1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ТЕРРОРИЗМ - ТИНЧЛИККА РАҲНА СОЛУВЧИ ИЛЛАТ

12-01-2022, 17:42 340 Ўқиш режими + -
Дунё яралибдики, тинчлик - осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат бўлиб келмоқда. Чунки, биринчи  галда осуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ. 
Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига раҳна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири эса диний ақидапарастлик ва терроризмдир. Бу балою офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ХХ1 асрга келиб, ўзининг жирканч қиёфасини янада кўпроқ намоён эта бошлади.
Айни пайтда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли диний экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч - тотув ҳаётига раҳна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу ёвуз ниятлиларнинг фаровон ҳаётимизни кўра олмаслик кайфияти, тузумимизга қарши тажовуздан иборат уринишлари барча тараққийпарвар кишиларни ғазаблантирмоқда. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатларини қонун ҳам қаттиқ қоралайди.
Экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажоввузкор сиёсий фаолиятдир.
Террорчилар сиёсий мақсадлари ва фикрий нуқтаи назарларини, яшаш тарзлари ва ўзларигагина ёққан ахлоқни жамиятларга мажбуран сингдириш учун одамларни оммавий тарзда қўрқитиш, улар орасига ваҳима, ихтилоф ёйиш учун даҳшатга солишнинг барча усулларини тап тортмай қўллашади.
Террорчилик кеча ё бугун пайдо бўлган нарса эмас, балки тарихда террорчилар томонидан ўйлаб чиқарилган, на диний, на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлган “ғоялар” йўлида олиб борилган ва юз минглаб мутлақо бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлган жуда кўп фожеали ҳодисалар бўлган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 500 га яқин террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ислом ниқоби остида ёки бу диннинг номи билан фаолият олиб боришяпти.
Баъзан ўйлаб қоласан киши, инсонларни қўрқитиб, даҳшат солиб, зўравонлик қилиш, портлатиш ва бошқа қабиҳликлар билан шуғулланувчи бу кимсаларни ҳам она туққанмикин? Волидаси қулоғига алла айтиб, қалбига меҳр-оқибат уруғи қадамадимикин? У ер – бу ердаги хунрезликларни кузатиб, бу тоифадагилар инсоний тарбия олмаган, гадой топмас жойларда лагерлар қуриб, ваҳшийликка ўргатилган манқуртлар эмасми, деб ўйлаб қоласан. 
Дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим одамлар ўз динлари таълимотини тушуниб, ҳаётга нотўғри тадбиқ этаётганлари беш қўлдай аён. Шунинг учун у ёки бу дин ҳақида ана шундай одамларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳо бериб бўлмайди. Террорчи жамоалар мусулмон мамлакатларида оммавий бўла олмагани учун аҳолининг номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаландилар. Ўз мақсадлари йўлида курашнинг террордан бошқа йўлини рад этишди. Улар жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан ажралиб туради. Бу йўлда ўз жонларини қурбон қилишга ҳам тайёр туришади.
Ҳозирги кунда инсонларнинг тинч ва осойишта ҳаёти ҳамда хотиржамлигига раҳна солиб турувчи террорчилик ҳаракатлари баьзи ерларда учраб турибди. Террорчиларнинг тутган йўллари ҳар-хил бўлсада қилаётган ишлари бир хил, яъни, одамларнинг тинч турмуш тарзини издан чиқариб, қўрқув остида яшашга мажбурлашдир. Дунё цивилизацияси ривожланиши, шунингдек, янги техник воситалардан фойдаланиб, кун сайин ўзининг қабиҳ, даҳшатли кураш усулларини кучайтириб бормоқдалар.
Терроризмнинг хунук окибатларидан энг ачинарлиси шуки, бутун дунёни тинчлик ва меҳрибонликка, одамларни раҳм-шафқат ва адолатли бўлишга буюрадиган ислом динининг пок номини булғаб, унга зид бўлган бузғунчиликларни “ислом ниқоби” остида амалга оширилишидир. “Ислом” ва “Террор” сўзларини ёнма - ён ишлатилиши мумкин эмас. Самовий динларнинг биронтаси зўравонликни, зулмни оқламайди ва қўллаб -қувватламайди.

С.Жаҳонов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси