1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА ВАТАН ТУШУНЧАСИ...!

8-05-2024, 16:38 491 Ўқиш режими + -
(Аллоҳнинг Каломида..., Расулимиз ﷺ сўзларида..., соҳобайи киромлар-у, дин йўлида хизмат қилган уламолар наздида...)
Маълумки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни халқ қилиб, у Зотнинг зурриёдларини ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган зурриёдлар ерда турли миллат ва элатлар ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда: 
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...”, - дейилган (Ҳужурот сураси, 13-оят). 
Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.
“Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди...” (Тавба сураси, 25-оят). Каломи шарифда инсоннинг турар манзили – ватанини: ҳовли, қишлоқ, шаҳар, диёр ва ер кўринишида зикр қилган. Инсон дунёга келаркан мана шу жойларнинг бирида бешак қўним топиб, уларни Ватан тутиб ҳаёт кечиради.
“Агар Биз уларга ўзларингизни ўлдиринг ёки ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда...” (Нисо сураси, 66-оят). Имом Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ат-тафсир ал-кабир” китоби оят тафсирида: “Аллоҳ таоло Ватандан айрилишни ўзини ўлдиришига тенглаштирмоқда”, дейди. 
Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ “Тафсирул мунир” китобида: “Аллоҳ таолонинг “...ўзингизнинг диёрларингиздан чиқаринг...” сўзида Ватанни севиш, инсоннинг унга қаттиқ боғланиши, (ундан чиқариш) жонни ўлдиришга тенг, тарк этиш қийин иш эканлигига ишора бор”, дейди.
Пайғамбаримиз ﷺ Ватанни ҳимояси ҳақида шундай деганлар: “Икки кўзни (кўз эгаларини) дўзах ўти куйдирмайди. Бири Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни, иккинчиси Ватан ҳимоясида ухламай бедор бўлган кўзни”. 
 
“Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати ила обод қилур”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу.
“Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу.
“Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам, қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”. Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ
“Ким мусофирлик сувини ичмаса, бошини машаққат қанотига қўймаса, Ватан тупроғининг ҳаққини билмабди” Муҳаммад ибн Довуд.
Доно халқимиз буни “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас”, дейди.
 
“О Ватан, сен ҳар кимни қул қил, қаро қил, лекин эшикларда сиғинди қилма. Майли, шохман деганни тахтингга кўтарма, лекин муҳожирликни, мусофирликни, ундаги пуртанали ўрмонларда чўккан кўнгилларни кўтар... Кўнгил! Сенда яшовчан бўл, умрзоқ бўл... Агар сени топтасалар, вайрон айласалар чидагил кўнгил, чунки сенинг пойингда беминнат тупроқ – Ватан бор...”. Туркистоний.  
 
“Ватан зарур ва лозим бўлган бешикдир. Ҳа, ватан мутлақо керакли нарсадир. Инсоннинг ундан ажралиши ва беҳожат бўлиши мутлақо мумкин эмас”. Имом Бутий.
Яна бир ҳақиқат, ватан ва миллат бирлигини соғлом диний жилов саранжом қилганидек бошқа бирор нарса саранжом қилолмайди. Имом Бутий.
“Ватан...Ватан! Ватан – Одам алайҳиссалом биринчи қадам қўйган тупроқ, зурриётлари то қиёматга қадар истиқомат қилувчи мўътабар замин.
Ватан – нафақат инсон, балки бутун мавжудот – тирик жон учун ўзига хос қўним топадиган маскан. Ватан – дин, миллат, элат, бойлик, насаб, ёш, ранг, жой танланмайдиган, чегараси кўринмас ажиб бир туйғу. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра, сержило гўша. Ватани бор инсон эса, бахтли инсондир”. Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров.
“Ватан севгиси бўлмаганда эди, шаҳарлар хароб бўлган бўларди”. Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.
Мазлум, мусофир ва рўзадорнинг дуоси ижобат бўлишининг сири, уларнинг ҳар бирининг қалбидаги синиқлик, ҳокисорлик (сабабли)дир.[1]
Бир донишманд айтган экан: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғурмаклари даркордир...”
“Агар туғилган жой тўла маънода Ватан бўлганида эди, биз томонларда туғилиб ўсган немислар, юнонлар, яҳудийлар, Қрим татарлари ва яна бошқа миллатларнинг вакиллари ота-боболари юртига кўчишмас эди. Хорижда туғилган ўзбеклар эса “Ватан!” дея Ўзбекистонга интилмас эдилар. Демак, Ватан энг аввало ота-боболарнинг покиза хоклари ила шарафланган жойдир”. Тоҳир Малик.
Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлоду аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади...
Ватан – бу инсон ва унинг авлод-аждодлари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳдир. Ватан – бу аждодлар маскани, эл-юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари чинакамига шаклланиб, ўсиб, камол топиб борадиган заминдир.
 
 
 
Манбаалар асосида Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади.
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
 
 
 
[1] “Мадорижус соликийн” асаридан.