1445 йил 22 Шаввол | 2024 йил 30 апрель, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:15
Sunrise
05:40
Dhuhr
12:34
Asr
17:27
Maghrib
19:29
Isha
20:54


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Яхшилик эскирмайди, ёмонлик унутилмайди

2-04-2024, 10:15 119 Ўқиш режими + -
Инсон - Аллоҳ таоло томонидан яратилган мавжудотлар ичида энг улуғи ва азизи ҳисобланади. Инсонга берилган умр ўлчовли, шундай экан, бу қисқа умрга кўпроқ савоб ишларни қилиш, жамиятга, инсониятга фақат ва фақат фойдали ишларни кундалик вазифа қилиб олиш керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим “Сўнгра ўша кунда (қиёмат кунида) албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” деб марҳамат қилган.  Инсон умрининг ўтган ҳар бир дақиқаси ортга қайтмас, иккинчи марта қайтариб берилмас фурсат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, душманчилик ва гуноҳ ишларда ҳамкорлик қилмангиз”. Мазкур оятдан кўриниб турубдики, ҳар ким, ҳар кун кундалик ҳаётида доимо яхшилик қилиши, савобли ишларни қилиши, савобли ишларни қилишда ўзгаларни тарғиб этиши билан бир қаторда Аллоҳ таоло қайтарган ёмон ишлардан қайтишлиги кўриниб турибди.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
“Яхшилик юзингизни Машриқ ёки Мағриб томонга буришингизда эмас”, деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
“Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилшга берса намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилиувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”, демоқда.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а) ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в): “Яхшилик эскирмайди, ёмонлик унутилмайди”, дедилар”. Ушбу ҳадиси шарифда яхшилик, савобли ва эзгу ишлар инсонлар қалбида эслаб юрилиши, ёмонлик эса унитилинмаслиги, ёмонлик билан эсга олиниши таъкидланмоқда.        
Абу Ҳурайра(р.а)дан  ривоят қилинадики: “Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ Таоло Қиёмат куни: “Эй одам боласи, сендан овқат сўрадим, менга уни бермадинг”, деса, у киши: “Эй Раббим, қандай қилиб сени овқатлантираман? Сен оламлар Рабби бўлсанг”, дейди. Аллоҳ эса: “Билмайсанмики, фалончи бандам сендан овқат сўради, лекин сен унга таом бермадинг. Агар унга овқат берганингда ҳузуримдан уни топар эдинг”, дейди. Аллоҳ: “Эй одам боласи, сендан сув талаб қилдим. Лекин мени сув билан сийламадинг”, деса, у киши: “Эй Раббим, нечук сени сув ила сийлайман? Ваҳоланки, сен оламлар Рабби бўлсанг”, дейди. Аллоҳ эса: “Фалончи бандам сув талаб қилди. Сен унга сув бермадинг. Билмайсанмики, агар сув билан сийлаганингда, уни Менинг ҳузуримдан топар эдинг”, дейди. “Эй одам боласи, касал бўлдим, мени кўргани бормадинг”, дейди. Шунда у киши: “Эй Раббим, қандай қилиб сени кўргани бораман? Сен оламларнинг Рабби бўлсанг”, дейди. Аллоҳ эса: “Билмайсанмики, фалончи бандам касал бўлди, лекин уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда уни ҳузуридан Мени топар эдинг”, дейди”.
Бир оғиз ширин сўз, кичик ҳадя билан бўлса-да, саховат кўрсатган инсон олий ҳимматлидир. 
Шундай экан келинг азизлар, бугун ҳаёт эканмиз яхшилик, эзгулик, савобли ишлар бизнинг шиоримиз ва кундалик вазифамиз бўлсин.
Аброр Шодиев,  
Китоб туманидаги “Бектемир” жоме масжиди имом-хатиби