1445 йил 25 Шаввол | 2024 йил 03 май, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:10
Sunrise
05:37
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:31
Isha
20:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (38-ҚИСМ) ҲАСАД ВА УНИНГ САБАБЛАРИ 1-ҚИСМ

13-07-2020, 14:12 289 Ўқиш режими + -
 

 МУҚАДДАС ОИЛА (38-ҚИСМ)

ҲАСАД ВА УНИНГ САБАБЛАРИ 1-ҚИСМ
 
Ҳасад бошқа бировдаги неъматнинг кетишини орзу қилишдир. Бу хатарли ижтимоий иллат бўлиб, ота-она, тарбиячилар болалар гўдаклигиданоқ унга қарши даволаш чораларини кўриб бормасалар, шубҳасиз, хатарли таъсир ва ёмон натижа намоён бўлади. Ҳасад бир қарашда кўзга ташланавермайди. Шунинг учун одамлар фарзандларини “бундай қусурдан холи” деб, яхши гумон қилади. Шу боис тарбияга масъул кишилар болани зийраклик билан кузатиб, ундаги ҳасад туйғусини тўғри тарбия бериш ва ҳикмат ёрдамида даволашлари, бартараф қилишлари вожиб. Бундай усул салбий натижа, қийинчилик ва руҳий касалликларнинг олдини олади. Ҳасаддан сақланиш, уни даволаш ёки таг-томири билан йўқ қилиш йўлларини баён қилишдан олдин фарзандда ҳасад, қизғаниш, кўролмаслик оловини ёқадиган сабаблар хусусида сўз юритиш тўғрироқ бўлади. Бу сабаблар қуйидаги ҳолатларда мужассам ифодасини топади: –фарзанднинг ўз оиласида муҳаббат, мулойимлик каби баъзи имтиёзларни йўқотишдан қўрқиши. Хусусан, оилада янги фарзанд туғилганда, катта фарзанд чақалоқ бутун меҳр-муҳаббатни ўзига қаратиб олади, деб тасаввур этади; –фарзандларнинг бирини зийрак, бошқасини анқов деб сифатлашга ўхшаш нисбатлар бериш; –фарзанднинг бирига аҳамият бериб, бошқасини эътиборсиз қолдириш. Бир болани кўтариб, ўйин-кулги, ҳадялар билан сийлаб, бошқасини қўрқитиб, ғамхўрлик ва ҳадялардан маҳрум этиш сингари вазиятлар. Севимли фарзанди етказган ёмонлик ва азиятлардан кўз юмиб, бепарво бўлиш ва бошқа фарзанди содир этган озгина хато учун жазолаш; –ўзи камбағал, етишмовчилик билан яшаётгани ҳолда, фарзандини моддият бобида бекаму кўст, бойбадавлат қариндошлари ичига қўйиш .Шу сингари яна бошқа кўп сабаблар фарзандга ёмон таъсир кўрсатиб, уни руҳий хасталик, худбинлик ва ижтимоий очкўзлик сари етаклаши мумкин. Уйқусизлик, ўз-ўзига ишонмаслик ва нафратланишга ўхшаш руҳий заифликлар ҳам шундан келиб чиқади. Ислом дини очиқ ҳасадни ҳикматли тарбия асос­лари билан муолажа қилади. Тарбиячининг бундай муола­жаси, албатта, фарзандларнинг ўзаро дўстлик, иноқлик, муҳаббат ва софликда улғайишларига ёрдам беради. Қалбларида бошқаларга ёрдам бериш, яхшилик қилиш ва меҳрибон бўлиш туйғу­ла­ри­­ни жамлашларига олиб келади. Ҳасадни даво­лаш­да­ги тарбиявий усуллар қуйидаги ишларда мужас­сам­лангандир: Ҳасадни даволаш йўллари 
1. Фарзандга муҳаббатини сездириб туриш. Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилар эдилар ва асҳобларини ҳам шунга буюриб, қи­зиқ­тириб, амал қилишларини назорат этардилар. Ма­на, баъзи мисоллар: Имом Термизий ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Барид­дан, у киши оталаридан ривоят қилади. У киши ай­тадилар: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба ўқиёт­ганларида Ҳасан ва Ҳусан (розияллоҳу анҳум) иккалалари қизил кўйлак кийган ҳолда юриб келиб, қоқилиб йиқилдилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тушиб икковини кўтариб олдилар ва олдиларига қўйиб: «...мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фит­на (гуноҳ, азоб ва машаққат манбаи)дир», деб (Анфол, 28) ўқидилар-да, сўнгра: “Бу икки гўдакнинг юриб келиб, қо­қилиб йиқилганини кўриб, сабр қилолмадим ва сўзимни кесиб (тугатмай) уларни кўтардим”, дедилар». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо) билан бирга ўйнаб, қўллари ва тиззалари билан юрдилар, улар эса икки томонидан осилиб олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юриб: “Қандай яхши сизларнинг туяларингиз ва сизлар қандай яхши тенгсизлар”, деб айтдилар. Яъни, сизлар менга тенгсизлар, сизларни мен тенг кўраман, деган маънода. Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-Муфрад”да Ойша онамиз­дан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади. У киши айтади: «Бир аъробий Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб: “Гўдакларингизни ўпасиз­ларми, биз ўп­маймиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ қалбингдан раҳматини олиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим”, дедилар». Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ри­воят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: “Ме­нинг ўнта болам бор, улардан бирортасини ўпганим йўқ”, деди. Бас, Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) унга қарадилар ва: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, дедилар. Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-Муф­рад” китобида Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Бир аёл Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳузурига келди. Ойша (розияллоҳу ан­ҳо) унга уч дона хурмо берди. У ҳар бир боласига бир донадан хурмо бериб, ўзига бир дона олиб қолди, иккала боласи хурмони еб бўлиб онасига қарашди. Шунда аёл хурмони иккига бўлиб, болаларига яримтадан берди. Ойша (розияллоҳу анҳо) воқеани Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлаб берди. Шунда Расулуллоҳ (сол­лал­ло­ҳу алайҳи ва саллам): “Нимага бу сени ажаб­лан­ти­ра­ди? Батаҳқиқ, аёлнинг фарзанд­ларига меҳрибон­лигидан Аллоҳ унга ҳам меҳрибон бўлади”, дедилар. Янги фарзанд дунёга келган вақтда унинг акаси ёки опасида ҳасад уйғонишининг олдини олиши лозим бўл­ган эҳтиёт чораларига доим эътибор қаратмоқ керак. Ху­сусан, буни тарбиячилар ва оналар унутмас­лик­лари ло­зим. Эҳтиёт чорасини янги фарзанд туғи­лишидан бир неча ой олдиндан кўриб бориш лозим. Янги гўдакни кийинтириш, чўмилтириш, таом едиришда акаси (ёки опаси) ёрдам беришига имконият яратишда зарар йўқ. У гўдак билан бирга ўйнашига рухсат бериш ҳам фойдали бўлиши мумкин, лекин у гўдакка озор бериб қўймаслиги учун доим назорат қилиш керак. Она янги фарзандини эмизиш учун қўлга олганида, ота гўдак­нинг акаси билан ўйнаб туриши ёки у билан суҳбатлашиб, меҳр-муҳаббатини билди­риши мустаҳабдир. Мақсад севимлилик, маҳбублик, меҳр улашиш бобида ака гўдак билан тенг эканини билдиришдир. Буларни улуғ тарбиячи (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) юқорида айтиб ўтгани­миз бир неча ҳадис­ларда баён қилганлар. Шундай экан, тарбия­чилар фарзандлари ўзаро муҳаббатли, бир-бирига ёрдам берувчи ва очкўзлик, нафрат, худбинликдан холи бўлишларини хоҳласалар, улуғ муаллим Ра­су­лул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларидан юр­синлар. 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан