1445 йил 25 Шаввол | 2024 йил 03 май, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:10
Sunrise
05:37
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:31
Isha
20:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдир

2-02-2023, 15:16 117 Ўқиш режими + -
Кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ўсиб келаётган авлодга таълим-тарбия беришга, уларнинг камолотига бағишлаган, бир сўз билан айтганда, келажак пойдеворини яратаётган шарафли касб эгаларининг меҳнати ҳар доим эъзоздадир. Хўш, анашундай юксак касб эгалари муаллимлар, ўқитувчилар, мударрислар ва таълим-тарбия билан машғул бўлган инсонлар ҳақида ислом дини таълимотларида қандай муносабат билдирилган? Ушбу савол бўйича динимизнинг асл манбаларига мурожаат қилсак қуйидагича жавоб олишимиз мумкин. Динимиз таълимотлари илм эгаларини қадрлайди, ҳурматини ўрнига қўяди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм эгаларини мақтаб, уларни юксак даражаларга кўтариши ҳақида ваъда берган. Жумладан, Мужодала сурасида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни даражаларга кўтаради” (Мужодала сураси/11).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам илм эгаларининг қадри ва шарафи ҳақида жуда кўп ҳадислар бор. Жумладан бир ҳадисларида жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳолиси, ҳатто уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират тилаб дуо қилишади”. (Имом Термизий).
Одамларга ҳалол-ҳаром, оқу-қорани ўргатадиган олимларнинг шарафи шу даражада. Аллоҳ жамики жонзотларга илм эгаларини ҳурмат қилишни, уларнинг ҳаққига дуо қилишни, қадрига етишни тайинлаган ва таълим берган. Аллоҳга иймон келтирган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳар бир мусулмон илм эгаларини қадрлаши, кўнглини олиши, уларнинг ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиши керак. Бу ишни Ер, осмон ва ҳатто денгиздаги жамики жониворлар Аллоҳнинг амри билан зиммаларидаги бурчлари ўлароқ адо этишади.
Расулуллоҳ (с.а.в) яна бошқа ҳадисларида шундай деганлар: «Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир»Уламолар оддий кишилар эмас, Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек: “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдир”.
Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар: «Олимнинг обиддан устунлиги ҳудди ойнинг бошқа юлдузлардан фарқига ўхшайди». Олим — илмни яхши билувчи шахс. Обид — ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта бўлиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жаҳолат зулматида юрган одамларга ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.
Бу миллат азалдан илм аҳлини ҳурматини жойига қўйиб, қадрини  кўкларга кўтариб келган. Зеро, илм аҳлига бўлган ҳурмат бевосита илмга бўлган ҳурматдир. Илмни ва илм соҳибларини, устозларни ҳурматини жойиган қўйган юртда илм ривожланади ва биз аниқ ишонамизки, Яратганнинг марҳамати ила бу диёрдан дунё аҳлига устоз бўлган аждодларимиздақа инсонлар ҳали кўплаб чиқади.
Ў. Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси