1445 йил 25 Шаввол | 2024 йил 03 май, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:10
Sunrise
05:37
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:31
Isha
20:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОЗ КУЛИБ, КЎП ЙИҒЛАСИНЛАР

3-08-2020, 10:04 187 Ўқиш режими + -

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.فَلۡيَضۡحَكُواْ قَلِيلٗا وَلۡيَبۡكُواْ كَثِيرٗا جَزَآءَۢ بِمَا كَانُواْ يَكۡسِبُونَ ٨٢82. Бас, қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар. (Тавба сураси, 82-оят)Одатда инсон ўзининг ёки ўзганинг қилган ишлари ёки сўзлари туфайли кулиши учун унинг кўнгли мутлоқ хотиржам бўлиб, ғам-ғусса ва ҳар хил ташвиш, қўрқувлардан холи бўлиши керак. Акс ҳолда инсоннинг кулгуси самимий чиқмайди ва ўзига ярашмайди ҳам. Албатта мазкур ҳолатни ҳаммамиз ҳам бир неча марта бўлсада, гувоҳи ва иштирокчиси бўлганмиз. Демак мазкур ҳолатга эътибор берадиган бўлсак, гўёки ҳеч ким ич-ичидан, бутун вужуди билан беғубор ҳолатда кулиши мумкин эмас. Чунки ҳеч кимнинг қалби озгина бўлсада, ғам –ташвишдан мутлоқ холи бўлолмайди. Бу ҳолатни эса Аллоҳнинг муқарраб бандалари бўлган солиҳ ва аброрлар яхши тушуниб етадилар. Шунинг учун ҳам улуғларимизни ҳаёт йўлларини ўрганишлик асносида улар ҳеч қачон бутун вужуди билан берилиб, оғизларини катта очиб, қаҳ-қаҳа отиб кулганларини билмаймиз. Чунки улар доимо Аллоҳни зикр қилсалар ҳам, ибодатларни холис амалга оширсалар ҳам, қилган амаллари кўз олдиларида оз саналиб, камчилик ва ноқисликлардан иборатдек ва Аллоҳга ҳақиқий бандачиликни У Зот талаб қилганидек рўёбга чиқара олмаётганликларидан қалблари ғам, ташвиш, қўрқув ва маҳзунлик ила тўлиб-тошар эдилар. Натижада эса уларнинг кўзларидан тинмасдан оқаётган ёшлар соқолларини шалаббо қилар эди. Қолаверса у зотлар бир жойда жамлансалар, бир-бирларини кулдириш учун эмас, балки охиратни, ундаги ҳисоб-китобни, дўзах ва қабр азобини эслатиб, қилган гуноҳларига тавба қилиш учун туртки бўладиган хабарларни эслатар ва биргаликда йиғлашар эдилар. Негаки уларнинг қалблари мусаффо ва Аллоҳнинг нури ила мунаввар эди. Қолаверса, Аллоҳ таоло Ўз Каломида «Бас, қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар» деб огоҳлантириб қўйган бўлса, энди айтингчи, қалбида заррача Аллоҳга бўлган хавф ва умиди бор инсон хотиржам кула оладими?Шу ўринда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар ҳам кулганлар-ку» дейиш мумкин. Тўғри, бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Лекин уларнинг кулгулари билан бизларнинг кулгуларимизнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Қолаверса, улар кулганларида ҳеч қачон қаҳ-қаҳа отиб, оғизларини катта очиб, кулмаганлар. Балки, табассум қилганларки, унда тишларининг оқлари кўринар эди, холос. Қолаверса Аллоҳ таоло ояти каримасида мутлоқ кулмасинлар эмас, балки «оз кулиб, кўп йиғласинлар» демоқда. Демак кулиш мумкин экан, лекин биз яшашдан мақсад ҳаётнинг моҳият ва мазмуни кулишдангина иборат эмаслигини билишимиз ва асосий машғулотларимизни шундан ташкил топиб қолмаслигини таъминлашимиз керак. Албатта, кулишни ҳам ўз ўрни, шарт-шароити, қолаверса одоби ва чегараси бор. Ҳар бир нарса ўз ўрнида ва меъёрида бўлса зарар қилмайди. Худди шунингдек кулги ҳам. Лекин ояти каримага эътибор берадиган бўлсак кулгуга нисбатан кўпроқ йиғлашимиз зарур экан. Чунки бизларнинг қилаётган иш ва амалларимиз, касб ва ҳаракатларимиз фақатгина тинмасдан йиғлашимизга лойиқ ва муносибдир. Лекин кўпчилигимизни қалбларимиз гуноҳ-маъсиятлар сабабли қора доғлар ила қопланганлиги учун тавба тазарруъ қилиб, йиғлаб Аллоҳдан гуноҳларимизни кечиришлигини сўрашни ўрнига, хотиржамлик ва умидга берилиб, кулишдан ва кўнгилочар ўйинларни ўйнашдан бўшамаймиз. Аслида эса бу дунёда тер тўкиб, захмат чекиб, қийинчилик, синов ва имтиҳонларга жиддийлик ила ёндашиб, уларни енгиб ўтиш учун ҳаракат қилишимиз ва бу борада бир лаҳза бўлсада лоқайдлик ва бепарволикка берилмаслигимиз керак. Мазкур ҳақиқатларни тўлиқлигича тушуниб етиб, унга амал қилсак, иншаа Аллоҳ кулиш, роҳат-фароғат, кўнгилочар ишлар ҳаммаси жаннатда бўлади.Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий бу ҳақида шундай деганлар: «Кўп кулгу ва мол, дунёга хурсанд бўлиш инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир».

Исҳоқ Муҳаммад, 
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби
Манба: Ummat.uz