1445 йил 23 Шаввол | 2024 йил 01 май, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:13
Sunrise
05:39
Dhuhr
12:34
Asr
17:27
Maghrib
19:30
Isha
20:56


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тилдан келадиган офатлар қалбни сархуш қилади

30-05-2022, 17:39 192 Ўқиш режими + -
Тил, авваламбор, Aллоҳнинг бандасига берган неъмати. Aллоҳ таолонинг маҳлуқотлари орасида инсон зотига берган энг катта инояти бу – тил неъмати. Инсон – ягона гапирувчи маҳлуқот. Мана шу тилимиз билан калимайи иймонни айтиб, мусулмон бўламиз. Биргина янглиш сўзимиз билан иймон халқасидан чиқамиз.
Инсоннинг ташқи кўринишидан кўрки, кийиниши ва ҳусн-у жамоли чиройли бўлиши мумкин. 
Лекин инсонда ширинзабонлик бўлмаса, хушмуомалалик бўлмаса, у инсоннинг кўрки  эътиборга олинмайди.
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.
Имом Термизий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни юриб бораётганимизда у Зотга яқинлашиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», дедим.
«Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан. Ҳамда намозни қоим қилурсан. Закотни адо қилурсан, Рамазон (рўзаси)ни тутурсан, Байтни ҳаж қилурсан», дедилар. Сўнгра: «Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми: рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради. Кишининг тун ичида ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», деб «Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар» оятини тиловат қилдилар.
Сўнгра эса: «Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» – дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», – дедим.
«Ишнинг боши Исломдир. Унинг умуртқа поғонаси намоздир. Унинг ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир», дедилар. Сўнгра дедилар: «Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?»
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Пайғамбари», дедим.
Бас, у Зот тилларини тутиб: «Мана буни тийгин!»  дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, биз гапирган нарсамиз учун, албатта, (иқобга) олинамизми?» – дедим мен.
«Онанг азангни тутсин, эй Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юз тубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди!» – дедилар».
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман»,  дедилар».
Икковини Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” деганини эшитдим.
Катта гуноҳларга сабаб бўладиган ғийбат ва ёлғонни баъзи ғаразли кишилар жамиятда фуқаролар ва давлат орасига ихтилоф солиш учун  ҳам ишлатмоқдалар. Бунинг оқибатида ишончсизлик, адоват, низо ва фитна келиб чиқади. Шундай экан, оила, маҳалла ва юртда фитнага сабаб бўладиган сўзлардан ва иғво хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлайлик!  
Хулоса қилиб айтганда, бизга неъмат қилиб берилган тилимизни эҳтиёт қилиб, сўзлашдан олдин аввал ўйлаб, кейин сўйлашимиз айни муддаодир. Уни фақат икки дунёмизни обод қиладиган хайрли ишларга сарфлашимиз лозимдир.

Сирожиддин Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом блим юрти ўқитувчиси