1445 йил 24 Шаввол | 2024 йил 02 май, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:11
Sunrise
05:38
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:30
Isha
20:57


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОНИ ШАРИФ-РАҲМАТ ВА МАҒФИРАТ ОЙИ

1-05-2020, 13:31 436 Ўқиш режими + -

РАМАЗОНИ ШАРИФ-РАҲМАТ ВА МАҒФИРАТ ОЙИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний қадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амалини инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади.
        Рўза Исломнинг беш асосидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримда “...сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “...сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин” (Бақара сураси. 183-184-оятлар) каби хитоблар билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган ва фиқҳий асосларидан баҳс юритилган. Ҳаммага фарз қилинган рўза қамарий Рамазон ойининг рўзасидир. Диннинг устуни ва таянчи намоз бўлса, жамиятники-закот, руҳники эса-рўзадир.
            Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бўлади. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён.Бир нарса аниқки, Рамазон-раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза қилади. Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру-мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. 
Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг савоби минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўрсак. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади,иншаоллоҳ!. Ҳатто фаришталар ҳам бу ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар...
          Қуръони карим шу ойда нозил бўлди. Аллоҳнинг расули одамларни ислом динига даъват қилишни шу ойда бошлади. Шу ойдан бошлаб ислом дини зафарга куч-қувватга, нурга тўлаверди.... Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун уммат тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.
          Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар.... бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру саховат эшиклари барчага баробар очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар...
          Рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ҳам шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатади. Рамазондаги яхши амаллар мусулмонларни янада жипслаштиради, уларга меҳр оқибат, дину-диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.
Рамазони шариф ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун аввало, биз бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлишимиз лозим. Чунки Рамазон ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон. Уйимизга бир меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
          Худди шунингдек, моҳи Рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг иймон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай мусулмон одам ҳам йил мобайнида нафсоний иштиёқларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётиган турли салбий ҳолатлардан тасирланиши натижасида унинг нури иймони анча хиралашиб, ақийдаси ҳам анча-мунча заифлашиб қолади. Шунинг учун ҳам жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам васиятларида – “Тез-тез уламо ва фузалоларнинг илмий суҳбатларини топиб турингизлар. Гоҳ-гоҳида Қуръон оятларининг тиловати ёки уларни қулоқ солиб тинглаш билан машғул бўлинглар. Шундай қилсангиз, занглаб қолган дилларингиз сайқалланиб, нури зиёда бўлиб туради”,-деб марҳамат қилган эканлар. Худди шу сингари Рамазон ойи ҳам дилларимизни йиғилиб қолган ғуборлардан тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб етишга тайёрлаб оладиган ғанимат бир фурсатдир. Бинобарин, бу ой бошқа ўн бир ойдан фарқ қилиши керак.
 Рўза руҳнинг озуқаси, қалб осилишининг энг буюк омили. Ҳам жасадга ҳам руҳга фойдалидир. Инсонлар рўза туфайли нафсларига ҳоким бўлишга интиладилар. Бошқа ибодатлар эса, нафсини жиловлашга асосий ёрдамчилардир, зеро, фақат рўза билангина нафсни идора қилиб бўлмайди. Рўза-руҳга маънавий озуқа беради, Ҳақ таолонинг пинҳоний марҳаматларига эриштиради.
             Рўзадор киши руҳий покланишга еришади. Ақлини нафсидан ғолиб бўлишга ўргатади. Ўзини ҳар хил шаҳватлардан тия олади. Қалбида бева-бечора, оч-наҳорларга нисбатан меҳр пайдо бўлади.
            Рўза қиёмат куни рўзадорларни шафоат қилиб: “Ё Роббим, булар сенинг розилигинг учун ейиш ва ичишни, шаҳватни тарк қилиб рўза тутдилар, буларни бизга бағишла!”-дейди.
           Қуръон ҳам Қуръон ўқувчиларни: “Эй роббим, булар кечалари  уйқуларини, кундузлари ишларини ташлаб, Сенинг китобингни ўқиш билан машғул бўлдилар. Буларни ҳам бизга бағишла!”-деб шафоат қилади.
 Буларнинг шафоати ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари каби рад этилмайди, қабул бўлиб, мағфирати илоҳийга ва жаннатга дохил бўлишга сабаб бўлади.
            Ҳазрати Умома розияллоҳу анҳу:
-Эй Расулуллоҳ, менга бир вазифа буюринг, деб сўрадилар.
 Рўза тутишда давом етинг, шубҳасиз, унинг савобининг тенги йўқдир,
деб марҳамат қилганлар.
         У киши такроран уч бор сўраганида ҳам, у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам “Рўза тутишда давом етинг, зеро, рўзанинг баҳоси йўқдир” дедилар. Шунинг учун Умоманинг уйида ўчоқ ёқилмасди. Фақат меҳмон келгандагина ўчоқларига олов ёнарди. Лекин рўзани ўз қоидасига мувофиқ тарзда тутишга диққат ва аҳамият бериш керак. Бундай тутилган рўза (фарзни, нафлни) соҳибини ҳам жаҳаннам оловидан қутқаради, ҳам жаннатга дохил қилади.
Рамазонда рўзадорга беш хислат берилдики, булар бошқа умматларнинг ҳеч бирига берилмаган:
1. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк ҳидидан ҳам яхшироқдир.
2. Ифтор қилингунча фаришталар ҳам рўзадор учун истиғфор айтиб, унга мағфират талаб қиладилар.
3. Ҳақ таоло ҳар куни жаннатнинг зийнати оширади.
4. Шайтонларнинг саркашлари банд этилади.
5. Охирги кечада бутун рўзадорлар мағфират қилинадилар.
            Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.
            Рўза Аллоҳ учундир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу  ривоят қилган бир ҳадиси қудсийда: “Инсонларнинг қилган барча амаллари ўзлари учун, фақатгина рўза мен учундир (менга оиддир). Рўзанинг мукофотини мен бераман. Рўза бир қалқондир, шунинг учун рўза тутган кунингизда рафас, яъни, жимоъ ҳақида фаҳш сўзларни сўзламангки, балки, жимоъга сабаб бўлар... Ҳеч қачон бақириб чақирманг, хусуматлашманг ва тортишманг. Агар бошқа бир киши сизни уриб-сўкишга, сиз билан жанжаллашишга мойил бўлса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман” денг”, дея марҳамат қилинади. Урушиш, ёмон сўзлар айтиш эса инсонни у кутаётган, умид қилаётган савоблардан маҳрум қилади.
Рўзадор ейиш-ичишни, уйқу ва завқни, кундузи жинсий муносабатни тарк қилиши, ҳаммага самиймий муҳаббат ва ёрдам кўрсатиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учундир.
            Рамазон – Қуръон ойидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай баён қилади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим етувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси 185-оят).
 Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят этилишича Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннатларнинг эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Бу ойда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Бу ойда бир кеча  бўлиб, у кеча минг кечадан яхшироқдир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп лардан маҳрум бўлибди”.
           Рамазон ойида мағфират кунлари бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг фарзи бўлган рўзани тутиб, кечалари ибодат ва дуо билан машғул бўлган одамларни Аллоҳ таоло фаришталарга кўрсатиб: “Эй фаришталар, мана бу бандаларимни қаранглар, уларнинг дастурхонга қўл узатмасдан ўтиришлари, очликка, ташналикка сабр қилишлари фақат менинг розилигимни топиш учундир. Сизлар гувоҳ бўлингларки, рамазон ойи менинг ойим бўлгани ва мен итоат қилган бандаларимга ўзим хоҳлаганимча, беҳисоб мукофотлар берман, деб ваъда қилганим учун уларнинг барча гуноҳларини бугун мағфират қилдим”-дейди.
          Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда алоҳида бир эшик бўлиб, у Райён (чанқоқлик йўқ) дейилади. Қиёмат куни бу эшикдан фақат рўза тутган кишиларгина кирадилар” Имом Бухорий ривояти.
          Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси киши бир кун рўзасини Аллоҳ розилиги учун тутса, Аллоҳ таоло ундан дўзахни етмиш йиллик масофага узоқ қилади” Имом Бухорий ва Сунан эгалари ривоятлари.
           Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, гуноҳларимиздан покланиб, қалб кўзларимиз очилишини, дунё ва охират мартабаларига етишимизни насиб айласин. Азизлар! Дуоларимизда Аллоҳ таолодан халқимиз саломатлигини, жумладан, коронавирусга  чалинган беморларимизга шифои комил беришини, юртимизнинг тинчлигини, равнақи ва фаровонлигини сўраб дуо қилайлик!


Ў. Ғузаров

Хожа Бухорий номли ўрта махсус
 ислом билим юрти мудири