1443 йил 13 Сафар | 2021 йил 20 сентябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:08
Sunrise
06:23
Dhuhr
12:30
Asr
16:51
Maghrib
18:37
Isha
19:52


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ақидада адашмайлик!

9-09-2021, 16:29 22 Ўқиш режими + -
Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Чунки ақида нотўғри бўлган ҳолда қилинган амаллар қанчалар кўп ва ихлос билан бажарилган бўлмасин, унинг заррача фойдаси йўқдир. 
Ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, соф Ақидани билмагани сабабли, қилган ибодатлари унига ҳеч қандай наф бермайди.
Чунки динда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз, ёлғиз ихлоснинг ўзи билан нажот топаман деган кишилар адашадилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилдилар. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқдилар. Агар уларда илм бўлганида, улар бу ишни қилмаган бўлар эди”.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзлари хаворижларга нисбатан айтилгандир. Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” деб номлашган. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким”ни (яъни, Муовия розияллоҳу анҳу билан қилинган битимни) қабул қилишини куфр деб ҳисоблаган. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаннат башоратини берган зотни кофирга чиқаришган. Али розияллоҳу анҳу уларнинг даъволарига жавоб бериш ҳамда уларни тўғри йўлга бошлаш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида кенг басҳ-мунозара бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг хатоларини илмий исботлаб берганларидан сўнг улардан икки мингдан зиёди хаворижликдан қайтган эди.
Минг афсуски, бугунги кунда ҳам худди шу хаворижлар каби “такфирчи” оқимлар пайдо бўлиб, омма мусулмонларни куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётгани ачинарли ҳолатдир.
Шуни таъкидлаш лозимки, баъзилар динни жуда ҳам енгил олиб, Аллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилишни ортга сурсалар, яна баъзилар эса уни ҳаддан ошириб юборишади. Бу иккиси ҳам нотўғридир. Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири - банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси - банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.
Банда шайтондан устун келиши учун амалини шариат мезонига солиб кўрсин. Агар амалида нуқсон бўлмаса ва ҳаддан ҳам ошмаса, ютуқ уникидир. Аксинча бўлса, натижа ҳам аксинча бўлади. Буни билиш учун илм керак. Инсон тўғри йўлдан кетаётганини билиши учун аввал тўғри йўл қайси эканини билиб олиши лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Халқимизни аждодларига муносиб тўғри ақидада собит турадиган халқлардан қилсин!


М. Худойназаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи