳиш - иродаси эътиборга олинади.
Интернет – бу катта бир дўкон. Дўконга борганда, одам хоҳлаган молини сотиб олади. Интернетни ҳам шундай бир бозор, яъни ахборот бозори, деб тушуниш керак. Ёш авлод  ахборот маконига кирганда, фақат ўзи учун зарур ва фойдали нарсани олсин, интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргансин.
 Хулоса ўрнида, фарзандининг ёрқин келажагини истайдиган ҳар-бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Бола тарбияни турли компьютер уйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало ота - оналаридан, бобо - момоларидан, эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблардан олсин.
 
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
 Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи