1445 йил 26 Шаввол | 2024 йил 04 май, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:08
Sunrise
05:35
Dhuhr
12:34
Asr
17:29
Maghrib
19:32
Isha
21:00


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фолбинга ишонманг

2-02-2023, 11:31 176 Ўқиш режими + -
Мўмин-мусулмон фолбинга бормайди, унга ишонмайди. Баъзи кишилар фолбинларга ишонади ва уларнинг кўп сўзлари тўғри чиқадику, деб эътироз билдирадилар.   Ҳадисда: “ Одамлар пайғамбар (с.а.в.) ҳузурига келиб коҳин ва фолбинлар ҳақида сўрашганда у зот:  уларнинг сўзи ҳеч нарса эмас, дедилар. Одамлар: “ Эй Аллоҳнинг расули, гоҳида ўша фолбинларнинг айтган сўзлари тўғри чиқиб қолади-ку, дедилар. У зот: “ Аслида бу сўзлар ҳақ бўлиб, уни жинлар фаришталардан илиб олишади ва ўз дўстлари бўлмиш фолбинлар қулоғига етказиб беради. Фолбинлар эса ўша нарсаларга юзта ёлғонни қўшиб одамларга етказадилар” дедилар. 
Бу ҳақда “ Қуръони карим”да жинлар тилидан : “ Биз (илгари) ундан (осмондаги баъзи)   жойларга ( фаришталар сўзини) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир кимки ( қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир бир ( учар) юлдуз зарбасини топар” дейилади.  
Бир куни бир киши пайғамбар ( с.а.в.) ҳузирларига келиб, қўлига бир нарсани беркитиб бу нима деб сўради. Шунда пайғамбар (с.а.в.) очиқдан очиқ фолбин эмасликларини айтиб, “ фолчи-ромчилар дўзахийдир” дедилар.    
Қадим замонларда одамлар бўлса-бўлмаса фол очтираверар эдилар. Уларнинг фол очишлари гўёки   баъзан айрим одамларнинг “ Фолга ҳам ишонма, фолсиз ҳам турма” деган асоссиз гапга амал қилиб фол очтиришларига ўхшайди.  Жоҳилият даврида одамлар учта қоғозга “ қилгин”, “ қилмагин” ва “ ўзинг биласан” деган ёзув ёзишар эди. Бу уч қоғозни бир-бирига аралаштириб, улар орасидан бир қоғозни олишар эди. Агар “ қилгин” деган ёзув чиқса шунга амал қишар эди. Агар “ қилма” деган ёзув чиқса, бирор ишни қилмас эдилар. Уларнинг бу ишлари айрим чала савод коҳинларнинг китобни ип билан ўртасидан боғлаб айлантиришларига ўхшайди. Агар китоб  ўнг томонга тўхтаса “ бўлади” дейишади, агар чап томонга тўхтаса “ бўлмайди” дейишади. Бу ишлари билан халқни алдамоқчи бўладилар, аслида бу чаласавод кохинлар ўзларини алдайдилар. Бу ишлари билан ўзларининг қанчалик илмсиз эканликлари исботлайдилар, холос.  
   Агар инсон фолбин ёки коҳинлар эшигига бориб, улардан бирор нарса ҳақида сўраса,  қирқ кунлик ибодати куяди. Бу ҳақда ҳадисда: “ Ким фолбин ҳузурига бориб бирор нарса ҳақида сўраса кейин фолбин берган жавобга ишонса, ўша кишининг қирқ кунлик ибодати қабул бўлмайди” деганлар. Фол очиш ҳам, фол очтириш ҳам гуноҳдир. Бу ҳақда ҳадисда:  “ Кимки башоратчи ёки фолчига борса ва гапларига ишонса, пайғамбарга туширилган нарса ( Қуръон)ни инкор қилибди” дейилади. 
Фолбинлик кўзбўямачи, кашмири, сеҳргарларга тенглаштирилади. Халққа кўзбўямачи, кашмири, сеҳргар қанчалик зарар келтирса, фолбин ҳам шунчалик зарар келтиради. Бу ҳақда  Ҳазрати Али (р.а. ): “ Фолчи кўзбўямачилик (сеҳр)дир, кўзбўямачилик ( сеҳр) эса куфрдир” деганлар   
Айрим кишилар ҳар хил кишиларнинг эшигига бориб, ўзича китоб очтиради ёки фолчи, коҳинларнинг ёлғон гапларига амал қиладилар. Бир-бировдан шумланишлик, одамлар орасига қудғу-адоват солиш оғир гуноҳ ишлардандир. Инсон бошига тушаётган ҳар бир ишни худодан деб билиб, буларнинг бари имтиҳон эканлиги, яхши кунлар эртага келишига ишониб яшаши лозим. Бесабрлик қилиб фолчи ва коҳинларни излаб юриш нодонликдан бошқа нарса эмас. 
Ҳозирги кунларда ҳам ғайб илмини биламан дейдиган фолчи-ромчиларнинг сўзларига ишонадиган кимсаларнинг борлиги ажабланарлидир.  Фолчиларнинг берган тахминий маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти. Ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Бир-бирларидан бадгумон бўлиш каби нохуш ҳолатлар ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти. Бинобарин,  илмий асослар билан исботланмаган гапларга ишонишдан  ва фолчига боришдан сақланишимиз даркор. 
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими