1445 йил 25 Шаввол | 2024 йил 03 май, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:10
Sunrise
05:37
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:31
Isha
20:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ухлаш одоби

27-01-2020, 19:35 1 758 Ўқиш режими + -

Ухлаш одоби

    Маълумки, уйқу инсон учун катта неъматдир. Инсон уйқу билан кун давомида йўқотган куч-қувватини тиклайди. Уйқу билан инсон танасидан чарчаш ва толиқишларни бартараф этади. Уйқу инсоннинг руҳи, ақли, танасини тетиклаштиради. Уйқусизлик инсоннинг дармонини қуритади, уни ҳалокатга олиб боради. Кечқурун яхши ухлаб дам олган кишининг эртанги куни унумли бўлади.

Инсон ётишдан олдин қўл, бурун, оғиз, тишларни пок бўлишига аҳамият бериши лозим. Уйқуга ётишдан олдин овқатланиш пайтида қўлларга теккан ёғларни ювиш уйқунинг хотиржамлигини таъминлайди. Чунки қўлларни ёғи билан ётиш инсонни  уйқуда безовталанишига олиб келади. Пайғамбар (с.а.в.) “ Қўлларни ёғини ювиб ётинглар, кимки қўлини ёғини ювмай ётса, безовта бўлса, ўзидан кўрсин” деганлар.Пайғамбар (с.а.в.): “Уйқудан турсанг бурнингни уч марта ювиб ташла, инсон ухлаганида шайтон инсоннинг нопок бурни ёки қўл, оғизларидан фойдаланади ” дедилар.

Ухлашга ётишдан олдин ҳовли, уй-жойлардан хабар олиб, эшик -дарвозаларни беркитиши лозим. Уйдаги олов ва чироқларни ўчириб ётиш эса айниқса муҳим ишлардандир. Бу ҳақда ҳадисда: “ Қуёш ботса, болаларингизни йиғиб олинглар, чунки бу вақтда шайтонлар тарқалади. Кечадан бир соат ўтса, эшикларингни ёпинглар чунки шайтонлар ёпилган жойга кирмайдилар, идишларингни устини ёпиб қўйинглар, уйқуга ётар вақтларингизда чироқларингизни  ўчириб қўйинглар” дейилади. ( Бухорий ривояти). 

Ухлашдан олдин кўрпа-тўшакларни қоқиб, ётадиган жойни назорат қилиш фазилатли ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.): “Бирортангиз ухламоқчи бўлса, тўшагини қоқсин, ухлагандан сўнг нима содир бўлишини билмайди” дедилар. 

Ухлашдан олдин коса-товоқ, пиёла каби идишларни ювиб, саранжомлаб ётиш лозим. Уйқуга ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпиб қўйиш ҳам манфаатли ишлардандир. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Турар жойларингизда кечқурун уйқуга ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни унутманглар! ” дейдилар. Ухлаш учун ётадиган жойнинг атрофини тоза-озода бўлишига аҳамият бериш керак. Ҳар хил чиқинди, ахлат-жойларда ухлаш яхшиликни олиб келмайди. Чунки ахлат-чиқиндилар тўкилган ифос жойлар шайтон ва жинларнинг макони ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар“Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. Фаришталар тарк қилган уй-жойларда жинлар истиқомат қилади”.  

           Инсон ухлашдан олдин кайфияти ёмон бўлса, уйқуга ётмай ўзини бошқа нарсаларга чалғитиб, тоза ҳавода айланиб, кайфиятини яхшилашга ҳаракат қилади. Инсон учун   уйқуга яхши кайфият билан ётиш муҳимдир. 

             Инсонлар баъзан ухлаганда бошларини шимол тарафга, оёғларини жануб томонга  узатиб ётишади. Инсон ётганда бошига баланд ёстиқ қўйиб, танасида қон айланишни ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўнг томон билан ётиб қўлларини бошларининг остига қўйиб ётар эдилар. 

             Инсон уйқуга ётишда олдин ўнг томонга ёнбошлаб ётиши яхши ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Киши ухлашда ўнг томонга ёнбошлаб ётсин” дедилар. Чап томонга ёнбошлаб ётса ҳам бўлади, аммо чап томонга кўп вақт ёнбошлаб ётиш юракка зарар бўлишининг эҳтимоли бор. Инсон қорнини ерга қилиб ётиши яхши эмас. Пайғамбар (с.а.в.) қорни билан  ётган кишини оёқлари билан туртиб: “ Бундай ётма, бу ётишни Аллоҳ таоло ёмон кўради” дедилар. Тиббиёт соҳасида кўп йиллардан бери хизмат қилиб келаётган Иброҳим Муҳаммадиев: “ Ҳозирги замон тиббиётида олиб борилган тадқиқотлар натижасида қорин билан ётишнинг зарари ҳақида қуйидагилар маълум:

  1. Одам қорни билан ётганда нафас олиш қийинлашади. Чунки бундай ҳолатда табиий равишда кўкрак қафаси эзилади. Ўпка сиқилади. Натижада ўпкани тўлдириб нафас олишнинг иложи бўлмайди;
  2.  Қорин билан ётиш атеросклероз билан касалланган одамлар айниқса, кекса ёшдаги кишилар учун хатарлидир. Нафас йўли фаолиятининг бузилиши натижасида қонда углерод оксиди миқдори кўпайиб кетади. Бу эса нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин;
  3. Инсон пастга қараб ётганида бўйни бир тарафга бурилиб, умуртқа артерияси-томирлардан бири қисилади. Қон томирлари дан яна бирининг фаолияти сустлашса, яъни унда атеросклеротик тугун ( қуйқа) туфайли қисилиш ҳолати содр бўлса, қон йўли буткул тўсилади. Фақат уйқу артериясигина мияни маълум дарада қон билан таъминлайди. Бироқ инсон жисмининг тўлақонли фаолияти учун кифоя қилади; 
  4. Инсон бағрини ерга бериб ётганда ички аъзолари эзилиши, бу эса турли асоратларга олиб келиши ҳам аниқланди;
  5. Қорин билан ухлаш инсультга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Дарвоқе, аксарият кишиларда инсульт уйқу пайтида, тонги соат 4-5 лар атрофида  юз беради. 
  1. Қорин билан ётиш умуртқа поғонаси, қадди-қомат билан боғлиқ касалликларни зўрайтиради, демак бундай хасаталикларга чалинганлар эҳтиёт бўлишлари лозим.
  1. Доим пастга қараб,юзини бир тарафга бурганча ётадиганлар чеҳрасини маълум вақтдан сўнг чуқур ажинлар қоплаши аниқланган. Айниқса, оғиз атрофига ажин тушади.
  2. Ҳозирги замон тиббиёти она қорнида ётган ҳомиланинг ҳолати, яъни ёнбош билан, оёқларини озроқ букканча ухлаш ҳолати энг афзал ухлаш ҳолати эканлигини эътироф этади. 

                  Баъзан шундай ҳолат бўладики, унда қорин билан ётишн талаб қилинади.    Ана шундай ҳолатда қорин билан ётса бўлади, аммо қорин билан ётишни доимий одат қилиб олишдан сақланиш лозим” дейди.                                                                            

Инсон хоҳлаган пайтида ётиб ухлаш имкониятига эга. Уни ҳеч ким бу имкониятдан маҳрум қилмайди. Аммо шундай бўлсада, инсоннинг ухлаш вақтлари  икки хил бўлади. Бири уйқунинг фазилатли вақтлари бўлса, иккинчиси эса уйқунинг кароҳатли вақтларидир. Уйқунинг фазилатли вақтларига кечаси, чошгоҳ ва туш пайтидаги уйқу вақтлари киради. Бундан чошгоҳ ва туш пайтидаги уйқу мустаҳаб (ухласа яхши, ухламаса ёмон эмас) деб ҳисобланади. Инсон уйқусининг кароҳатли вақтларига  куннинг охири ва туннинг аввалги қисмлари киради. Куннинг охири деганда кун ботиш, туннинг аввали деганда эса қоронғулик туша бошлаган пайт эътиборга олинади. Бу вақтларда ухлаш макруҳ (кароҳатли)дир. Шарқ халқларида бу кароҳатли вақтлар қуёшнинг завол топаётган ва қора туннинг янги бошланган пайти бўлиб, шайтон ва жинлар тарқаладиган вақтлардир.  Бу ҳақда ҳадисда: “ Қуёш ботса, болаларингизни йиғиб олинглар, чунки бу вақтда шайтонлар тарқалади. Кечадан бир соат ўтса, эшикларингни ёпинглар чунки шайтонлар ёпилган жойга кирмайдилар” дейилади. ( Бухорий ривояти). 

Луқмони Ҳаким ўз ўғлиларига насиҳат қилиб: “ Эй ўғлим, кун ботиш пайтида  ухлама! Бу вақтда фақат ахмоқ, маст ёки касал киши ухлайди” деган экан. Шу сабабли баъзан кексаларимиз бизни ҳар хил ёмонликлардан асраш маъносида кун ботиш пайтида ухлашдан қайтаришади.                                                                                                         

                   Яхши ухлаб, яхши дам олиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Инсон ухлаш одобларига амал қилиб, яхши ухлаб дам олиш билан соғлиқ ва хотиржамликка эришади. Соғлом ва хотиржам инсонлар эса жамиятга файз-барака бахшлайдиган кишилардир. Барчамизни ухлаш одобларига амал қиладиган инсонлардан бўлишимизга муваффақ қилсин.

Р.  Акбаров, 

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими