1445 йил 27 Шаввол | 2024 йил 05 май, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:06
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:34
Asr
17:30
Maghrib
19:33
Isha
21:01


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ ШАРАФЛИ МАСЪУЛИЯТ

22-12-2022, 10:54 76 Ўқиш режими + -
Албатта, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат ҳисобланади. Фарзанд инсон қалбидаги энг олий мақсадлардан бири бўлиб, ота-онанинг насл-насаблари шулар орқали давом этади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: яъни: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...” – деб таъкидлаган.
Ҳар бир ота-она ўз фарзандини яхши, баркамол инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Улғайиб жамиятда ўзининг муносиб ўринни эгаллагач, ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишлигини, албатта, фарзанд ўстирган ҳар бир ота-она ният қилади. Ана шу орзу кўрсатма ва иршодларга амал қилиш бахт-саодат гаровидир.
Ҳамма ўзини билиб, фақат ўзининг жонини қутқариш ғамини еб, аҳлия ва фарзандларимизни эса фақат моддий жиҳатдан таъминлаш билан кифояланиб қолмасдан, уларнинг ҳам бу дунёда ва ҳам охиратда аҳли солиҳ бўлишлари учун қайғуришимиз лозим бўлади. Муқаддас динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига эътибор бериш энг муҳим масалалардан бири бўлиб саналади.
Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар: яъни: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.
Бошқа бир ҳадисда эса: яъни: “Бирорта ота ўз фарзандига хулқ одобидан афзалроқ мерос беролмайди” – деб марҳамат қилган эканлар.
Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилиб айтадилар: яъни: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир”.
Бошқа бир ҳадисда: яъни: “Болаларингиз ва аҳлу аёлларингизга яхшилик қилишни ўргатингиз ва уларни хушхулқ билан тарбиялангиз”.
Буюк аллома ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола ўқийдиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
  Ёшларимизнинг улғайиб, комил инсон бўлишлари учун давлатимиз барча зарур моддий ва маънавий шароитларни, спорт иншоотларини, дам олиш ва истироҳат масканларини барпо қилиб, ёшлар ихтиёрига бериб қўйди.
 Шубҳасиз, ота-она, оила, маҳалла, мактаблар болалар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Уларни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим-тарбия асосларида вояга етказиш давлат миқёсидаги долзарб масала экани ҳар биримизга яхши маълумдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилиб айтадилар: яъни: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз”.
Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб ўрганиб маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади, иншоаллоҳу таоло.
Демак, ота-оналар ва устозлар ёш фарзандларга одоб-аҳлоқ, илм ва касб ҳунарларни мукаммал ўргатиб қизиқтиришлари лозим, чунки уларда шу вақтда ақлий ва жисмоний давр бўлади. Айниқса, фарзандлар учун илм олиш жуда муҳим бўлади. Ҳазрати Одам (а.с.) дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.
Одатда оналар ўз болаларининг хато ва камчиликларини отасидан яширишга ҳаракат қиладилар. Айтсам уришади, боламга қаттиқ тегади деб, йўл қўйган хатолари, қўл урган майда-чуйда жиноятларини отасига ўз вақтида айтмайдилар. Натижада бола ўз вақтида танбеҳ олмагандан кейин, бориб-бориб, каттароқ жиноятларни ҳам қўрқмасдан қилаверишга ўтиб қолиши мумкин. Шунинг учун фарзанднинг баркамол инсон бўлиб етишишида онанинг хизмати жуда зарур ва муҳимдир.
Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида Жаноб Расулуллоҳ (сав)дан бир ҳадиси шариф ворид бўлган: яъни: “Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”.
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўз ўрнини, албатта топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам инсон учун сув ва ҳаводек зарур.
Отанинг фарзандлари улғайган сари болаларга ва уларнинг тақдирига ҳушёрроқ қараши кучайиб бориши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, биз ота-оналарнинг зиммамиздаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганда фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва фарзандларимизни илм олишга ва касб-ҳунар эгаллашларига ҳамдард ва ҳамфикр бўлишимиз даркорлигини унутмаслигимиз ҳамда уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқ бўлмай дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.
Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби                                       
Muslim.uz материаллари асосида