1442 йил 12 Жумодус соний | 2021 йил 25 январь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:31
Sunrise
07:49
Dhuhr
12:49
Asr
16:10
Maghrib
17:50
Isha
19:08


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МЎМИНЛАРНИНГ ОНАЛАРИ НЕГА КЎП БЎЛИШГАН?

11-01-2021, 15:22 23 Ўқиш режими + -

Мўминларнинг оналари нега кўп бўлишган?
Даъватга оид ҳикмат. Аллоҳ таолога даъват қилувчи раҳбар билан унга эргашувчилар орасида ўзаро ишонч бўлиши ўта муҳим. Раҳбар қўл остидагиларини худди меҳрибон отадек бошқаради. Заиф, бемор ва муҳтожларнинг ҳақларини оила посбонидек ҳимоялайди. Шу боис ўртада садоқат пайдо бўлади. Шунингдек, у ваъдасига вафо қилиши билан оиласини парокандаликдан асрайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мўминларнинг ҳолатлари шундай эди. Хадича онамиз розийаллоҳу анҳо вафот этганида, Набий алайҳиссалом ёлғиз қолдилар. Кейин у зот алайҳиссаломга Савда бинти Замъа ҳақида айтилди. Савда розийаллоҳу анҳонинг яқинлари ва қариндошлари Аллоҳ ва Расулига қаттиқ адоват қилувчи мушриклар бўлиб, агар улар ёнига қайтса, уни динидан қайтаргудек фитнага солишлари тайин эди.

Хўрланиш ва фитналардан қутқариш мақсадида Пайғамбаримиз алайҳиссалом Савда розийаллоҳу анҳога турмуш қуриш таклифини бердилар. Ўшанда онамизнинг ёши 55, Пайғамбаримизнинг ёшлари эса элликда эди. Набий алайҳиссаломнинг Умму Салама, Жувайрия бинти Ҳориса, Зайнаб бинти Хузайма розийаллоҳу анҳуннага никоҳланишларининг сабаби ҳам шундай бўлган.

Қариндошлик ҳикмати. Қуда-андачилик қалбларни бир-бирига мойил этувчи ҳамда силаи раҳмни мустаҳкамловчидир. Тарихга назар солсак, икки томоннинг турмуш қуриши туфайли қанчадан-қанча қабила ва уруғлар орасидаги урушлар барҳам топган. Масалан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир томондан Умму Ҳабибани турли кўнгилсизликлардан ҳимоялаш учун уни никоҳларига олган бўлсалар, иккинчи мақсадлари Абу Суфённинг қалбини Исломга мойил этиш эди. Ҳатто одамлар Абу Суфённи Набий алайҳиссаломга қарши гиж-гижлаб: “Муҳаммад машваратингсиз қизингга никоҳланиб олибди”, дейишганда, у: “Бу эркакнинг бурни ерга тегмайди”, деб жавоб қилган.

Бани Мусталиқ қабиласига мансуб Жувайрия бинти Ҳориса билан турмуш қуришларидан мурод эса бутун бир қабилани қуллик ва асирликдан озод этиш эди. Муборак никоҳ сабаб қавмнинг юздан ортиқ оилаларига барака ва хурсандчилик кирди. Сабаби, Жувайрия қабила раисининг қизи эди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг у билан турмуш қурганларини эшитган саҳобалар: “Расулуллоҳнинг қудаларини қулликда тутиб бўлмайди”, дея барчаларини озод этиб юборишади. Шундан кейин Бани Мусталиқ адоват ва нафратини – муҳаббат ва нусратга айлантирган Аллоҳ таолонинг энг кучли қўшинларидан бирига айланади.

Сафия бинти Ҳуяй онамиз розийаллоҳу анҳога бир жиҳатдан яҳудийларнинг ёмонликларини тўхтатиш, яна бир томондан эса Исломни ёйиш ҳамда барча миллат ва элатларга яхшиликни истаб никоҳландилар. Бундан билинадики, Ислом даъватидан мақсад қавмларни таҳқирлаш ва уларнинг устидан ноҳақ ҳукмронликни қўлга киритиш бўлмаган.

Қуда-андачилик қабила ва қавмларнинг алоқасини мустаҳкамловчи воситадир. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ойша бинти Абу Бакр ҳамда Ҳафса бинти Умар розийаллоҳу анҳумога никоҳланишлари уларнинг оталарига ҳурмат кўрсатиш эди. Сабаби, бу икки зот Набий алайҳиссаломнинг дўстлари, вазирлари эди.

Убайда ибн Ҳорисанинг беваси Зайнаб бинти Хузайма билан турмуш қуришлари жангларда аскарларнинг яраларини боғловчи Зайнабга, эри шаҳид кетганидан сўнг ҳурмат кўрсатиш, ёрдам қўлини чўзиш ниятида бўлган эди. Шунингдек, Расулуллоҳ Уҳуд шаҳиди Абу Саламанинг тўрт фарзанди билан бева қолган аёли Умму Саламага никоҳланиб, уни ҳам қарамоғларига олдилар.

Таълимий ҳикмат. Дарҳақиқат, мўминларнинг оналари саҳобияларга фатво, таълим бериш, хусусан, оилавий масалаларда мурожаат этиладиган намунали аёллар эдилар.

Шаръий ҳикмат. Ушбу ҳикмат Муҳаммад алайҳиссаломнинг Зайнаб бинти Жаҳш онамизга никоҳланишларида яққол намоён бўлади. Жоҳилият даврида одат бўлиб қолган “табанни”, яъни ўғил асраб, уни фарзандим, деб даъво қилиш Расулуллоҳ алайҳиссаломга мавлолари Зайд ибн Ҳорисани Зайнаб бинти Жаҳшга никоҳлашга буюрди. Зайнаб бинти Жаҳшнинг оила аъзолари қизлари аслзода эканини у озод қилинган қул билан тенг бўлмаслигини айтиб, қаршилик билдиришганда, Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари бир ишни ҳукм қилганида – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир” (Аҳзоб сураси, 36-оят).

Ушбу ояти каримадан кейин Зайнаб бинти Жаҳшнинг яқинлари раббоний амрга бўйсунишди. Лекин икки ёшнинг турмуши узоққа чўзилмади. Зайд Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб ажрашмоқчи эканини айтар, Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни сабр этишга буюрардилар. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг табаннийлик одати ботил бўлгани, эндиликда Зайнаб розийаллоҳу анҳо мўминларнинг онаси бўлишини баён этувчи оят нозил қилгунига қадар давом этди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмни татбиқ этиш учун тараддудланиб турганларида, у зотнинг олдиларида фақат Зайдга Зайнабни талоқ қилишга рухсат беришларидан ўзга йўл йўқ экани ҳақида илоҳий итоб тушди. Сўнгра Зайнаб розийаллоҳу анҳонинг иддаси тугагач, Набий алайҳиссалом унга уйландилар. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо айтади: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган бирон нарсани беркитувчи бўлганларида эди, ушбу сўзини беркитган бўлардилар: «(Эй Муҳаммад) эсланг, Аллоҳнинг ва сизнинг инъомингизга эришган (Зайд ибн Ҳориса)га: “Жуфтингни ўзингга сақлагин (талоқ қилишга шошилмагин), Аллоҳдан қўрққин”, деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналардан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри эса бажарилувчидир» (Аҳзоб сураси, 37-оят).

Дарҳақиқат, ушбу никоҳ Набий алайҳиссаломга фарз қилинган эди. Набий алайҳиссалом ўзларини ноқулай сезишларига қарамасдан, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, уни бажардилар. Сабаби, мушрик ва мунофиқлар мана шу никоҳ юзасидан кўпгина ёмон гапларни тарқатиб юборишган эди.

Манбалар асосида Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан

Манба: Ҳидоят: Уз