1445 йил 07 Зулқаъда | 2024 йил 14 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:53
Sunrise
05:25
Dhuhr
12:33
Asr
17:34
Maghrib
19:42
Isha
21:14


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОЛИМНИНГ ЎЛИМИ – ОЛАМНИНГ ЎЛИМИ

16-06-2021, 18:08 597 Ўқиш режими + -
Бугун ўта оғир жудолик бўлди. Ўзбек халқининг ноёб гавҳарларидан бири, фақиҳ, воиз, зоҳид, ҳофизи Қуръон, тақводор олим ҳамда балоғат, мантиқ, ақида илмлари мутахассиси Ёрқинжон домла Ҳўқандий домламиздан айрилиб қолдик.
Бу жуда катта йўқотишдир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Олим вафот этса, қиёматгача ўрни тўлмайдиган бўшлиқ пайдо бўлади», деб бежизга айтмаганлар. Ёрқинжон домламиз ана шундай катта бўшлиқ қолдириб кетдилар.  
Илм ўқиган кўп, уни таратадиган ҳам кўп, аммо нуктадон олимлик, зарофату заковат, ҳикмату ихлос ҳар доим ҳам топилмайди. Бир инсоннинг Ёрқинжон домладек бўлиши учун қанча куч‑қувват, вақту меҳнат, яна қанча омиллардан ташқари алоҳида илоҳий иноят, тафвиқ бўлиши керак. 
Ёрқинжон домла юртдаги аҳли илмлар қўлида таҳсил олгач, Девбанд уламоларидан шаръий илмларни ўргандилар. Кейин юртга келиб, гавҳардек ярқираб, илм зиёсини тарата бошладилар. Аммо ўша пайтдаги вазиятдан келиб чиқиб, бироз халқдан панароқда юришларига тўғри келди. Кейин Мисрга бориб, у ерда ҳам илм олдилар, узлатда кўплаб китоблар мутолаа қилдилар. 
Мирсда баъзи шайхлар ҳузурига бирга зиёратда бўлдик. У кишининг аҳли илмларга ихлосу эҳтироми ҳам ўзгача эди, жуда нозик масалаларда саволлар билан кўпчилик учун илмий мазвулар очиқланишига сабаб бўлардилар. Мен: «Бу ерда нима янгилик бўлди сизга?» десам, «Ақида илми ўта чуқур ва зўр ўқитилар экан, Ҳиндистонда бу борада дарслар бунчалик эмас», деган эдилар. 

Ёрқинжон домла тошқин дарё, бўлганда ҳам, илму ҳикматга тўла дарё эдилар. Суҳбатлашиб тўймасдингиз. Ўта беғубор, бетакаллуф, улфатнишин, сертабассум, ҳазилкаш, зарофатли инсон эдилар. Қайси мавзудан гап бошласангиз, у кишидан ўша ҳақида теша тегамаган маълумот олардингиз. Ҳамиша ёнларида бир халта китоб олиб юрардилар. Бўш қолишлари билан мутолаага берилардилар. Аҳли илм шерикларга илинган маълумотларини муҳокамага ташлаб, илмий баҳсни қизитардилар. «Билмадим», дейишдан ҳеч ийманмас эдилар. Бирор фикрга қарши гап айтмоқчи бўлсалар ҳам, суҳбатдошга малол келтирмасдан сўзлардилар.
Адабиётда ҳам жуда пешқадам эдилар. Форсий, туркий шеъриятдан жуда кўп байтларни ёд билардилар. У киши ҳозир бўлган мажлисда сўз бир фиқҳдан, бир ақидадан бўлар, ҳали фузулийхонлик, ҳали навоийхонликда суҳбатлашардик. Тарих, хусусан, яқин тарихимиз ҳақида кўп маъулмотга эга эдилар. Хотираси ўта кучли, заковати ўта тез киши эдилар. Фикрларини жуда ҳам равон етказар, сўзларини осон уқтирардилар. Хуллас, суҳбати тарёк, ўзи жонга малҳам  инсон эдилар. Шоир Абдулла Орипов ҳам у кишига ихлос қилиб қолган, у киши ҳам забардаст шоир билан адабиётда басма‑бас суҳбатлаша оларди. 
У кишининг суҳбатдошлари, жумладан, шу сатрлар муаллифи ҳам энди у зотнинг суҳбатларини бир умр соғиниб ўтишмиз тайин. 
Сўнгги пайтларда эркинлик шабодалари эсиб, муҳтарам домламизнинг масжидда хизмат бошлаганларидан жуда ҳам шодланган эдик. Тўғриси, биз бу илм хазинасининг қадрига ета олмадик. У кишидан илм олиб, мадрасаларимизга жалб қилиб, кўп хайрли ишлар қилишимиз керак эди. Халқнинг умиди ҳали жуда катта эди. Масжидда олиб борган илмий суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, жуда кўпчилик йўлини топиб, баҳраманд бўлаётганди. Аммо Аллоҳнинг иродаси экан, оғзимиз энди болга тегди деганда, у кишидан маҳрум бўлиб қолдик. Энди қолган аҳли илмларимиз, уламоларимизнинг қадрига етишимизни Ўзи муяссар этсин. 
Домла уйимизга кўп ташриф буюрганлар. Баъзан ётиб қолардилар. Саҳархез ва кам уйқи эди. Беҳуда гаплардан тамоман йироқ, ибодатга ва мутолаага полвон эдилар. Гуноҳдан ҳамиша ҳазир бўлар, ғийбату шикоятлардан ҳам узоқ эдилар. Ўзларини намоён этишни истамас, риёу ужбга бегона, биров ҳақида ёмон фикр айтишдан сақаланардилар. У киши замонамизнинг валийларидан эди. У киши ҳақларида гапирсак, сўзимиз поён билмай қолади. Роббим Ўзи раҳматига олсин.
Бир неча ой олдин бизнинг уйда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг «Васият» китобларини шарҳи билан ўқиб, тугатгандик. Ўшанда расмга олиниб қолган экан. Бугун ўша ширин дамларни қўмсаб, бирдан хотирга келган айрим гапларни сиз билан улашгим келди.
Мақсад ‒ бироз дардлашиш ва муҳтарам домламиз ҳақларига кўпчилик бўлиб чин дилдан дуо қилишдир. 
Аллоҳим! Ёрқинжон домламизни Ўзинг раҳматингга ол, камчиликларини мағфират айла, яхши амалларини, динингга қилган хизматларини ўзларига ҳамроҳ қилиб, ҳузурингдан ҳасанотлар ила мукофотла. У киши бир умр илм йўлида яшаб ўтди, пайғамбарнинг ворислариддан эди, у кишини охиратда ҳам набийлар, аҳли илмлар билан бирга қил! Қолган аҳлларга сабру салвон бер, барчаларимизга чидам ато қил ва йўқотганимз ўрнига хайри халаф бер.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар».
Бу ҳадиси шариф олимлардан айрилиш жамиятга масъулият юклашини ҳам уқтиради. Ёрқинжон домла каби олимларимиз ичимиздан кетар экан, қолган аҳли илмлар зиммасига у киши қиладиган хизматлар ҳам тушади ва у кишидек олимлар етиштириш ҳаракатини ҳам тақозо этади.
Ё Аллоҳ! Ўзингга шукрки, бу дунёда солиҳларга ёндаштирдинг, энди охиратда улардан айирмагин! Гарчи солиҳ бўлмасам ҳам, солиҳлар муҳаббатини бердинг, Расулинг ҳадислари ҳурмати, икки дунёда улар билан бирга айла! 
Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз.
 
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
 
P.S. Ёрқинжон домланинг жанозалари бугун шом намозидан кейин Қўқондаги "Мадраси Мир"да ўқилади. 


Азон.уз